Бизнинг Усмон ота

Бизнинг Усмон ота

@Sirdaryo
Усмон Юсупов портретига чизги

Эртага 5 ноябрь куни Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида атоқли давлат арбоби Усмон Юсуповга ҳайкал очилади.

Маълумки, 13 йил (1937-1950 йиллар) Ўзбекистоннинг 1-раҳбари бўлиб ишлаган, 50-йиллар бошида (1950-1953 йиллар) СССР Пахтачилик вазири бўлган бу инсон Ўзбекистон тараққиёти учун мислсиз катта кўламдаги ишларни амалга оширишга муваффақ бўлди. Ўзининг катта ташкилотчилик қобилият ва чуқур инсоний хислатлари билан “Усмон ота” деган улуғ номга сазовор бўлди.

Мустамлака империя замонида Усмон Юсупов аввал Москвадан Ўзбекистонга ва бир фурсатдан кейин – 1955 йилда Мирзачўлга – бугунги Боёвут совхозига деярли сургун қилинди. Ота қайси участкада ишламасин, ўз халқига умрининг охиригача садоқат билан хизмат қилди...

Бугун Усмон Юсупов билан бирга ишлаган кадрлар бармоқ билан санарли даражада кам қолди. Шулардан бири 50-йилларда Усмон Юсупов ишлаган хўжаликда муаллим бўлиб ишлаган ва кейинчалик етук давлат ва жамоат арбоби бўлиб етишган Азиз Тўраевдир.

Ушбу саҳифада устозимиз Азиз Оппоқович Тўраевнинг Усмон ота ҳақидаги хотиралари билан танишасиз.

Шароф Убайдуллаев,
Ўзбекистон Фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси раисининг ўринбосари.


Халқимиз ўзининг фидойи, эл ҳурматига сазовор бўлган улуғ инсонларини ҳеч қачон унутмайди. Ибратли ҳаёти, оламшумул ишлари билан миллат қалбидан мангу жой олган Усмон Юсупов, Шароф Рашидов сингари ўтган асрнинг етук сиймолари номлари тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилган. Бу ибратли комил инсонлар ҳақида бугунги авлодга ҳикоя қилиб бериш ўша даврда яшаган ва ҳозир ҳаёт бўлган фахрийларнинг муқаддас бурчи, вазифаси.

Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган эъзозли инсонлардан бири ҳам юқорида зикр этилган ана шундай юксак мақомга эга бўлган раҳбар. Уни халқ чексиз ҳурмат-эҳтиром билан "Ота" деб тилга олишган. Ўз даврининг чинакам қаҳрамони, республикани энг оғир йилларда бошқарган, нафақат бошқарган балки, уни иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли синовларидан муваффақиятли олиб чиқиб, оёққа турғазган толмас етакчи Усмон Юсупов ҳақида қанча ёзса, шунча оз. Мен ана шундай улуғ инсон билан бир неча йил бирга ишлаш жараёнида уларнинг бетакрор фазилатларини тилга олишни ўзимнинг бурчим деб билдим.

У чинакам истеъдод, юксак қобилият, битмас-туганмас куч-ғайрат, ёрқин ақл-идрок эгаси эди. Усмон Юсупов Фарғонанинг Каптархона аталмиш оддий қишлоғида 1900 йилнинг 1 мартида туғилиб вояга етган. Ўша давр ақидаларига биноан эскичасига таълим олган, лекин бирорта Олий таълим муассасасини тугалламаган. Лекин ўзининг салоҳияти, тафаккури, интилиши, ўз устида тинмай ўқиб-ўрганиши туфайли оддий қишлоқ боласидан дунёга таниқли давлат ва сиёсат арбоби даражасига етган.

Усмон Юсуповнинг ёрқин ҳаёти саҳифаларини варақласангиз, бугунги ёшлар учун намуна бўладиган хислатлари жуда кўп. У республикага раҳбар бўлган йиллари халқ ҳашари йўли билан мисли кўрилмаган йирик сув иншоотлари — Катта Фарғона канали, Каттақўрғон сув омбори сингари улкан қурилишлар ниҳоятда қисқа муддатда, яъни 45 кунда амалга оширилган. Бундай катта ҳажмдаги ишларни замонавий техника тараққий этган ҳозирги кунда ҳам ана шундай қисқа муддатда барпо этиш жуда ҳам мушкул. Мана сизга халқнинг ғайрат-шижоати, ташаббускорлиги, республика раҳбарининг етакчилик салоҳияти, халқнинг руҳиятини кўтара билиш санъати. Бундай кўтаринкилик, бир тан-бир жон бўлиб ҳаракат қилиш, фидойилик ва жасорат ҳеч қачон бўлган эмас. Бу оламшумул ишлар ҳақида кўплаб бадиий асарлар ёзилган бўлса ҳам, ҳалигача халқнинг бунчалик куч-қудратини тўлалигича ифода эта оладиган таг-заминли китоб нашр этилмаган.

