Илм – фан тараққиёт таянчи

Илм – фан тараққиёт таянчи

@Sirdaryo
Мухсин ХОДЖИЕВ

Президентимизнинг “Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳаси бутун мамлакатимиз кенг жамоатчилиги орасида атрофлича муҳокама қилинди. Жуда муҳим ва долзарб таклифлар киритилди.

Гулистон давлат университети талаба-ёшлари ва профессор ўқитувчилари жамоаси ҳам ушбу фармон лойиҳасини онлайн ва амалий тарзда атрофлича муҳокама қилди. Бажарган ишлар таҳлил қилиниб, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Университетда илмий-тадқиқот ишлари халқ хўжалигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича олиб борилади. Олий таълим, илм, фан ва ишлаб чиқариш ўртасида инновацион ҳамкорликни таъминлаш ва изчил такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ахборот-коммуникация технологияларини узлуксиз таълим тизимига татбиқ этишнинг амалий ва методик масалаларини, био ва агробиохилма-хилликни сақлаш ва ривожлантириш доимий диққат марказимизда.

Илмий гуруҳ томонидан шўрланган тупроқлар унумдорлигини ошириш, сақлаш ва муҳофаза қилиш, Ўзбекистон ва унга ёндош ҳудудларда тарқалган ҳайвонот дунёсини ўрганиш, ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланиш босқичларида биотик ва абиотик омиллар таъсирини идора этиш, сизот сувларини тозалаш ва ундан қайта фойдаланиш ҳамда минтақа ўсимликлар дунёсини ўрганиш каби масалалар юзасидан илмий татқиқотлар олиб бораётир.

Гарчанд бироз нокамтарлик бўлсада. университет тилшунос олимлари, ўзбек адабиётининг долзарб муаммоларига, рус тили ва адабиётидан таълим бериш жараёнидаги актуал муаммоларга, таълим жараёнида ноанъанавий усулларни қўллаш орқали чет тилларни ўргатишнинг самарадорлигини оширишга жиддий эътибор қаратгани самарасида бу борада эришган ютуқларимиз мақтанса арзигулик.

Ўзбекистон бозор муносабатлари шароитида ижтимоий сиёсат ва ижтимоий адолатнинг ўзига хос томонлари, Марказий Осиё мутафаккирлари меросида ижтимоий фалсафий ва маънавий ахлоқий масалалар, қуёш энергиясидан ишлаб чиқаришда фойдаланишнинг самарадорлиги, халқаро илмий-тадқиқот муассасалари ва олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш ва Мирзачўл шароитида анорчиликни ривожлантириш ишларига ҳам жиддий эътибор қаратганимизни алоҳида таъкидлаган бўлардим.

Университет кафедралари профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари асосан Республика, Сирдарё вилояти ва минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги мавжуд муаммоларини ҳал этишга илмий асосда ёндашиш, тадқиқот натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этишга қаратилган.

Кафедраларда таълим тарбиявий, иқтисодий, ижтимоий, экологик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги мавжуд муаммолар илмий, илмий-амалий, инновацион-лойиҳавий ва диссертацион тадқиқотлар сифатида ўрганиб борилмоқда. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш технологиясини такомиллаштириш, минтақага хос қишлоқ хўжалик экинларининг янги ва истиқболли навларини танлаш, таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш соҳасида қатор ютуқлар қўлга киритилаётир.

Университетда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган Давлат илмий-техника дастурлари доирасида 2018-2020 йилларга мўлжалланган 3 та амалий, 1 та инновацион илмий-тадқиқот ишлари бажарилди.

Биология фанлари доктори, профессор Ҳ.Қўшиевнинг “С-А-2018-004” рақамли: “Анор (punica granatum L.)нинг биотехнологик коллекциясини яратиш ва патогенсиз кўчатларини олиш технологиясини йўлга қўйиш” мавзусидаги амалий тадқиқотлари асосида 63 миллион сўмлик илмий-тадқиқот ишлари бажарилди.

2018 йил давомида лойиҳа режасига асосан анорни “In vitro” шароитда кўчатларини олиш учун озуқа муҳитларининг оптимал вариантлари танланди. 20 хил анор навидан кўчатзор ташкил қилиниб, танланган озуқалар асосида анорнинг 9 та нави культурага киритилди. Культурага киритилган анор навларининг 4 тасидан “In vitro” шароитида яратилган кўчатлари тувакларга – тупроқ шароитига ўтказилди. “In vitro” шароитда анорнинг стерил ҳолдаги вегетатив танасини олиш усули ишлаб чиқилди. “In vitro” шароитда микроорганик кўпайтириш ва клонлаштиришнинг оптимал шароити аниқланди.

Қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент Т.Кулиевнинг “С-А-2018-005” рақамли:“Шўрга чидамли ўсимликлар генофондини бойитиш, cақлаш, репродукция олиш ва ундан ишлаб чиқаришда фойдаланишни йўлга қўйиш” мавзусидаги амалий лойиҳаси бўйича 63 миллион сўмлик иш бажарилди. Таркиби 700 дан ортиқ 27 турга мансуб генофонднинг 144 дан ортиқ ўсимлик навлари ва намуналари, жумладан, жўхорининг 33, Африка қўноғининг 32, маккажўхорининг 20, ғўзанинг 39 та ва мойли экинлардан 20 та коллекцион намуналари ўрганилди ва уларнинг уруғлари янгиланди.

Тадқиқот натижасида эса жўхорининг 10 та, Африка қўноғининг 8, маккажўхорининг 4, ғўзанинг 2, кунгабоқарнинг 2 та ҳамда соянинг 1 та нав ва намуналари истиқболли деб топилди. Генофонд таркибидан танлаб олинган дуккакли дон экинларидан бўлмиш виканинг “Мирзачўл-1” нави яратилди ва Ўзбекистон Давлат нав синаш комиссиясига сидерат ва озуқабоп экин сифатида синовга топширилди.

Қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Г.Миршарипованинг “С-А-2018-006” рақамли: “Ўсимлик ресурслари ёрдамида тупроқ унумдорлигини ошириш ва чорва моллари учун ем-хашак етиштириш технологиясини такомиллаштириш Сирдарё вилояти шароитида” мавзусидаги 63 миллион сўмлик илмий-амалий тадқиқот лойиҳаси бажарилиб, суғориладиган бўз-ўтлоқ ўртача шўрланган тупроқ шароитида судан ўтини соф ҳолда экиш меъёрлари ва ўриш муддатларида ўсиш-ривожланиши ва ҳосилдорлик кўрсаткичлари ўрганилди.

Шунингдек, судан ўтини дон-дуккакли экинлар (беда, вика ва кўк нўхат) билан қўшиб экишда ўсимликларнинг экиш меъёрлари, ҳамда такрорий экинга судан ўти ва дон-дуккакли экин (мош ва соя)ларни қўшиб экишда ўсимликларнинг экиш меъёрлари бўйича ўсимликларнинг ўсиш–ривожланиши, кўкат ва пичан ҳосилдорлиги аниқланди.

Экин экишдан олдин ва ҳосил йиғиштириб олингандан сўнг тажриба майдони тупроғи кимёвий анализ қилинди ва ўрганилган экинларнинг тупроқ унумдорлиги ва шўрланишга таъсири аниқланди. 2018 йилда олиб борилган ишлар қишлоқ хўжалик маҳсулотларини бирламчи қайта ишлаш, қуёш энергиясидан фойдаланган ҳолда маҳаллий хом-ашёдан сув иситкич ускуналарини ясаш ва ундан фойдаланиш, доривор ва ем-хашак ўсимликлари етиштириш технологияларини яратиш, шўрга чидамли дон экинларининг янги навларини фермер хўжаликларига жорий этиш каби долзарб муаммоларни ечишга қаратилди.

Гулистон давлат университети Европа иттифоқининг Эрасмус+(Темпус) дастурининг 574055 – EPP-1 – 2016-1-IT – EPPKA 2 – CBHE – JP регистрация рақамли “RENES: Қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф-муҳит соҳасида магистрлик дастурини ишлаб чиқиш” мавзусидаги чет эл гранти бўйича танлов ғолиби бўлгани, биз, учун катта фахрдир. 2016 йилнинг 15 октябридан 2019 йилнинг 14 октябрига қадар 3 йил муддатга мўлжалланган грант лойиҳаси доирасида 48 минг 260 Евро миқдоридаги илмий-тадқиқот ишлари бажарилди.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида қайта тикланувчи энергия манбаларидан, шу жумладан, қуёш энергиясидан фойдаланиш истиқболлари кенгаяди. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш масалаларини ечишда янгича ёндошиш лаёқатига эга бўлган муҳандисларни тайёрлашга эришилади.

Лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳукумат томонидан олиб борилаётган саноатни ва энергия манбаларини барқарор ривожлантириш борасидаги миллий сиёсатимизга тўла мос келади. Демак, республикамиз ОТМлари учун Европа стандартларига мос келадиган қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф-муҳит соҳасида магистрлик дастурини ишлаб чиқиш долзарб масалалардан бири бўлиб қолаётир.

Таклиф этилаётган ушбу чет эл грант лойиҳаси Ўзбекистоннинг 6 та ОТМларида, шу жумладан, Гулистон давлат университетида ҳам амалга оширилиши режалаштирилганини алоҳида таъкилаш жоиз.

