Солиқ хизмати қарздорлар қарзини мажбурий тарзда пластик карточкалардан ечиб олишни режалаштирмоқда

Солиқ хизмати қарздорлар қарзини мажбурий тарзда пластик карточкалардан ечиб олишни режалаштирмоқда

@Sirdaryo
Фото: Turon24

Ўзбекистоннинг тижорий банклари жисмоний шахслардан солиқларни мажбурий тарзда пластик карточкалардан ечиб олишни йўлга қўйишлари мумкин. Ушбу солиқлар сирасига даромад, ер ва мол-мулк солиқлари киради. Солиқ қўмитасининг ушбу таклифи СОВАЗ (Актларни қонунчиликка таъсирини баҳолаш тизими) порталида эълон қилинган.

Ҳужжатга мувофиқ, жисмоний шахслар белгиланган давр ичида солиқларни тўламасалар, тижорий банклар солиқ миқдорини жисмоний шахсларнинг пластик карточкаларидан ечиб олишади. Ҳисобланган пул миқдори энг кам иш ҳақининг 2 баробаридан ошмаслиги лозим.

Шунингдек, солиқ бўйича қарздорлик аниқланганда қарздор шахсга хизмат кўрсатувчи тижорат банклари пластик картадаги қарз миқдорини 10 кунга музлатиб қўяди. Жисмоний шахс музлатилган пулни шу кунлар мобайнида сарфлай олмайди. Мижоз СМС хабар орқали хабардор қилинади. Агар солиқ тўловчи қарзнинг барчасини ёки қисман тўласа, тижорат банки унинг пластик карточкасидаги маблағларни очади.

"Огоҳлантирувчи СМС хабар олган жисмоний шахс хизмат кўрсатилаётган тижорат банкидан бошқа пластик карточка оча олмайди. Яна битта пластик карточка очиш учун бошқа тижорат банкига мурожаат қилиши керак бўлади”, деб изоҳ берган солиқ хизмати.

Қарор лойиҳаси муҳокамалар порталида оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Кўпчиликнинг фикрича, қарор мулк даҳлсизлигига таъсир кўрсатади.

"…пластик карточкадаги маблағ – шахснинг мулки ҳисобланади, у дахлсиз бўлиб, маблағни фақатгина суд қарори билан мусодара қилиш мумкин”, деди Иброҳим Райимбоев.

Баъзиларнинг фикрича, қарор лойиҳаси мамлакатнинг нақд пулсиз ҳисоб-китобларга ўтишига қарама-қарши ҳисобланади.

"Ушбу ҳаракатлар пластик карточкага бўлган талабни пасайтиради ва пулни нақдлаш жараёнини оширади", деб ёзган Фирдавс Ҳамдамов.

2018 йилнинг бошида президент Шавкат Мирзиёев мажбурий ижро бюроси электр энергияси учун қарздорликни ундиришда пластик карточкадан маблағ ечиш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

Report Page