Иккинчи Жаҳон уруши даврида Ўзбекистон нафақат фронтга Қурол-аслаҳа ва жанговар қуроллар ва самолётлар, кийим-кечак ва озуқа етказиб берувчи асосий республика бўлибгина қолмай, балки фронт ҳудудидан эвакуация қилинган аҳоли ва етим болаларни ҳам қабул қилиб, уй-жой билан таъминлашни ўз зиммасига олган ўлка ҳам эди. Ўша йиллари Россия, Украина ва Беларуснинг душман томонидан босиб олинган ҳудудларидан бир миллиондан ортиқ киши, жумладан 200 минг бола Ўзбекистонга олиб келинган. Сизга бадиий асарлар, газета-журналлар мақолалари ҳамда кинофильмлардан маълумки, уруш йилларида кўпгина ўзбек оилалари иккита ва ундан ортиқ болаларни ўз тарбияларига олганлар. Ҳатто, Ш.Шомаҳмудовлар оиласи 14 та, Ҳ.Самадовлар оиласи 12 та, М.Жўраев ва Ашурхўжаевлар оиласи 8 тадан етим болаларни ўз қарамоғига олиб, уларни тарбиялаб-ўргатиб вояга етказган.

Ўзбекистон Фронт орқасидаги етакчи республика сифатида, Совет қуролли кучларини зарур анжомлар билан таъминлашга муҳим ҳисса қўшган. Уруш йиллари республикада 280 та корхона барпо этилди. Улар ёрдамида Фронт учун 2100 та самолёт, 17342 та авиамотор, 2318 минг авиабомба, 17100 та миномёт, 4300 бирликдан иборат миналарни йўқ қилувчи махсус қурол, 1 млн. дона граната ва бошқа зарур қурол-аслаҳалар, кўчма ҳарбий-санитария ҳам ошхона анжомлари етказиб берилди. Шунингдек, уруш қатнашчиларига 7,5 миллионта гимнастёрка, 2,6 миллион дона пахтали нимча, 2,8 миллионта харбий этик етказилди.

Бундай катта ҳажмдаги топшириқни режалаштириш ва ўз муддатида бажара олишини таъминлаш учун республика раҳбариятидан, шахсан Усмон Юсуповдан ниҳоятда катта ташкилотчилик ва талабчанлик, юксак масъулият ва мустаҳкам ирода, соғлиқ талаб этилишини тасаввур қилиш қийин эмас. У уруш йилларида туну-кун нималигини билмас, иш жойи ётоғи бўлди, завод-фабрикалардан, далалардан оёғи аримади. Бўш бўлдим дедими, оилаларга юз тутди, етимлар ҳолидан хабар олди. Ҳатто, ўша йиллари республикамизга келтирилган 200 га яқин таниқли ёзувчи ва шоирлар, жумладан Анна Ахматова, Якуб Колас, Алексей Толстой, В.Ян, Маргарита Шагинян сингари етук қалам соҳибларининг ҳам ҳолидан хабар олибгина қолмай, уларнинг эркин ижод қилишлари учун етарли шарт-шароитлар ҳам яратиб берди.

Энди мен комсомол ташкилотларида ишлаган давримда Усмон Юсупов билан шахсан учрашган дамларнинг хотираларини имкон қадар даражада ўртоқлашмоқчиман. Бу учрашув ва суҳбатлар менинг хотирамда мангу муҳрланиб қолган. Уларни эсдан чиқариш асло мумкин эмас.

