Сирдарё вилояти Гулистон тумани ҳокиминиг Тадбиркорларга мурожаати

Сирдарё вилояти Гулистон тумани ҳокиминиг Тадбиркорларга мурожаати

@Sirdaryo
Гулистон тумани ҳокимлиги

Ҳурматли туманимиз фуқаролари, азиз тадбиркорлар!

Барчангизга маълумки, ҳозирги кунда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, барча соҳаларда кластерларни яъни фақатгина хом ашё тайёрлаш билан эмас балки барча босқичларни қамраб оладиган ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб экспортга йўналтириш, пировардида туман, вилоят ва Давлатимиз иқтисодиётига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшмоқчи бўлган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан саналади.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш юзасидан мутлақо янги тизим яратилмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги кўплаб бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда ва солиқлар бўйича янги ислоҳотлар амалиётга жорий этилмоқда.

Ушбу янги тизим, яқинда ташкил этилган кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг мувофиқлаштирувчи роли остида Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари, Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, жойлардаги ҳокимлар ва сектор раҳбарлари бошчилигидаги мазкур йўналишда ҳамжиҳатликда изчил ишлашини назарда тутади.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Сизларни эътиборингизни туманимиздаги оддий шу билан бирга муҳим рақамларга қаратмоқчиман.

Туманимизнинг йиллик бюджет харажатлари 80 млрд. сўмдан ошиқроқ маблағни ташкил этгани ҳолда маҳаллий бюджетга 20 млрд. сўмдан ошиқроқ даромадлар олинади.

Харажатларимизнинг асосий қисмини ижтимоий соҳаларга, ёки 56 фоизи таълим муассасаларига, 22 фоизи соғлиқни сақлаш тизимига ва қолган 22 фоизини бошқа харажатларга йўналтирилмоқда.

Даромадларимизни эса асосий қисмини, Сиз азиз тадбиркорларимиздан тушадиган солиқ ва бошқа туловлардан ташкил топади. Бу эса таҳсинга лойиқ.

Сабаби бизнинг йирик корхоналаримиз ҳозирча йўқ.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз. Ҳар қандай мамлакатнинг ривожланишида тадбиркорларнинг ҳиссаси катта эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайди” деб таъкидлаб ўтганларидек ривожланган давлатларда тадбиркорлик субъектлари умумий корхоналар сонининг 90 фоиздан зиёдини ташкил этиши сўзимизга исбот бўла олади. Айнан тадбиркорлар туфайли меҳнатга лаёқатли аҳолининг асосий қисми иш билан таъминланган.

Тадбиркор бой бўлса – юртимиз бой бўлади, деб бекорга айтишмаган. Сизларнинг туманимиз аҳолисининг фаровонлиги учун қўшаётган ҳиссаларингиз беқиёс.

Ҳурматли тадбиркорлар ва фуқаролар!

Сизлар томонингиздан албатта савол туғилиши мумкин “Нима учун тадбиркорликни Гулистон туманида амалга оширишим лозим?

Бу саволингизга мен қисқагина жавоб беришга ҳаракат қиламан ва туманимизда фойдаланилмасдан турган имкониятларга тўхталсам.

Биринчидан, туманимиздан оқиб ўтадиган “Сирдарё” дарёси имкониятидан фойдалана олмаяпмиз. Масалан, интенсив усулда балиқчиликни ривожлантириш, балиқчилик кластерларини ташкил этиш, дарёдан олинадиган қум шағални қайта ишлаш, дарё бўйида замонавий хизмат кўрсатиш зоналарини ташкил этиш ва ҳакозо лойиҳаларни амалга ошириш.

Иккинчидан, туманимиз ерлари унумдорлиги юқори бўлиб бу ерлардан юқори ҳосилдорликга эга, экологик тоза мева-сабзовотларни етиштириб қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи мева-сабзовот кластерларини ташкил этиш.

Шунингдек, замонавий интенсив боғларни барпо этиш, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик кластерларини ҳамда замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этиш имкониятларимиз кенгдир.

Учинчидан, туманимиз қўшни давлатлар Тожикистон ва Қозоғистонга яқин жойлашганлиги бизни етиштирган ва ишлаб чиқарган маҳсулотларимизни экспорти имкониятини кенг очиб беради.

Тўртинчидан, туманимизни вилоят марказига яқин эканлиги биз етиштирмоқчи бўлган маҳсулотларни асосий бозорини ва кўрсатмоқчи бўлган хизматларимизнинг асосий истеъмолчисини аниқ кўрсатиб турибди.    

Бу рўйхатни узоқ давом эттирсак бўлади.      

Келадиган йилдан бошлаб маҳаллий бюджетни шакллантириш тартиби тубдан ўзгаради. Энди ҳудудлар ўз сарф-харажатларини мустақил равишда ҳал қилади. Шу муносабат билан, маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш учун кўпроқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ташкил этишимиз, солиқларни мустақил равишда йиғишимиз ва бу борадаги масъулиятини янада кучайтиришимиз керак бўлади.

Тайёрланаётган ҳар бир лойиҳа шахсий назоратимиз остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқишдан, то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги вазифамиздир.

Туман ҳокими сифатида Сиз азиз тадбиркорларга яқиндан ёрдам беришга тайёрман. Сизларнинг мурожжаатларингиз билан ҳар куни доимий равишда шуғулланиш ва муаммоларни ўз вақтида ечим топишига кафолат бераман.

Бир нарсани англашимиз керак: Сизнинг лойиҳангиз – туманимизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигини кафолатидир. Сиз туфайли туманимизда ишсизлик қисқаради, даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб, ўз юртида ҳаловат топади.

Ушбу мурожаатнома орқали “Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз”,- деган бош ғоя атрофида мен бошчигимдаги туманимиз раҳбар ходимлари бирлашади деб Сизларни ишонтираман.

Шунингдек, барча масалаларда шахсан менга куннинг исталган вақтида, (93) 324-15-95 телефонига мурожаат этишингиз мумкин. Юқоридаги масалалар юзасидан туман прокурори Б.Бердиев (95 510-02-00)га, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи А.Файзиев (98 110-83-07)га ҳамда туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи К.Шаимов (99 473-63-18) ларга ҳам мурожаат қилишингиз мумкин.  

Азиз тадбиркорлар!

      Мурожаатим сўнгида шуни таъкидламоқчиманки, Сиз азиз тадбиркорларга туманимизда мен рахбарлик қилаётган туман жамоаси томонидан барча шароитларни яратиб берилади, бунинг учун туну-кун меҳнат қилишга тайёрмиз. Сиз тадбиркорлар учун эшикларимиз ҳамиша очиқ. Барчамизнинг мақсадимиз битта – юрт равнақи, ёрқин келажаги учун муносиб ҳисса қўшиб барчамиз бир-тану жон бўлиб туманимиз гуллаб-яшнашига ўз ҳиссамизни қўшишга чорлайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, эзгу ва олижаноб ишларингизга қут-барака тилайман.

Report Page