Кейинги 3 йилда алоҳида эътибор қаратилаётган ўқув-таълим манбаларининг янги авлодини яратиш ва таълим-тарбия жараёнига жорий этиш масаласига университетда ҳар қачонгидан ҳам жиддий ёндошиб келинди. Кафедраларда ўқув фанлари бўйича яратилаётган мультимедиали электрон дарсликлар ўқув машғулотлари асосида такомиллаштирилиб, сифат даражасининг ортишига алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилда профессор-ўқитувчилар 20 дан ортиқ ўқув фанлари бўйича ўқув-таълим манбаларининг электрон шаклларини ишлаб чиқиб, машғулотлар жараёнида фойдаланиш учун тақдим этган.

Университет кафедраларида бажарилаётган илмий тадқиқот ишлари натижалари асосида яратилаётган ихтиролар, ишланмалар ва технологиялар халқ хўжалигининг турли соҳаларида фойдаланиш учун тавсия этилмоқда.

Олийгоҳимизда фаолият кўрсатаётган профессорлар Ҳабиб Қўшиев, Ҳазратқул Қаршибоев, Карим Нуриев, Абдувоит Фозилов, Бахтиёр Рахимов, Равшанбек Маҳмудов, доцентлар Гулжаҳон Машарипова, Тожиқул Қулиев, Карим Сатторов, Мустафо Бойэшонов каби кўплаб фидойи, меҳнаткаш, иқтидорли, истеъдодли олимларимиз олиб бораётган ишлар алоҳида таҳсинга лойиқ.

Сўнги 3 йил ичида ишлаб чиқариш технологиялари, сиртқи таълим, санъатшунослик факультетлари ҳамда мактабгача таълим методикаси, доривор ўсимликлар ҳамда масофавий таълим кафедралари ташкил этилди. Ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотларида мутахассислик кафедраларидан 6 тасининг филиаллари ташкил этилиб, амалий дарс жараёнлари йўлга қўйилди. Такомиллаштирилган фан дастурлари асосида эҳтиёждан келиб чиқиб 12 номдаги янги ўқув адабиёт (шу жумладан, 4 та дарслик ва 16 та ўқув қўлланма)лари яратилди.

Сирдарё вилояти муаммолари ечимига қаратилган, умумий қиймати 1 миллиард 535 миллион 330 минг сўмлик 4 та амалий лойиҳалар, умумий маблағи 30 миллион сўмлик 1 та хўжалик шартномаси, хорижий ҳамкорлар билан қиймати 83 минг 500 Евро бўлган “Қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф-муҳит соҳасида магистрлик дастурини ишлаб чиқиш” лойиҳаси, умумий қиймати 173 минг АҚШ доллари бўлган “Олий таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантиришда кластерли ёндашув: олий таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига асосланган келажак университети моделини яратиш” лойиҳаси бажарилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 27 феврал куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида бешта муҳим ташаббусни илгари сурди. Университетда “Беш ташаббус маркази”ташкил этилди. Ҳар бир ташаббус бўйича амалга ошириладиган ишлар чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва туманларга, шаҳарларга тарқатилди.

Университетда 2020-2021 ўқув йилида таълим сифатини ошириш, талабалар сонини 11 минг, магистрантлар сонини 300 нафарга оширилади. Профессор-ўқитувчилар сафига 65 нафар ёшлар жалб этилади, шундан 3 нафари хорижда таълим олганларни ташкил этади. Профессор-ўқитувчи ва ёшларнинг хорижда малака ошириши режалаштирилган. Қозон давлат Федерал университети билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари кенгайтирилиб янги 3 та таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.Талабаларда амалий кўникмаларни шакллантиришга асосий эътиборни қаратиш мақсадида ўқув жараёни кредит-модуль тизимида ташкил этилади.

Университетдаги йўналишлар сўнгги уч йил ичида сезиларли даражада кенгайди. Жорий йилда бакалавриат соҳасида 7 та, сиртқи таълим бўйича 6 та, магистратура бўйича 4 та янги йўналишлар очилди.

Мамлакатимиз раҳбарининг қабул қилинажак фармони асосида мактабларда жуда зарур ва долзарб бўлган ислоҳотлар амалга оширилади. Бу ўз навбатида умумтаълим муассасалари ўқитувчиларидан улкан масъулият ва етук илимни талаб этади. Бунинг учун эса етук билимга эга бўган кадрлар талаб этилади. Бизнинг энг асосий мақсадимиз – етук билим ва иқтидорга эга кадрларни тайёрлаб, мамлакатимиз, вилоятимиз мактабларини турли соҳалари бўйича иқтидорли мутахассислар билан таъминлашдан иборат.

Мухсин ХОДЖИЕВ,
Гулистон давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор, Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати

Report Page