“ЎЗБЕКЭНЕРГО”: Мамлакатимизда 1,8 миллиард квт. соат электр энергияни тежаш мумкин

“ЎЗБЕКЭНЕРГО”: Мамлакатимизда 1,8 миллиард квт. соат электр энергияни тежаш мумкин

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

2035 йилга бориб жаҳонда энергияга бўлган талаб яна 35 фоизга ошиши тахмин қилинмоқда. 

Электр энергия таъминоти дунё миқёсида долзарб аҳамият касб этмоқда. Халқаро энергетика агентлигининг маълумотига кўра, ҳозирда жаҳонда 1,3 миллиардга яқин аҳоли электр энергия билан таъминланмаган. 2,6 миллиард одам овқат тайёрлаш учун анъанавий ёқилғи – ўтин, кўмир ва бошқалардан фойдаланади. 2035 йилга бориб жаҳонда энергияга бўлган талаб яна 35 фоизга ошиши тахмин қилинмоқда. 

Дунёда электр энергиядан оқилона фойдаланиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кўпгина ривожланган мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистонда ҳам электр энергия ишлаб чиқариш қувватларини ошириш баробарида мавжуд ресурслардан тежамли ва самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Бу ҳақда “Тараққиёт стратегияси” марказида ташкил этилган “2018 йилда истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасидаги фаолият: эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор возифалар” мавзусида матбуот анжуманида атрофлича тўхталиб ўтилди. 

Фото: ЎзА

– Электр энергия ишлаб чиқаришни қанчалик оширмайлик, агар унинг сарфини тартибга солмас эканмиз, йилдан йилга ортиб бораётган талабни қондириш жуда мушкул, – дейди “Ўзбекэнерго” акционерлик жамияти бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев. – Мисол учун, бугун аҳоли фаровонлиги ошаётганлиги сабабли ҳар бир хонадонда камида битта телевизор, кир ювиш машинаси, чангютгич, кондиционер каби маиший техникалар бор. Баъзида улардан фойдаланиб бўлгач, токдан узиб қўйилмайди. Гарчи, улар ўчирилган бўлса-да, ток линиясига уланган ҳолда турарса, электр энергия истеъмол қилаверади. Биргина оддий телефон қувватлагичини олайлик. У токка уланган ҳолда куну тун қолса, ўртача бир ойда 1,5 кВт.соат, йилига 18 кВт.соат энергия сарфлайди. Шу боис мамлакатимизда ҳам хонадонларда, ишлаб чиқариш саноатида ва бошқа турли тармоқларда электр энергия тежамкорлигини таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. 

Мутахассисларнинг электр энергия тежамкорлигини таъминлаш мақсадида ўтказган ўрганишларидан маълум бўлишича, ҳозирда юртимиздаги ҳар бир хонадонда бир йилда ўртача 400 кВт.соатгача электр энергиясини тежаш имконияти бор. Бу кўрсаткич республика бўйича 1,8 миллиард кВт. соатга айланади. 

Таққослайдиган бўлсак, ушбу тежалган энергия билан аҳолиси ўртача бўлган бир вилоятни бир йил мобайнида узлуксиз электр энергия билан таъминлаш мумкин. Демак, ҳар бир инсон ўз хонадонида электрнинг беҳуда исрофгарчилигига чек қўйиш йўли билан чироқ етиб бормаётган қанча-қанча хонадонларга ёруғлик улашиш имкони мавжуд экан. Бу ҳам савобли, ҳам фойдали ишдир. 

– Электр энергияни тежаш орқали экологик барқарорликка ҳам муносиб улуш қўшиш мумкин. Мисол учун, 1 кВт.соат электр ишлаб чиқариш жараёнида атмосферага 0,6 килограмм кўмир чиқиндиси, 0,12 метр куб ис гази чиқади, – дейди “Ўзбекэнерго” акционерлик жамияти бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев. – Демак, ҳар бир истеъмолчи хонадонида электр энергиядан оқилона фойдаланса, ҳам табиий неъматларни тежашга, ҳам атроф-муҳит мусаффолигига ўз улушини қўшган бўлади. Шунингдек, истеъмолчини ортиқча маблағ сарфлашдан ҳам асрайди. Иқтисод қилинган маблағ жамғариб борилса, рўзғорнинг қанча кам-кўстини тўлдириш мумкин. 

Мамлакатимизда жорий йил 20 ноябрдан 20 декабргача ўтказилаётган “Электр энергияси тежамкорлиги ойлиги”дан кутилган мақсад ҳам жамиятимизда бу борада ечимини кутаётган долзарб вазифалар ижросини таъминлаш, халқимиз орасида электр энергиядан оқилона фойдаланиш маданиятини юксалтиришдир. 

“Ўзбекэнерго” АЖ матбуот хизмати, ЎзА

Report Page