Мен тилларда достон бўлган афсонавий раҳбар Усмон ота Юсуповни 1957 йилда илк бора кўрганман. 1956 йили Тошкентдаги педагогика техникумини тамомлаб, Мирзачўлдаги Боёвут районига йўлланма билан ишга борганман ва 1957–1958 йиллари Усмон ота раҳбарлигидаги 4-Боёвут совхозидаги 47-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаганман. У киши ўзи бошқарган 8 ўринли ГАЗ-67 машинасида хўжаликни айланар, сўнгра бизнинг мактабимиз ёнидаги чойхонага келиб озроқ дам олиб кетар эди. Мен Усмон отани бир неча бор узоқдан шу чойхонада кўрганман.

Яқиндан танишиш эса 1959 йилда юз берган. Ўша йили февралида мени Боёвут район комсомол комитети секретари лавозимига сайлашди. Иш юзасидан совхозга кўп бор бўлишга тўғри келган. Ҳар сафар борганда район ёшлари етакчиси сифатида, албатта, хўжалик раҳбари билан учрашишга тўғри келарди. У киши ҳар сафар борганимда "Ўғлим, яхши келдингми, бизга нима хизмат", дея илиқ кутиб оларди.

Эсимда уларнинг столида ҳар доим катта чойнакда чой дамланиб турарди. Суҳбатлашишдан олдин аввало бир пиёла чой узатарди. Хушмуомалаликда, чин инсонийлик хислатларида у кишига тенг келадиган одам йўқ эди, десам янглишмайман. Шундай масъулиятли улкан лавозимларда ишлаган бўлсаларда, ўзини ҳеч қачон катта тутмасди. Мен жуда ёш бўлсам ҳам ҳурматимни жойига қўярди. Ҳатто уларга бевосита тегишли бўлмасада, хўжаликнинг комсомол-сайлов йиғилишларида ҳам фаол қатнашарди.

1960 йилнинг кузи. Пахта йиғим-терими айни қизиган пайт. Ўша пайтлари йиғим-терим бўйича ҳар ўн кунда районлар ўртасида ўзаро мусобақа ўтказилар, ғолибга республика Қизил байроғи топшириларди. Сентябр ойининг сўнгги ўн кунлигида бизнинг Боёвут районимиз йиғим-теримда энг юқори кўрсаткичга эришиб, республика Қизил байроғини қўлга киритди. Шу муносабат билан район фаолларининг йиғилиши чақирилди. Биз ҳам ўша йиғилишда қатнашаётгандик. Унда райкомнинг биринчи котиби Эркабой Исломов ҳаммани юксак мукофот — ғалаба билан табриклаб турган бир пайтда телефон жиринглаб қолди. Ҳамма жим, ҳаяжонда. Телефонда республика раҳбари Шароф Рашидов пахта йиғим-теримидаги ғалаба билан Боёвут райони меҳнаткашларини қизғин қутлади. Районимиз раҳбари шахсан Рашидовдан табрикни қабул қиларкан, ўз ҳис-ҳаяжонини боса олмай ҳар сўзида: "Шароф Рашидович, мана биз фаоллар йиғилишиб ўтирибсиз, мажлисда Усмон Юсупов, Турсунбой Латипов, Қуддус Рашидов каби устозлар қатнашмоқда. "Улар кейинги ўн кунликда ҳам Қизил байроқни кўлдан чиқармасликка ваъда беришмоқда", деб бир неча бор такрорлай берди. Шунда Шароф Рашидов телефонни Усмон. Юсуповга беришни сўраган бўлсалар керак. Усмон ота Шароф Рашидов билан сенсираб гаплашди. Шундан ҳам билса бўладики, Усмон ота Рашидов билан жуда яқин бўлган. Мен жонли гувоҳман, суҳбатда шундай сўзлар янгради:

– Шароф, биз томонларга бир келсанг яхши бўларди, сени кўрсак бизга катта мадад бўлади, – дедилар Усмон ота миннатдорчилик билдириб.

Ўшанда йиғилиш қатнашчилари ҳайратдан донг қотиб қолишганди. Чунки, совхоз раҳбари кимсан республиканинг биринчи раҳбари билан эмин-эркин гаплашарди. Бундай воқеа ҳеч қачон, ҳеч қаерда юз бермаганди.

