Иқтисодиёт барқарорлиги ва изчил ривожланиш учун муҳим заминдир

Иқтисодиёт барқарорлиги ва изчил ривожланиш учун муҳим заминдир

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Гулистон шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси муносабати билан анжуманни видео селектор тарзида намойишида ҳокимлик, прокуратура, ҳуқуқ-тартибот идоралари, корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари, вилоят фаоллари ва кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари катта эътибор ва зўр қизиқиш билан томоша қилди.

Анжуманда, Давлатимиз раҳбари томонидан якунига етиб ораётган 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жараёнларда амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, тобора яқинлашиб келаётган 2019 йилда қилиниши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Ана шу видео-селктор орқали Юртбошимизнинг мурожаатномасини тинглаб томоша қилган юртдошларимизнинг баъзиларининг муносабатлари билан қизиқдик.

Жўрабек Ғойибов, Сирдарё вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи:

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасини катта ҳаяжон билан тинглаб томоша қилдим. Давлатимиз раҳбари кириб келаётган янги — 2019 йилни Ўзбекистонда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилишни таклиф этди.

Бу эса мамлакатамизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида келгусида яна ҳам юксак марраларни кўзлаб иш олиб боришимизга замин яратиб беради, десам янглишмаган бўламан.

Солиқ ислоҳотлари концепциясида бизнес учун жуда катта имкониятлар, халқаро даражадаги қулай шароитлар назарда тутилганлиги жумладан солиқ турлари 2019 йилдан 19 тадан 15 тагача қисқармоқда. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача, дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилди.

Шунингдек, юртбошимиз мурожаат давомида “Ҳеч қайси давлат инвестицияни ривожлантирмасдан, ҳеч қандай натижага эришмайди. Энг мураккаб йўл, бу инвестиция жозибардорлигини сармоядорларга етказиш бўйича катта ишларни қилишимиз керак. Муҳитни яратмас эканмиз, олдимизга қўйган юксак марраларга эришолмаймиз. Жуда катта марра оляпмиз. Қарор, қонун, фармон, керак бўлса кадрлар дунёқарашини ўзгартиришимиз керак. Жойлардаги тўсиқларни олиб ташласак, инвестиция муҳити таъминланади”, дея қатъиян таъкидладилар.

Дарҳақиқат, инвестицияларни жалб қилиш учун юртимизда бугунги кунда етарли иқтисодий асослар мавжуд. Жумладан 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, товар айланмаси 1 миллиард сўмдан 3 миллиард сўмгача бўлган корхоналар қўшилган қиймат солиғини соддалаштирилган тартибда, яъни корхоналар сотиб олинган товарлар бўйича алоҳида ҳисоб-фактура юритмайди ва солиқни товар айланмасидан келиб чиқиб, соҳалар кесимида табақалашган ҳолда тўлайди.

Шунингдек, тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи кичик бизнесга ҳам жорий этилиши натижасида нарх-наво ошиб кетишининг олди олиниши, тайёр маҳсулотни ишлаб чиқаришгача бўлган ҳар бир жараёнда нархни тўғри шакллантириш лозим.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, жамиятимизда хусусий мулк аҳамиятини тубдан ошириш, иқтисодиётда давлатнинг аралашувини камайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда бозорларимиз расталари ва дўконларимизда тўкин- сочинлик бўлиб кўзни қувонтиришини, нарх-наво меъёридан ошмагани, янги ишлаб чиқариш қувватлари, ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва модернизация қилиш ишларининг кўлами кенгайиб бораётганлиги, қишлоқ ва шаҳарларимиз қиёфаси ўзгариб, юртимиз тобора чирой очиб бораётганлиги албатта ҳаммамизга қувонч ва ғурур бағишлайди.

Айни пайтда вилоятимизда 12 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмокда. 2019 йилда ҳам саноат, хизмат кўрсатиш, сервис ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида янги-янги лойиҳалар амалга оширилиб, минглаб янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Бунинг натижасида ижтимоий ҳимоя йўналишида ҳам салмоқли ишларни амалга оширишимизга омил бўлади.

 Мамлакатимиз тараққиёти, албатта, давлат бюджет сиёсатининг нечоғли самарали амалга оширилиши билан боғлиқдир. Чунки солиқ юкини камайтириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, бюджет харажат ва даромадлар ўртасидаги мутаносибликни таъминлаш иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир. Давлат хазинасини бойитиш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида ундириб олиш ҳамда солиқ тўловчиларнинг давлат бюджета олдидаги масъулиятини янада оширишга эришиш бугунги кунда барча солиқ тизими ходимларининг бурчи эканлигини доимо ёдда тутишимиз лозим.

Ўзбекистои Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, шу жумладан, солиқлар ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш кўзда тутилган. Қулай рақобат муҳитини яратиш, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш, солиқ юкламасини камайтириш, республикамизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш концепциянинг асосий мақсадлари ҳисобланади.

Президентимиз Мурожаатномасидан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, ушбу ислоҳотлар нафақат фуқаролар, тадбиркорлар, кичик бизнес субъекатлари манфаатлари таъминланиши, балки мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарорлиги ва изчил ривожланишини тўла таъминлаши шубҳасиз.

Мақола ЎзА мухбири
А.ҚАЮМОВ томонидан тайёрланди

Report Page