Сирдарёда ноқонуний ун савдосига чек қўйилди

Сирдарёда ноқонуний ун савдосига чек қўйилди

@Sirdaryo
Фото: Сирдарё вилояти ДСБ

Жорий йилнинг 28 октябрь куни Сирдарё вилояти давлат солиқ хизмати идоралари томонидан Гулистон шаҳар Маданият маҳалласида умумий миқдори 6 миллион 660 минг сўмлик ун маҳсулотлари савдосига чек қўйилди.

Ун нархининг асоссиз оширилиши ҳамда тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмай, савдо қоидаларига “чап бериб” фаолият кўрсатаётган омбор кўздан кечирилганда ушбу ҳудудда яшовчи фуқаро Б.А. давлат ресурсларидан ажратиладиган ун маҳсулотининг ҳар бир қопини 180 минг сўмдан сотаётганлиги маълум бўлди. 

“Oqoltin don mahsulotlari” АЖ томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда ички истеъмол бозори учун тайёрланган ун маҳсулотларининг нархи ҳар бир қопи учун 140 минг сўмдан ошмаслиги белгиланган.

Ҳуқуқбузарга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, савдога қўйилган 37 қопдаги 1850 килограмм ун маҳсулоти масала қонуний ҳал этилгунига қадар вақтинча сақловга олинди.

Сирдарё вилояти давлат солиқ хизмати идоралари томонидан сентябрь-октябрь ойларида ўтказилган 30 та назорат тадбири давомида умумий миқдори 42 миллион сўмни ташкил этадиган 11 тоннадон зиёд ун маҳсулотининг ноқонуний савдосига чек қўйилди.

Тадбирлар давомида назорат касса машинасидан фойдаланмаслик, нархларнинг асоссиз оширилиши, кирим ҳужжатлари мавжуд эмаслиги ёки давлат рўйхатидан ўтмасдан “тадбиркорлик”ни юритаётганлиги аниқланмоқда.

Ҳалол тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган лекин белгиланган қонун қоидани билмаслик оқибатида ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларга тегишли тушунтиришлар берилиб, фаолиятини қонуний амалга оширида амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Юқоридаги сингари ноқонуний савдо жараёнларига қарши курашиш баробарида, юртдошларимиздан шу каби ҳолатлар гувоҳи бўлганда, Сирдарё вилояти давлат солиқ хизмати идораларининг 67 235-03-42 рақамли “Ишонч телефони”га ёки “Soliq hamkor” ахборот тизими орқали мурожаат қилишларини сўраймиз.

Шуҳрат Рақибов,
Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси Сайёр солиқ текшируви бўлими бошлиғи

Report Page