Усмон Юсупов республикага биринчи раҳбар бўлиб қарийб 15 йил ишлади. Бу йиллар яъни 1937–1950 йиллар энг оғир йиллар эди. Даҳшатли репрессия, иккинчи жаҳон уруши, урушдан кейинги қийинчиликларга чидаш осон эмас эди. Лекин Усмон Юсупов ўзининг туғма ташкилотчилиги, одамийлиги билан халқни дардини енгиллаштиришга ҳаракат қилди, имкон даражасида одамларни оғирини енгиллаштиришга ҳаракат қилди, буюк қурилишларни бошида турди. Кадрларни танлаш, тарбиялаш, жой-жойига қўйишда узоқни кўзлаб иш тутди. Ватанни севиш, халқ манфаатини биринчи ўринга қўйиш, ҳамма нарсада поклик, виждонан ишлаш Усмон Юсуповнинг асосий талабларидан эди. Усмон Юсупов раҳбарлиги даврида "кўплаб ҳақиқий элсевар, халқсевар кадрлар етишиб чиқди. Шулардан бири Шароф Рашидов эди. Усмон Юсупов биринчи марта Шаров Рашидовни 1943 йили Фарход ГЭСнинг қурилишида учратади, яъни умумхалқ ҳашарида қатнашиш учун Самарқанддан 10 минг одам келган ва Самарқанд область газетасининг бош муҳаррири Шароф Рашидов уларнинг сиёсий раҳбари эди. Ана шу буюк қурилишда, Усмон Юсупов журналист Шароф Рашидов билан яқиндан танишади ва Шароф Рашидовни бундан кейинги фаолияти Усмон Юсупов эътиборида бўлади. Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Усмон Юсупов Шароф Рашидовнинг ҳақиқий устози. Шароф Рашидов Усмон Юсуповнинг охирги кунигача унга ғамхўрлик қилди, шогирдлик бурчини аъло даражада бажарди.

1954 йили Усмон Юсуповни беъмани айблар асосида вазифасидан озод этиб, Республикадаги энг қолоқ 4-Боёвут совхозига ишга (сургун деса ҳам бўлади) юборилди. 1955 йили Мирзачўлга жўнаб кетишдан олдин Усмон Юсупов хайрлашиш учун Шароф Рашидов ҳузурига киради. Бу вақтда Шароф Рашидов Республика Олий Совети Президеумини раиси эди. Кетиш олдидан Усмон Юсупов Шароф Рашидовга "Шарофжон энди менинг ўлигим ҳам, тиригим ҳам сенсан деб чиқиб кетади". Бундай васиятни фақат энг ишонган одамга айтиш мумкин.

Шароф Рашидов эса устозини ҳеч вақт унутгани йўқ. 1976 йили Москвада "Молодая гвардия" нашриётида Борис Ресков, Генадий Седовларнинг "Усмон Юсупов" номли 65 минг нусхада китоб нашр этилди. Бу Ўрта Осиё давлат ва жамоат, фан-маданият арбобларига бағишланган биринчи нашр эди. Бундай китобнинг нашр этилиши сўзсиз Шароф Рашидов билан боғлиқ эди. Бу ҳам устозга бўлган таъзим эди.

Усмон Юсуповни кадрларга бўлган эътибори тўғрисида яна бир мисол келтирмоқчиман.

Мен матбуот саҳифаларида 50 йилларда Тошкентда илм-фан, маданият ва санъатга бағишланган катта йиғилиш бўлгани ва унда Усмон Юсупов бошчилигида республика раҳбарлари иштирок этганлиги ҳақида ўқиган эдим (афсус, газета ёки журналнинг номи ёдимда қолмаган). Шу йиғилишда кўплар қатори ёш олим Иззат Султон ҳам сўзга чиқиб, муҳокама қилинаётган масалалар бўйича ўзининг фикрини айтиб, Усмон Юсупов адресига ҳам танқидий фикрларини айтади. Бу вақтда республика Министрлар Совети раисининг шу масалалар бўйича ўринбосари вакант бўлган экан. Шу катта мансабга лойиқ номзод қидирилаётган экан. Усмон Юсупов ёнида ўтирган республика Министрлар Советининг раиси А.Абдураҳмонов ўзини танқид қилиб турган одамни кўрсатиб, “ўринбосарликка одам қидиряпсан, мана бор экану”, деб айтган экан.

Иззат Отахоновични ҳукумат бошлиғининг ўринбосари сифатида қандай ишлаганлиги ҳаммамизга номаълум. Лекин у кишининг ўзбек адабиётининг билимдони, етук ёзувчи-драматург, академик, фанимизнинг ҳақиқий жонкуярларидан бири эканлигини яхши биламан.

