Ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилинди​

Ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилинди​

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманининг бир қатор ҳудудларида электр энергияси таъминотида тез-тез узилишлар бўлмоқда.

Табиий газ босими ҳам талаб даражасида эмас, баъзи қишлоқларга суюлтирилган газ етказиб беришда белгиланган меъёр қўпол равишда бузилмоқда. Таълим муассасаларига етказиб берилган кўмир брикети сифатсизлиги борасида аниқ фактлар бор.

Бу ҳақда халқ депутатлари Мирзаобод тумани Кенгаши сессиясида маълум қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, туман сектор раҳбарлари, фаоллар иштирок этган сессияда Республика ишчи гуруҳи томонидан туманнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар бўйича олиб борилган ўрганишлар натижаси муҳокама қилинди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши, фуқароларга муносиб меҳнат шароити яратиш борасидаги ишлар ҳолати сессия кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бўлди. Туманда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 74,4 фоизи иш билан таъминлангани ҳудудда бандлик масаласи долзарб муаммолардан бири эканини англатади.

Ёшлар ўртасида ишсизлик 25 фоизга етган. Ўтказилган меҳнат ярмаркалари номига, хўжакўрсинга ташкил этилган. Туманда 194 нафар ёш жиноят йўлига кирган. Афсуски, ёшлар орасида ўғрилик ва босқинчилик жиноятини содир этганлар ҳам бор.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тижорат банкидан ўз бизнесини юритиши учун кредит олишида ҳам турли муаммолар мавжуд. Хусусан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши томонидан ажратилган кредитлар эгаларига ҳалигача берилмагани, бу йўналишда бор-йўғи 37 янги иш ўрни яратилгани қайд этилди.

Сессияда Ёшлар иттифоқи томонидан ёшларнинг ўз бизнесини бошлашга банкдан кредит олишдаги турли тўсиқ ва муаммолар важ қилиб кўрсатилган бўлса, ўз навбатида, банклар Ёшлар иттифоқи туман кенгаши томонидан тақдим этилаётган лойиҳалар талабга жавоб бермаслиги, бизнес лойиҳалар ўта саёз, ҳатто нотўғри тузилаётганини, туман бандликка кўмаклашиш бўлими ёш тадбиркорлар билан ишлашга етарлича эътибор қаратмаётганини таъкидлайди.

Баҳористон ва Нурафшон маҳаллаларида “Обод қишлоқ” дастури доирасида янги объектлар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда бошқа ишларга жами 17 миллиард 48 миллион сўм маблағ сарфланган. Туман ҳудудидаги 36 та умумтаълим мактабининг 3 таси, 44 та кўп қаватли уйнинг 14 таси капитал таъмирдан чиқарилган. Улар атрофини ободонлаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилган. Аҳолини суюлтирилган ва табиий газ, электр энергияси билан таъминлашда, ички йўллар қурилишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилгани алоҳида эътироф этилди.

Дастурга киритилмаган ҳудудларда бу борадаги вазият қандай, деган саволга ҳам жавоб берилди. Баҳористон, Йўлдошобод, Ҳақиқат маҳаллалари ичимлик суви билан, “Янги ҳаёт“ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳоли табиий газ билан таъминланмаган. Ичимлик суви муаммоси тумандаги 11 та мактабгача таълим муассасасида, 8 та қишлоқ врачлик пункти ва баъзи умумтаълим мактабларида ҳам мавжудлиги қайд этилди.

Қиш мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Мавсумга тайёргарлик жараёнида қатор ижтимоий- иқтисодий объектларда, аҳоли турар жойларида сезиларли ишлар қилинган. Аммо бу борада баъзи камчиликлар ҳам борлиги, жумладан, электр энергияси таъминотида тез-тез узилишлар бўлаётгани, баъзи ҳудудларда табиий газ босими пастлиги, айрим қишлоқларга суюлтирилган газ етказиб беришда меъёр қўпол равишда бузилаётгани, таълим муассасаларига берилган кўмир брикетининг ўта сифатсизлиги борасида аниқ фактлар келтирилди.

Шундан келиб чиқиб, тумандаги секторлар раҳбарлари сусткашликка йўл қўяётгани таъкидланди. Кўрилган масалаларни ҳал этиш, кўтарилган муаммоларга тўлиқ барҳам бериш бўйича “Йўл харитаси“ ишлаб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бундай сессиялар Гулистон шаҳри ва Гулистон туманида ҳам ўтказилди.

Абдужалол ҚАЮМОВ, ЎзА мухбири

Report Page