ОҚ ВАРАҚ

ОҚ ВАРАҚ

@Sirdaryo
Фото: Google Images

- Оддий оқ варақ, унда ҳеч қандай ёзувлар йўқ. Шунчаки бўм-бўш қоғоз. Шу дамда кимнинг кўз олдига нима келди,- дея сўради устоз.

Ўқувчилардан ҳар хил жавоблар эшитилди. Бири поклик деди, бири беғубор болалик, яна бири жаннат нафаси... Шу пайт орқа партада ўтирган ўқувчи қиз турдида:

- Мен учун оқ қоғоз, бу менинг ҳаётим, ундаги хиралик менинг камчиликларим, йўлимдаги тўсиқларим. Яъни оқ қоғоз беғубор эмас, унда ҳам ғубор бор, - деб жавоб берди.

Ўқитувчи кулимсираб тушунтирди:

- Йўқ, биз ҳеч қандай ёзувсиз варақ ҳақида гапиряпмиз.

Қиз ҳам жавоб қайтарди:

- Мен ҳам ёзувсиз варақ ҳақида айтяпман.Сизлар балки билмассизлар, оқ қоғозни қуёш ёруғига тутсангиз ундаги хираликни кўрасиз, у оппоқ эмас. Шундан сўнг болалар дераза олдига югуриб боришди ва варақларини баланд кўтариб туришди. Бир зумда хонада ғала-ғовур бошланди. Қўнғироқ чалинди -ю синфхона бўшади.

... Қиз дераза олдига бориб ҳаёлга кўмилди. Ўз ҳаётини тасаввур қила туриб, ўйлади. Менинг ўз оппоқ варағим бор. Туғилганимдан унга хиралик тушди. Негаки мен учун Оллоҳ таоло умр йўли яратди. Йўл давомида турли хил машаққатлар, тўсиқлар, камчиликлар, ҳиёнатларга дуч келишим мумкин экан. Оқ қоғозимга хиралик чўкди. Бугун орқага назар ташасам саҳифамда аллақчон турфа хил ёзувлар пайдо бўлган экан. Бу менинг яшаётганимдам далолат, албатта. Баъзи жойларида хираликлар кўпайган, баъзи қаторларида кўринмайди ҳам. Шунда ўйлаб қолдим. Демак ҳаётимиздаги қоронғу кунларни ёруғларига алмаштира оламиз. Оқ қоғозга ёзилаётганларимиз, яъни ҳаёт тарзимиз қанчалик пок, қанчалик соф бўлса, ғуборлар билинмай кетади. Инсон умрини яхши амаллар билан безаса, қийинчиликлари сезилмайди. Тўсиқлардан осон ўта олади. Энг қизиғи ҳам шунда : ҳар кимнинг ўз оқ варағи бор...

Севинч АНВАРБЕКОВА,

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси, Сирдарё вилояти.

Report Page