Усмон ота санъат аҳлининг чинакам ғамхўри эди. У мумтоз қўшиқларни жон-дилдан севар, миллий куй ва ашулалар меҳнат аҳлига беқиёс куч-қудрат бағишлашини дилдан ҳис қиларди. Шу сабабли уруш даври, жуда катта қийинчиликлар бўлишига қарамай улкан бунёдкорлик ишларини бошида бўлган. Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Мақсуд Шайхзода, Собир Абдулла, Ҳабибий сингари ёзувчи-шоирларни, Ҳалима Носирова, Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, М.Қориёқубов, М.Уйғур, Саттор Ярашев, Маҳмуджон Ғафуров, Лутфихоним Саримсоқова, Аброр Ҳидоятов, Сора Эшонтўраева сингари санъаткорни доимий равишда йўқлаб турган. Бу таниқли ижод аҳлини Усмон ота ўша даврдаги турли бало-қазолардан иложи борича сақлаган. Ҳатто, кейинчалик етук академик, адабиётшунос-олим бўлиб етишган Азиз Қаюмов Усмон отанинг уйида бир неча йил яшаганлигини, афсуски, ҳамма ҳам яхши билавермайди.

Яна бир нарсага эътибор беринг. Уруш ва ундан кейинги қийинчиликлар, етишмовчиликлар ҳар қадамда учраб турган даврда Муқимий номидаги мусиқали драма театри, Алишер Навоий номидаги опера ва билет катта театри қуриб ишга туширилган, Ўрта Осиёда ягона консерватория ва Хореография билим юрти очилган, Ўзбекистон Фанлар Академияси ўз фаолиятини бошлаган. 1948 йилда Тошкентда 2000 ўринлик концерт залининг иш бошлаши маданий ҳаётимизда катта воқеа бўлган. Буларнинг барчаси Усмон Юсуповнинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилган. Келажакка ишонч туйғуси, миллат тақдири унинг қалбини ҳеч қачон тарк этмаган.

1950 йилларнинг охирлари, баҳор фасли эди, аниқроғи апрель ойлари эди, район ёшларини раҳбари сифатида туман бўйлаб хизмат сафарига чиққандим. Тагимда мотоцикл, у пайтларда хизмат юзасидан шу ҳайдов техникасида юрардик. Боёвут совхозидаги машҳур Усмон отанинг боғи ёнидан ўтаётсам иккита "Газ-69" енгил машина турарди. Мен устозлар билан сўрашмасдан ўтиб кетолмадим, виждоним йўл қўймади. Боққа кирсам, Усмон ота билан райком партиянинг иккинчи котиби Геннадий Иванович Кретов суҳбатлашиб, боғни сайр қилиб юришган экан. Бу боғ чўлдаги чинакам гўзал, ўхшаши йўқ жаннатмакон жой эди. Усмон ота мени илиқ қарши олиб, салом-аликдан сўнг боғдаги дунёнинг турли қитъаларидан машҳур академик, республиканинг бош боғбони Ризамат ота Мусамуҳаммедов бошчилигида келтирилган дарахтлар ҳақида сўзлаб кетдилар. Чиндан ҳам боғда хурмо дарахтлари дейсизми, Лотин Америкаси ёки Европадан келтирилган ноёб дарахтлар дейсизми, ҳаммаси гуллаб-яшнаб турарди. Ўша пайтда эсимда қолгани жуда ажойиб бир сирен гул дарахт очилиб, ўзидан шундай ифор таратиб турардики, беихтиёр чўл ўртасида ажиб бир чаманзор борлигидан ҳайратда қолгандим. Шунда Усмон ота ёнимга келиб, елкамга ўзининг оғир ўнг қўлини ташлаб, "Чўлда иккита муаммо ҳал этилса, ҳаммаёқ гуллаб-яшнаб кетади. Биринчиси, дарахтларни кўпайтириш, ҳар бир хўжаликда шундай боғларни ташкил этиш. Иккинчиси, ёш кадрларни тарбиялаб, чўлга келтириш. Ана шунда Мирзачўл, Мирзагулистон бўлади", деб алоҳида таъкидлади.

