Бухорода вилоят Санитария-эпидемиология хизмати раҳбари ўтказган тўйда камида 60 киши қатнашди. Раҳбар буни «ўзбекчилик» дея изоҳлади

Бухорода вилоят Санитария-эпидемиология хизмати раҳбари ўтказган тўйда камида 60 киши қатнашди. Раҳбар буни «ўзбекчилик» дея изоҳлади

@Sirdaryo
Фото: «Ипак йўли» тўйхонаси / «Дарё»

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Ашур Тўхтаев 25 октябрь куни ўғлининг тўйини Бухоро шаҳридаги «Ипак йўли» тўйхонасида ўтказган, маросимда 50 дан ортиқ киши қатнашган. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Лайло Ҳайитова хабар бермоқда, дейилади нашр хабарида.

Республика махсус комиссияси 15 августдан бошлаб оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида, 30 кишидан кўп бўлмаган (фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) иштирокида ўтказишга рухсат берган эди.

28 октябрда эса Махсус комиссия 1 октябрдан тўйхоналарда тўй ўтказишга рухсат бергани маълум бўлди. Бунда, ССВ ҳузуридаги штаб аъзоси Ботир Қурбоновнинг таъкидлашича, «100—200 кишига эмас, чегараланган ҳолда, 30 кишига уй шароитида қилинган тўйни тўйхоналарда ўтказишга рухсат берилган».

Бухоро вилояти Санитария-эпидемиология хизмати раҳбари Ашур Тўхтаевнинг таъкидлашича, ўғлининг тўйи билан боғлиқ тараддуд 2020 йил бошида бошланган, бироқ пандемия сабабли тўй кечикиб кетган. 25 октябрь куни ўтказилган маросимда қуда томондан 15 кишидан ортиқ бўлмаган меҳмон келиши керак бўлган, бироқ тўйга келишилганидан кўпроқ меҳмон келган.

Фото: Ашур Тўхтаев ва Эркин Жўраев / «Дарё»

«Ҳақиқатан ҳам, ташкилот раҳбари бўла туриб, хатога йўл қўйдим, тан оламан. Аслида 30 кишилик тўйда қайси бир яқинингни таклиф қилишни билмай, ҳалак бўласан, бироқ бугунги кун талаби шундай. Талабга қарамай, тўйга 50 дан ортиқ меҳмон келди. Ўзбекчилик-да, истаймизми-йўқми, қуда томондан кўпроқ меҳмон келди. Уларга ‘кет’ деб, чиқариб юбориб бўлмайди-ку», — дейди Тўхтаев.

Маълумот ўрнида. Бухорода август ойида 150 кишилик тўй ўтказган фуқаро 4,5 миллион сўм жаримага тортилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунга ўхшаш ҳолат ой охирида Самарқандда ҳам кузатилган. Сентябрда ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси тўйларга рухсат берилганидан бери карантин қоидаларига зид равишда ўтказилаётган камида 243 та (шундан 7 таси Бухоро вилоятида) маросим аниқлангани ҳақида ахборот берган эди. Биринчи карантин даврида эса тақиққа қарамай тўй маросимларни ўтказишга уринганларга нисбатан жиноят ишлари ҳам қўзғатилган эди.

Тўй ўтказилган «Ипак йўли» тўйхонаси раҳбари Эркин Жўраев «Дарё» мухбири билан суҳбатда тўйхона 80 ўринга мўлжаллангани, вилоят Санитария-эпидемиология хизмати раҳбарининг ўғли уйланган кунда ҳам 80 кишига жой тайёрланганини маълум қилди. У, шунингдек, мухбирни маросим акс этган видеоёзувлар билан таништирган — уларда 60 чоғли одамни кўриш мумкин.

Фото: «Ипак йўли» тўйхонасида 25 октябрь куни ўтказилган тўйдан лавҳалар / «Дарё»
Фото: «Ипак йўли» тўйхонасида 25 октябрь куни ўтказилган тўйдан лавҳалар / «Дарё»
Фото: «Ипак йўли» тўйхонасида 25 октябрь куни ўтказилган тўйдан лавҳалар / «Дарё»

«Ҳар куни кундузи битта тўй ўтказилади. Тўйхонада 80 дан ортиқ кишини жойлаштиришнинг имкони йўқ», — деди Эркин Жўраев ушбу тўйда 150 киши қатнашгани ҳақида гап-сўзларга муносабат билдираркан. У Республика махсус комиссияси томонидан тўйларда 30 дан ортиқ одамнинг қатнашиши тақиқланган бир вақтда унинг тўйхонасида ҳар куни 80 кишилик маросим ўтказилаётгани юзасидан бирор изоҳ беролмаслигини айтган.

Эркин Жўраевнинг қўшимча қилишича, унинг тўйхонасида шу кунгача ўтказилган 80 кишилик тўйлар ҳозирча бирор муаммога сабаб бўлмаган, шунингдек, ушбу ҳолатлар юзасидан унга нисбатан жарима ҳам қўлланилмаган.

Вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази раҳбари Қамбар Расулов «Дарё»га «Ипак йўли» тўйхонасидаги ҳолатлардан бехабар эканлигини билдириб, соҳани ислоҳ қилиш бўйича 2020 йил июль ойида қабул қилинган ҳужжатлар сабабли, вилоятдаги тўйхоналарга 30 нафардан ошмаган киши билан тўй ўтказишга рухсат берилгани бўйича тавсия хати етказилмай қолганини маълум қилди.

Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 25 июлдаги фармонида Санитария-эпидемиология хизмати ташкил этилаётганлиги муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларини тугатиш кўрсатиб ўтилган.

Report Page