Янгиланаётган Боёвут: Ислоҳот ва ўзгаришлар майдони

Янгиланаётган Боёвут: Ислоҳот ва ўзгаришлар майдони

@Sirdaryo
Фото: Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

Боёвут тумани йил сайин чирой очаётган обод манзиллардан бири саналади. Кўримсиз ва пасқам иморатлар ўрнини муҳташам ҳамда кўркам бинолар эгалламоқда. Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари қурилиб, мавжудлари тубдан таъмирланмоқда.

Бундай ўзгариш ва янгиланишлар Юртбошимизнинг мазкур туманга бўлган эътибори билан бевосита боғлиқ. Негаки, давлатимиз раҳбари Боёвут тумани қиёфасини замонавий архитектура анъаналари асосида ўзгартириш ҳамда такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берган эди. Шу асосда Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2021 йилларда Сирдарё вилояти Боёвут туманини ижтимоий-иытисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, қарор  ижроси изчил таъминланмоқда.

Фото: Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

Бугун туманнинг янги қиёфасини яратишга қаратилган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида “Ўзбекистоним – шон-шуҳратим, Боёвутим – саодатим!” шиори остида амалий семинар ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, вилоят, шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари, фахрий меҳмонлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Семинар туманнинг «Ҳосилобод» маҳалласида жойлашган халқимизнинг фидойи фарзанди Усмон Юсупов номи билан аталувчи боғ, унинг марказида ўрнатилган давлат ва жамоат арбоби бюсти пойига гуллар қўйиш билан бошланди.

Фото: Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

Яқиндагина қуриб фойдаланишга топширилган мазкур хотира боғининг умумий майдони 8 гектарни ташкил этади. Боғ меъморий жиҳатдан ҳам, ландшафт жиҳатидан ҳам маҳалланинг кўркига айланди десак муболаға бўлмайди. Ўзбекона айвон деворларидан Усмон Юсуповнинг ҳаёти ва фаолияти акс этган маълумот ва фотосуратлар жой олган. Айни чоғда унда маҳалла гузари, отахонлар чойхонаси, «Гўзаллик салони» сингари масканлар ҳам мавжуд. 

Семинар иштирокчиларининг кейинги манзили “Боёвут техно кластер” ип-калава ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда “Стелло мода” текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи бўлди.

Фото: Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

Туманда хом ашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган циклни ўз ичига олувчи ишлаб чиқариш занжирини яратиш мақсадида умумий қиймати 20 млн АҚШ долларига тенг “Боёвут техно кластер” ип йигирув фабрикаси қурилди. Лойиҳа амалга ошиши билан 900 та янги иш ўрини яратилишига эришилди.

Фото: Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

Корхонада йилига 11 минг тонна пахта толаси қайта ишланиб, 8 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилади. Биринчи йилданоқ ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 70 фоизи экспортга йўналтириш режалаштирилган.

Лойиҳанинг иккинчи босқичида ип-калавадан мато ишлаб чиқариш, учинчи босқичда эса матога ранг бериш ва гул босиш цехлари ишга туширилади.

Фото: Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

Боёвут шаҳарчаси ҳудудидаги бўш турган давлат объекти ўрнида қиймати 2,5 млрд сўм бўлган тикувчилик фабрикаси ташкил этиш белгиланган эди. Орадан беш ой муддат ўтиб, 500 та иш ўрни ва йилига 18 минг дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга фабрика қуриб битказилди. Айни кунда фабрикада 350 нафарга яқин хотин-қизлар иш билан банд қилинган.

Фабриканинг йиллик экспорт қуввати 4 млн АҚШ долларига тенг бўлиб, ишлаб чиқарилган тикув-трикотаж маҳсулотлари Италия, Россия, Чехия, Белорусия ва Қозоғистонга экспорт қилинади.

Фото: Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

Туманда уй-жойга эҳтиёжи бўлган кам таъминланган оилалар ва яроқсиз кўп қаватли уй-жойларда яшовчилар учун ижтимоий уйлар ташкил этиш эҳтиёжи мавжуд. Шу сабабли туманидаги 1-сон касб-ҳунар мактаби тасарруфидаги 4 қаватли ётоқхона биноси эхтиёжманд оилаларни тез фурсатда замонавий шарт-шароитларга эга бўлган уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида реконструкция қилинмоқда. 

Фото: Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

Ушбу кўп қаватли бинодаги 27 та бир хонали, 23 та икки хонали, жами 80 та квартирани таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан 7,0 млрд сўм пул маблағлари йўналтирилган. Туманга ташриф буюрган меҳмонлар мазкур уй-жойларнинг қурилиш жараёнлари билан ҳам яқиндан танишдилар.

Фото: Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

Семинар давомида туман марказидан оқиб ўтувчи Жанубий Мирзачўл канали қирғоғида жойлашган хотира майдони ўрнида янгича, замонавий кўринишда қад ростлаган “Бахтли оила - нурли келажак” майдони, туманнинг кечаси, бугуни ва эртаси ҳақида ҳикоя қилучи “Боёвут туманини обод марказга айлантирамиз” мажмуаси, атрофида савдо шаҳобчалари, мусиқий фаввора, ёшлар ва нуронийлар масканидан иборат ансамбль ўрин олган “Юрт байроғи” майдони, туман маҳалла бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Фото: Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Фото: Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Фото: Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

Ижтимоий объектларнинг тантанали очилиш маросимида Боёвутнинг бугунги қиёфаси ҳақида гапирар экан, Сенат раиси: "Хароб ва файзи йўқ жойда яшаётган аҳолининг кайфияти ҳам, келажакка интилиши ҳам бўлмайди, – деди. – Агар биз туманларни обод қилсак, у ердаги халқнинг кайфияти ўзгаради, ўз ҳаётини янада яхшилашга интилиш пайдо бўлади, туманлар иқтисодий юксалади. Буларнинг бари Ватанимизнинг ободлиги ва иқтисодий юксалиши учун яна бир муҳим туртки бўлади".

Фото: Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Фото: Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

Мухтасар қилиб айтганда бугунги амалий семинар давомида иштирокчилар жорий йилнинг ўзида биргина Боёвут туманида амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар, барча жабҳада қўлга киритилаётган юксак муваффақиятлар истиқлолимиз шарофати, бунёдкор халқимиз ғайрат-шижоати махсули эканлигига яна бир бор амин бўлишди.

Сирарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page