Шу ўринда яна бир воқеани эслаш ўринли. 1960 йил Тошкент вилояти фаолларининг йиғилиши чақирилди. У пайтлар Мирзачўлдаги районлар Тошкент вилоятига қарарди. Пойтахтнинг "Баҳор" концерт залида ўтаётган йиғилишда Шароф Рашидов ҳам қатнашаётган эди. Зал тўла одам. Ҳамма таниқли раҳбарлар жам бўлган. Рўйхат бўйича йиғилиш президиуми сайланди. Президиумга сайланган одамлар чиқишгач, Шароф Рашидов обком партиянинг биринчи котиб Малик Абдураззоқовнинг қулоғига бир нималар деди. Шунда биринчи котиби йиғилиш қатнашчиларига мурожаат қилиб: "Ўртоқлар, йиғилишимизда ҳурматли Усмон Юсупов ҳам қатнашмоқдалар. Шу кишини ҳам Президиумга таклиф қилсак, нима дейсизлар?", - деди.

Ҳамма ўрнидан туриб, залда гулдурос қарсаклар янгради. То Усмон Юсупов ўрнидан туриб, Президиумга чиқиб жойига ўтирмагунча қарсаклар тинмади. Мана сизга, собиқ раҳбарга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат!...

Шу мажлисдан кейин кўп ўтмай Усмон Юсуповни Янгийўл районидаги “Халқобод” аграр-саноат бирлашмасига директор қилиб ўтказишди. Чўлдаги хўжаликдан, пойтахт яқинидаги совхозга раҳбар қилиб тайинлашининг ўзи Усмон Юсуповга билдирилган юксак ҳурмат белгиси эди “Халқобод” ўзбек тракти ёнида жойлашганлиги учун Шароф Рашидов қачон Сирдарё, Жиззах ёки Самарқанд вилоятларида машинада ўтиб қолса, албатта, Усмон Юсуповни зиёрат қилган, дуосини олган.

Яна бир воқеа. 1970-йилларда Маданият бўлими мудири бўлиб ишлардим. Бир куни Шароф Рашидов мени ҳузурларига чақириб: "Сиз Янгийўлга бориб келинг, эшитишимча, Усмон отанинг у ердаги ҳовлиси хароб аҳволга тушиб қолган экан. Бир икки ой муҳлат. Тегишли раҳбарлар билан шу уй-музейни тартибга келтирсангиз", - дедилар.

Менга топширилган вазифани бажариш учун ёнимга Маданият вазирининг ўринбосарини олиб, Янгийўлга бордим. Ҳақиқатан ҳам ҳовли ачинарли аҳволда. Жуда хароб аҳволга тушиб қолган, бинолар таъмирланмаган, дарахтлар қуриб қолган, ҳатто Усмон Юсуповнинг ҳайкали ҳам ташвишли аҳволда эди.

Биз район, вилоят раҳбарлари, Маданият вазирлигининг махсус таъмирлаш бошқармаси мутасаддилари билан биргаликда бир-икки ойда эмас, балки бир ярим ойда топшириқни бекаму-кўст уддаладик. Мен бу ҳақда Шароф Рашидовичга тўлақонли ахборот бердим. Шароф Рашидович барчамизга миннатдорчилик билдириб, собиқ раҳбарларга, устозларга ҳар доим ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, оқибатни эсдан чиқармасликни алоҳида таъкидлади. Бу ақидага ўзлари ҳам бир умр амал қилиб ишлаган.

Усмон ота ҳақиқий оилапарвар инсон эди. Турмуш ўртоғи билан тўрт фарзандни, яъни Леонид, Ўлмас, Инесса ва 3ояни тарбиялаб вояга етказишди. Зоя – уруш йиллари Усмон отанинг кўплар қатори асраб олган қизи эди. Мана сизга раҳбарнинг одамийлик, чин инсоний хислати. Мен Усмон отанинг Ўлмас ўғли билан Ўзбекистон киномотаграфия Давлат қўмитасида бирга ишлаганман. Ўлмас истеъдодли, санъатга яқин инсон эди. Ҳатто, режиссёр Дамир Салимовнинг икки серияли “Ҳаёт мазмуни” фильмида бош ролни отасининг образини яратган. Унинг гавдаси, хатти-ҳаракати, гап-сўзлари Усмон отанинг ўзи эди.

