Сардоба туманида тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда қулайликлар яратиш мақсадида мулкчилик шаклидан қатъий назар барча тадбиркорлар ва ишбилармонларга туман ҳокими Хидиров Абдуазим Муродқосимовичнинг МУРОЖААТИ

Сардоба туманида тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда қулайликлар яратиш мақсадида мулкчилик шаклидан қатъий назар барча тадбиркорлар ва ишбилармонларга туман ҳокими Хидиров Абдуазим Муродқосимовичнинг МУРОЖААТИ

@Sirdaryo
Сардоба тумани ҳокимлиги

Қадрли дўстлар ва азиз ишбилармонлар!

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан 2019 йил 7 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида тадбиркорликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, пировардида янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий бюджетга тушумлар ҳажмини кўпайтириш ҳисобига халқимизнинг турмуш тарзини янада яхшилаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, шунингдек аҳолининг муҳтож қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Барчангизга маълумки, ҳозирги кунда тадбиркорлар, ўрта ва кичик бизнес вакиллари жаҳон мамлакатларида иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ривожланган давлатларда тадбиркорлик субъектлари умумий корхоналар сонининг 90 фоиздан зиёдини ташкил этиши сўзимизга исбот бўла олади. Айнан тадбиркорлар туфайли меҳнатга лаёқатли аҳолининг 50 фоиздан ортиғини иш билан таъминланиб келмоқда. Бу эса таҳсинга лойиқ.

       Мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири саналади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўзлари билан айтганда, биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз. Ҳар қандай мамлакатнинг ривожланишида тадбиркорларнинг ҳиссаси катта эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайди.

      Туманимизда ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган фуқароларимиз кўпчиликни ташкил этади. Сизларга тадбиркорликни янада ривожланитириш учун барча шароитлар яратиб берилган. Бундан кейин ҳам туман ҳокими сифатида сизларга яқиндан ёрдам беришга тайёрман. Сизларнинг мурожаатларингиз билан ҳар куни доимий равишда шуғулланиш ва муаммоларни ўз вақтида ечим топишига кафолат бераман. Сизларга ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги, ҳудуддаги барча раҳбарлар сизларга яқин кўмакчи эканлигини унутманг!

      Тадбиркор бой бўлса – юртимиз бой бўлади, деб бекорга айтишмаган. Сизларнинг юрт фаровонлиги учун қўшаётган ҳиссаларингиз беқиёс.

      Юртимизнинг барқарор ривожи, ижтимоий соҳаларнинг узлуксиз қўллаб-қувватланиши учун давлат бюджети ва уни шакллантирадиган тушумлар муҳим аҳамият касб этади. Бюджетнинг асосий қисмини сиз тўлайдиган солиқлар ташкил этишини унутмаслигимиз лозим.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорликни давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланиши, кундалик фаолиятида учраётган муаммоларни Ҳукумат даражасида ҳал этилиши мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхоналари ташкил этилганлиги ҳам бунинг яққол исботидир.

Қабулхона ташкил этилгандан кейинги давр мобайнида улар томонидан туман бўйича 101 нафар тадбиркорларнинг 90 та муаммоли масалалари ижобий ҳал этиб берилди. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизда тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Оддий қилиб айтганда бугун ҳар бир тадбиркор давлат ҳимоясида эканлигини англаб етмоқда.

Бугунги кунда туманимизда фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари сони 348 тани ташкил этиб, уларда жами иш билан банд аҳолимизнинг 16 фоизи меҳнат қилмоқда.

Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар! Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига туманимизда бюджет даромадлари 31 562,9 млрд.сўмни ташкил этиб, уларнинг 16 894,0 млрд.сўми ёки 53,5 фоизи айнан хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Маҳаллий бюджет ҳаражатларини таҳлил қиладиган бўлсак, 54 128,6 млн.сўм ёки 83,0 фоиз харажатлар айнан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ соҳаларга йўналтирилмоқда.

Шу жумладан, таълим соҳасига 34 486 млрд.сўм, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳасига 13 757 млрд.сўм, маданият ва фан соҳасига 845,6 млн.сўм, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар учун 5 040 млрд.сўм маблағлар ажратилган.

Бундан кўриниб турибдики, жамғарилаётган ушбу маблағлар асосан фарзандларимиз келажаги учун, ногирон, кекса ва беморлар соғлиқларини тиклаш учун йўналтирилмоқда.

Албатта, бугунги кунда жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларида Сиз азиз тадбиркорларимизнинг муносиб ҳиссангиз бор.

Мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Муҳтарам Президентимизнинг сўзлари билан айтганда,

“Биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз”.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, туманда қуйидаги устувор вазифаларни белгилаб олдик:

биринчидан, ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг улушини йил якунига қадар ошириш;

иккинчидан, туманда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини уч тоифага ажратиш, хусусан, ўзи, ҳеч қандай ёрдамсиз мустақил фаолият кўрсатаётган субъектлар, тўлиқ қувватда ишламаётган субъектлар, фаолият кўрсатмаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари рўйҳатларини шакллантириб, ҳар бирининг муаммоли масалалари ёки ишламаслик сабабларини аниқлаш ҳамда муаммоларини ечиш юзасидан йўл харитасини ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш;

учинчидан, сув танқислиги туфайли фойдаланишдан чиқиб кетган

523 гектар экин майдонларига артезиан қудуқлар қазиш орқали кичик

(1-5 гектарлик) боғдорчилик, узумчилик, чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик, паррандачилик, қуёнчилик ва бошқа йўналишлар бўйича тадбиркорликни йўлга қўйиш;

тўртинчидан, “Е-ижро аукцион” электрон савдо майдонига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 9,7 гектарлик 54 та ер участкаларини савдога чиқариш ва ушбу ер участкаларида савдо дўконлари, маиший хизмат шохобчалари ва ишлаб чиқариш цехлари ташкил этиш;

бешинчидан, туманда мавжуд 49 та бўш турган объектларни ижарага бериш ёки сотиш орқали кичик бизнес субъектларини ташкил қилиш каби масалаларни биргаликда амалга оширамиз.

Бугунги кунда тадбиркорлар учун солиқ тизимида алоҳида имтиёз ва преференцияларнинг берилганлиги, жумладан, солиқ юки даражасини камайтириш мақсадида 2019 йилдан юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга, мол-мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга, ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизга ва ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилди.

Солиқ турлари орасида энг юқори ставкали солиқ ҳисобланган қўшилган қиймат солиғининг амалдаги 20 фоиз ставкаси 2019 йил 1 октябрдан бошлаб, 15 фоизга пасайтирилди.

Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар, бугун кичик ва ўрта бизнес секторида ишлаётган ҳар юз ишчининг 50 фоиздан ошиғи меҳнат қонунчилиги асосида расмийлаштирилмаганлиги, уларга конверт усулида иш ҳақи берилиши ушбу ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳуқуқлари бузилишига олиб келмоқда.

Бошқача айтганда, келажакда улар пенсия ва бошқа нафақа олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда бугундан бошлаб, ҳар бир тадбиркор норасмий ишлаётган ишчи-хизматчиларини белгиланган тартибда расмийлаштириш, улар билан меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат дафтарчалари юритиш, ўрнатилган тартиб асосида иш ҳақи бериш тизимини йўлга қўйиб, уларнинг келажак ҳаётидаги ижтимоий нафақа ва пенсия олиш заминини яратиши керак.

Туманимиз кичик ва ўрта бизнесни, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун барча қулайликлар ва имкониятларга эга.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳамда қайта ишлаш учун хом ашё базасининг етарли эканлиги билан бошқа туманлардан ажралиб туради.

Биргина мисол, туманимиз чегарасидан ўтувчи М-39 автомагистрал йўлидан бир суткада ўрта ҳисобда 30-35 мингдан ортиқ транспорт воситалари ҳаракатланишини инобатга олсак, ушбу автомагистрал йўл бўйларида аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш, жумладан умумий овқатланиш, автотранспорт воситаларига техник хизматлар кўрсатиш, меҳмонхоналар, мотеллар ва бошқа хизмат турларини ташкил қилишни йўлга қўйишимиз мумкин.

Шу ўринда барчангизни муҳтарам юртбошимизнинг юксак ишончини оқлаб, мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун сидқидилдан ҳалол ва фидокорона меҳнат қилишга чақираман!

Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар, ўз фаолиятларингизни янада кенгайтириш, қўшимча имкониятларни ишга солиб, ҳар бирингиз камида 1 ёки 2 тадан иш ўринлари ташкил этиб, банд бўлмаган аҳолини доимий иш билан таъминласангиз туман бўйича янги иш ўринлари

1,1 мингдан 2,3 минг тагача ортади. Бу эса қанчадан-қанча оилаларнинг фаровонлигига ва турмуш даражасининг ортишига олиб келади. Ушбу ишларни амалга оширишда мен туман ҳокими сифатида Сиз азизларнинг биринчи даражадаги кўмакчингиз бўламан.

Бу борада эркин фаолият юритишингиз учун қонун устуворлигини таъминланишига;

ҳудудларда тадбиркорликни йўлга қўйишингизда мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда белгиланган тартибда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишда ва ер майдони ажратилишида;

Сизнинг тадбиркорлик фаолиятингизга ноқонуний текширишларга барҳам берилишига, солиқ шаффофлигини таъминланишига кафолат бераман.

Шунингдек, барча масалаларда шахсан менга ва сектор раҳбарларига куннинг исталган вақтида, мурожаат этишингиз мумкин.

Мурожаат учун телефонлар:

Туман ҳокими: Хидиров Абдуазим - 67-344-17-77

Туман прокурори: Ўролов Азиз - 67-344-10-02

Туман ИИБ бошлиғи: Джавлонов Хуршид - 67-344-14-02

Туман ДСИ бошлиғи: Усмонов Анвар - 67-344-12-39

Сизлар учун доимо туман ҳокимлиги ва барча ташкилотларнинг эшиклари очиқ. Барчангизга сиҳат-саломатлик, эзгу ва олижаноб ишларингизга қут-барака тилайман.

Report Page