Саховат ва меҳр нурин сочган саккиз юз минг сўм

Саховат ва меҳр нурин сочган саккиз юз минг сўм

@Sirdaryo
Фото: Google Images

Саккиз юз минг сўм. Шубҳасиз, шунча миқдордаги пул бир оиланинг Янги йил байрами дастурхонини тўлдиради. Ва айни пайтда у бундан уч-тўрт кун аввал пенсия ё нафақаси чиқса, тежаб-тергаб, қисиниб-қимтиниб бўлса-да, байрамга бозорлик қилишни мўлжаллаб турган ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд юртдошларимиз учун нафақат моддий ёрдам, балки рақамларга сиғмайдиган, ўлчанмайдиган улуғ неъмат-кўнгилларнинг туб-тубигача ёруғлик, қувонч улашувчи МЕҲР-МУРУВВАТ нурига айланди.

Ана шу саховат ёғдуси, яъни Президентимиз қарорига биноан берилаётган 800 000 сўмлик моддий ёрдам биргина Сирдарёда 12 мингга яқин оилага кириб борар экан. Фақат шугина эмас... 

Қарор ижроси бўйича кеча ўтказилган катта видеоконференц йиғилишида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг тавсиясига кўра аҳолининг қарорда белгиланган қатлами хонадонларига озиқ-овқат ва бошқа байрамлик совғалари ҳам топшириладиган бўлибди. 

Яна Президентимизнинг моддий ёрдам олаётган шахслар ва оилаларга йўлланадиган алоҳида байрам табрикларини ҳам етказиш кутилмоқда. 

Бу эса мазкур хонадонлар учун Янги йилга ЭНГ КАТТА совға бўлади, албатта.

Янги йил арафасида, байрам кунлари имконимиз бўлса, Сиз-у биз ҳам кўчамиз, маҳалламиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оила ва шахсларнинг уйларига бирров кириб чиқайлик. Бирон совға ёки ҳеч қурса, “Янги йилингиз муборак бўлсин!” деган табрик билан, азизлар!

Аҳмадали Шерназаров

Report Page