Улуғ инсон, фидойи раҳбар, "халқ отаси" деган муқаддас номга, эъзозга мушарраф бўлган Усмон ота Юсупов 1966 йил 7 майда бу фоний дунёни тарк этди. Унинг вафоти бутун республика аҳлининг қайғусига айланди. 8 май куни Тошкент марказий майдонида Усмон ота билан сўнгги бор хайрлашув маросими ўтказилди. Бутун Ўзбекистон Усмон Юсупов билан видолашди. Чунки маросим республика радио ва телевидениеси орқали трансляция қилинган эди.

Машҳур академик шоиримиз Ғафур Ғуломнинг Усмон Юсуповнинг вафоти муносабати билан бўлиб ўтган митингда шундай деган эди:

"Табиатнинг ўлим деб аталган мудҳиш қонуни бугун бизнинг орамиздан қадрдон Усмон Юсуповни олиб кетди. Машҳур файласуф шоир Шайх Муслиҳиддин Шерозий Саъдийнинг укаси ўлганда, "Укангиз нимадан ўлди, унинг ўлимига нималар сабаб?" – деб сўраганларида "Ҳаёт!" – деб жавоб берган экан. Балли, ҳаёт кишилар қачондир бир кун ўладилар. Аммо дўстимиз Усмон Юсупов ҳаётлар ичида ҳаётийроқ кишилардан бири эди.

Оддий бир камбағал батракнинг ўғли, Фарғона пахта заводида, Янгийўл ёғ заводида ишлаб юрган росмана бир ишчидан Усмон Юсуповдек катта давлат арбоби, халқ ташкилотчисининг етишиб чиқиши учун мутлақо шу халқ керак эди.

Тарихни инсонлар яратади. Халқимиз орасидан не-не доно давлат арбоблари, ишчи ва деҳқонлар оммасининг ишончли етакчилари, меҳнат қаҳрамонлари, фан, санъат ва адабиёт арбоблари етишиб чиқди. Ўзбек халқнинг буюк ўғлонлари Акмал Икромов, Файзулло Хўжаев, Йўлдош ота Охунбобоев, Ҳамза Ҳакимзода, Ҳамроқул Турсунқулов, Ҳабиб Абдуллаев, Ҳамид Олимжонлар қатори Усмон Юсупов ҳам ана шундай улуғ зотлардан биридир.

Хусусан, улуғ Ватан уруши йилларида у халқнинг ватанпарварлик pyҳини оширишда жонбозлик кўрсатди, фронтни керакли яроқ ва маҳсулотлар билан таъминлашда халқ қудратини уюштирди, фронт орқасининг мустаҳкам бўлишини таъминлашда иштирок қилди, уруш оқибатида хонавайрон бўлганларга меҳрибонлик қилди, етимлар бошини силади.

Меҳрибонимиз Усмон Юсупов, айниқса, санъат ва адабиётни севарди ва санъат-адабиёт аҳлининг ҳар бирига ғамхўрлик қилар эди. Хусусан, уруш бўлиб турган вазмин йилларда бизга кўрсатган меҳр-у муҳаббати ҳеч қачон ёдимиздан асло чиқмайди!". У ўз сўзини ҳамманинг қалбни ларзага солувчи "Сенга катта Фарғона каналидан салом! Сенга Фарҳод ГЭСидан салом! Сенга Каттақўрғондан салом! Сенга Мирзачўл аҳлидан салом!..." дея тугаллаган эди ўз сўзини Ғафур Ғулом...

Шароф Рашидов Усмон Юсуповнинг Янгийўлдаги ҳовлисида бўлган йиғинда шундай деган эди:

"Биз Усмон Юсуповнинг ўз қўли билан яратилган боғда ўтирибмиз. Усмон Юсуповни қадами қаерга етмасин, унинг қўли етган жойда боғлар, янги ерлар, гулзорлар, ҳаёт пайдо бўлар эди.

У ҳақиқий боғбон эди. У ўз олдига қўйган вазифаларни муваффақиятли бажариб, ғалаба билан қайтар эди. Бизлар бунинг гувоҳимиз”("ЖЗЛ" Москва, 1976 йил. 251-бет)

Йиллар ўтади. Асрлар ҳам ўтади. Неча-неча авлодлар келиб-кетарлар. Лекин Ўзбекистон деб аталмиш кўҳна заминда яшаб, раҳбарлик қилиб, оламшумул бунёдкорлик ишларини амалга оширган. "Халқ отаси" – Усмон Юсуповнинг номи тарих саҳифасида мангу қолади.

Азиз ТЎРАЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, профессор

ЎзА

Report Page