«Қайтар дунё»даги Ойжамол — Гулнора Қосимова нима сабабдан АҚШга кетган? (фото)

«Қайтар дунё»даги Ойжамол — Гулнора Қосимова нима сабабдан АҚШга кетган? (фото)

@Sirdaryo
Фото: «Дарё»

Санъат вакиллари ичида шахсий ҳаёти ва ижоди сабаб хорижда яшаётганлар жуда кўп. Масалан, ёш актриса Гулнора Қосимова. «Иблис девори», «Менинг акам бўйдоқ», «Арзанда» ва «Уқубат» фильмлари билан томошабинларга яхши таниш бўлган актриса нима сабабдан АҚШга кўчиб кетди? Журналист Наргиза Муродова актриса билан онлайн мулоқотга киришиб, қатор саволларга жавоб олди, дейилади «Дарё» хабарида.

— Гулнора, нима учун АҚШга кўчиб кетганлигингиз кўпчилик учун қизиқ?

— Карьера ўз йўлига. Инсон, албатта, оила қуриши, яхши фарзандларни тарбиялаб, порлоқ келажагини яратишга уриниши керак. Америкага илк бор келганимда менда жуда илиқ таассурот уйғотган. Боиси барча мигрантлар сингари мен ҳам бу ерга ишлаш ва ўқиш учун келгандим. Тақдир экан, оила қуриб, шу ерда фарзандли бўлдим.

Фото: «Дарё»
Фото: «Дарё»

— Хорижга кўникиб кетишингиз қийин кечмадими?

— Ҳаётда таваккал қилишдан қўрқмайман. Баъзи ҳолларда панд берганини ҳисобга олмаса, жуда кўп ҳолларда менга омад олиб келади. Қаерда бўлсангиз ҳам атрофингизда иймонли, инсофли инсонлар бўлса ҳеч қандай қийинчилик сезмайсиз. Шукрки, менда ҳам шундай бўлди. Шу боис қийинчиликларни енгишим у қадар қийин кечмади.

—Санъатни тарк этганингиз ростми?

— Санъатдан кетмадим, аммо узоқ танаффус қилишимга тўғри келяпти. Кун келиб яна ижодимни давом эттириш ниятим бор.

— Америкада ҳам ижод қилишга уриниб кўрмадингизми? Ижодий жараёнларни соғингандирсиз?

— Жуда соғиндим. Ахир бу энг ёқимли ва мураккаб жараён-ку. Бу ерга келгач, ўзимни моделлик соҳасида синаб кўрдим. Қайси касбда ишлашингиздан қатъи назар ҳалол пул топсангиз, бунинг ҳеч қандай айби йўқ. Ундан кейин АҚШдаги ўзбек тўйларида бошловчилик қилишни йўлга қўйдим. Фарзандли бўлгач, барча ишларни бир четга суриб, уларнинг парвариши ва тарбияси билан шуғулланишни бошладим.

Фото: «Дарё»

— Бугунги ўзбек санъатини кузатиб борасизми? Ҳар ҳолда кимлар ижод қилаётгани сизни қизиқтирса керак?

— Агар оила аъзоларим кўришаётган бўлсагина, уларга шерик бўлишим мумкин. Атайин бирор ўзбек фильмини излаб кўрмайман. Чунки олди-қочди мавзуларда фильмларимиз жуда кўп. Рости, илгари устозлар шундай дейишса, бироз ранжирдим. Ёшим улғайиб, дунёқарашим кенгайгач, бу гапларнинг нечоғлик тўғри эканлигини тушуняпман. Бир марталик фильмлар кўпайиб кетганидан санъат чиқиндилар билан тўлиб кетган. Ватанимни ва меҳрибон халқимни соғинганим учун тез-тез Ўзбекистон кўчалари ва табиат манзаралари акс этган видеоларни томоша қиламан.

—АҚШдаги оналардан фарзанд тарбияси ва парвариши борасида нималарни ўрганишимиз керак ва аксинча улар биздан нималарни ўрганишлари керак?

— Тарбия борасида ўзбек миллатига тенг келадигани йўқ. Аммо фарзанд парвариши ва унга бўлган эътибор бирмунча суст. Масалан, ўзбекистонлик аёллар рўзғор сабаб фарзандини кўчага олиб чиқиб сайр қилдиролмайди. Бу ерда эса ёш онанинг барча эътибори фарзандига қаратилган бўлади. Атрофдагилар ҳам бу ижобий қабул қилишади. Ўғилларим билан ҳар куни табиат қўйнига чиқамиз, велосипед учамиз ва пикник қиламиз. Вақти-вақти билан денгизга чўмилгани олиб бораман. Муҳими, болаларим ҳар бир кунини завқли воқеалар сабаб хотирасига муҳрлаб қўйиши керак.

Фото: «Дарё»

— Мусофирчиликда нималарни ҳис қиласиз?

— Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан, деган гаплар нечоғлик ҳақиқат эканлигини англадим. Мусофирчиликда яшаш жуда қийин. Кимгадир омад кулиб боқади, кимгадир йўқ. Минглаб чақирим узоқда бўлсам-да, Ўзбекистонимни соғинаман. Чунки инсон ҳаётида она ҳам, Ватан ҳам битта бўлади.

— Ўзбек оиласига келин бўлганмисиз ёки…

—Америкадаги катта ўзбек оиласига келин бўлганман. Қайнонам ва овсиним билан аҳил оила бўлиб яшаяпмиз. Турмуш ўртоғим билан 2013 йилда танишиб, икки йилдан сўнг оила қурганмиз. У инсон Америкада машина бизнеси билан шуғулланади.

—АҚШда яшаб нималарни ўргандингиз. Айнан амарикаликлардан нималарни ўргансак бўлади?

— Оддийлик ва самимият борасида буларга тенг келадиган йўқ. Катта мансабдор ҳам ёки миллионер ҳам ҳамма қатори оддий инсон. Бу ердаги одамларнинг ўзини тутиши ва кийинишига қараб ким эканлигини фарқлаш жуда қийин. Бизда эса бунинг акси. Кўп ҳолларда мансаб битиб қолса, ҳеч кимни менсимай қолишади.

Фото: «Дарё»

— Қайси фильмнинг суратга олиниш жараёнларини хотирлаб турасиз?

— Суратга олиш жараёнларида қизиқ воқеалар жуда кўп бўлади. Аммо энг қизиғи «Иблис девори» фильмининг суратга олиш жараёнида бўлган. Иш тезроқ якунланиши учун ижодий жамоа бўлиб девор бузиш ишларини амалга оширганмиз.

— Қачон Ўзбекистонга қайтиш ниятидасиз?

—Аслида бу йил ёзги таътилда боришни режалаштирган эдик. Карантин сабаб бу режамиз амалга ошмади. Насиб қилса, карантин юмшагач, албатта, Ўзбекистонни саёҳат қилиш ниятимиз бор.

Report Page