Муносабат: ИНСОНИЙЛИКНИ УНУТМАЙЛИК...

Муносабат: ИНСОНИЙЛИКНИ УНУТМАЙЛИК...

@Sirdaryo
Фото: Сирдарё вилояти ХТБ

    Жорий йилнинг 7 октябръ санасида Сирдарё вилояти халқ таълими тасарруфидаги барча умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларидан ижтимоий сўровномалар ва 9-синфлардан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан танлов асосида она тили фанидан диктант ва математика фанидан ёзма ишлар олинган.

 Ширин шаҳар 2-умумий ўрта таълим мактабининг 9-А синф ўқувчиларидан олинган тест синовларида Боймирзаева Севинчнинг Бобоси вафот этганлиги муносабати билан унинг отаси тест синовларидан олиб чиқиб кетай деса рухсат бермасдан, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ходими ҳолатга тўғри баҳо бермасдан Далолатнома тузган, Тест синовлари ўтказилаётган вақтда ўқувчилардан Абдураҳмонова Камола ва Гулмуродова Райхоналар тест саволлари юзасидан тушунмовчиликларни бир-биридан сўраганликлари учун ҳам Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ходими далолатнома асосида уларни тест синовларидан четлаштирган. 

Ушбу синф ўқувчилари она тили фанидан бўлган тест синовларида вилоят миқёсида барча умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида энг юқори балл 97,7 % балл олганлар. Бироқ математика фанидан юқоридаги каби яъни биринчи, ҳолатда инсон шаъни ва унинг вужудга келган ҳолатини тўғри тушунмасдан хулоса чиқариш, иккинчидан, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ходими ўқувчиларни эркин ҳаракат қилишга умуман йўл қўймаганлиги оқибатида паст кўрсаткич кўрсатганлар.

 Таълим сифати мониторинги ходимидан олинган маълумотларга таянадиган бўлсак, ижтимоий сўровнома ва тест олиш жараёнида Ширин шаҳар 2-умумий ўрта таълим мактабида ҳеч қандай кўзбўямачиликка йўл қўйилмаган.

Бироқ, юқоридаги каби ҳолатларга менимча Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ходими тўғри баҳо бера олмаган. Бир инсоннинг вафот этиши унинг оила аъзоларини қанчалик қайғуга солишини наҳотки, тушунмаса. Бу ҳолатда ўқувчига рухсат бериб, унинг ота-онасини аризаси асосида далолатнома тузмаслик мумкин ҳамда синфдаги бор ўқувчилардан тест синовларини ўтказиши мақсадга мувофиқ эди.

Иккинчи вазиятда эса Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ходими тест синовлари жараёнида ўқувчиларга нисбатан жуда ҳам қаттиққўллик қилган. Ўқувчиларга умуман йўналиш бермаган, тест топшириқларидаги тушунмовчиликларни тушутирмаган, натижада ўқувчилар тушунмовчилик туғдирган тест саволларини бир-бирларидан сўрашга мажбур бўлган ҳолатда юқоридаги 2 та ўқувчиларга нисбатан далолатнома расмийлаштирилган. Ушбу ҳолатлар албатта мактабимизнинг умумий рейтингига ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.

Халқимиз орасида “Болаларни қўрқитиб тарбиялаб бўлмайди” – деган ажойиб нақл бор. Биз ушбу мулоҳаза орқали ҳар бир инсон аввало, қандай вазият бўлишидан қатъий назар инсонийлигини унутмаган ҳолда, вазиятга холис ва тўғри баҳо бера олиш салоҳиятига эга бўлиши лозим деб ўйлаймиз. Таълим ва тарбия узлуксиз доимий жараён бўлиб, бу борада шошма-шошарликка, болаларга нисбатан қаттиққўллик қилиниши уларнинг бор билимларини ҳам намоён этишларига салбий таъсир кўрсатади, уларни бемалол эркин фикрлашларига йўл қўймайди, натижада эса юқоридаги каби салбий кўрсаткичларга олиб келади.

Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати

Report Page