Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги «Обод қишлоқ» дастуридан кейин ҳам обод бўлмаган қишлоқ ёхуд Сардоба тумани ҳокими ўқиши шарт эмас!» сарлавҳали мақолага муносабат билдирди

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги «Обод қишлоқ» дастуридан кейин ҳам обод бўлмаган қишлоқ ёхуд Сардоба тумани ҳокими ўқиши шарт эмас!» сарлавҳали мақолага муносабат билдирди

@Sirdaryo
Фото: Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги

Жорий йилнинг 30 октябрь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА веб-сайтида “Обод қишлоқ“ дастуридан кейин ҳам обод бўлмаган қишлоқ ёхуд Сардоба тумани ҳокими ўқиши шарт эмас!“ сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ушбу мақолага муносабат билдирди:

Мақолада ёритилган Ота юрт маҳалласи аҳолисини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш назоратга олинди. Вилоят ҳокимлиги, вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, туман ҳокимлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда жойига бориб юзага келган аҳвол билан танишилди. Аҳоли билан мулоқот қилиниб, уларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни бартараф этиш учун зудлик билан чоралар кўрилмоқда.

Фото: Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги

Хусусан, вилоят ҳудудидаги 3 та шаҳар ва 8 та туманда жами 1 минг 723 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, уларни 106 та ХУЖМШлари бошқариб келмоқда. Ушбу уйларда 30 минг 50 та хонадон мавжуд бўлиб, 109 минг 657 нафар аҳоли истиқомат қилади.

2018 йил давомида тасдиқланган дастурлар ижроси доирасида аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш мақсадида:

Фото: Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги

226 та уйнинг том қисми мукаммал ва жорий таъмирдан чиқарилди, 938 та кириш йўлаклари таъмирланди, 348 та темир эшиклар, 336 та кодли қулфлар ўрнатилди, 1709 м2 фрамугаларга ойна ўрнатилди. Бундан ташқари, 307 та электр шитлари таъмирланиб, 79 та уйнинг ертўла қисми тартибга келтирилди. 288 та уйнинг фасад қисми таъмирдан чиқарилди, 58 дона видеокузатув камералари, 358 дона тунги ёритиш мосламалари ўрнатилди. Шунингдек, 192 та болалар майдончаси, 197 та айвонли тандирхона, 132 та санитар узеллар қурилди. 18 та болалар майдончаси таъмирланиб, 89 823 м2 уй олди тротуар ва отмоскалари бетон қоплама қилинди.

Ушбу мақсадларга жами 33,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шундан 19,1 миллиард сўми тижорат банки кредитлари, 14,3 миллиард сўми бюджет маблағлари ва 100 миллион сўми ҳомийлик маблағларидир.

Жорий йилда ҳам қўп квартирали уйларнинг техник ҳолати ва фуқароларнинг мурожаатларини эътиборга олган ҳолда манзилли дастурлар шакллантирилиб, уйларни жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 236 та уй тўлиқ таъмирланди, 187 та уйнинг том қисми, 195 та уйнинг фасад қисми, 841 та кириш йўлаклари ва 697 та уйнинг электр тақсимловчи шитлари соз ҳолатга келтирилди. Бундан ташқари, 349 та кириш йўлакларига темир эшик кодли қулфи билан ўрнатилди, 21 ертўла тозаланиб тартибга келтирилди.

Фото: Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги

Кўп квартирали уйларнинг туташ ҳудудларини ободонлаштириш бўйича 99 880 квадрат тротуар ва отмоскалар бетон қопламаси билан қопланди. 62 та болалар майдончаси, 57 та умумий фойдаланиш санитар узели ва 83 та тандирхона қуриб битказилди. Шунингдек, 576 та тунги ёритиш мосламаси ўрнатилди. Ушбу мақсадларда бугунги кунга қадар 18,2 миллиард сўм кредит маблағи ўзлаштирилди.

Шу билан бирга, Сардоба тумани бўйича “Обод қишлоқ” дастурида белгиланган ишларни бажариш учун бугунги кунда 1,414 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Натижада 25 та уй тўлиқ, 20 та уйнинг том қисми мукаммал таъмирланди, 35 та кириш йўлаклари яхшиланди, темир эшиклар ўрнатилди. Дастурдаги барча уйларда таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Кўп квартирали уйларнинг туташ ҳудудларини ободонлаштириш бўйича 21 та тандирхона, 14 та болалар майдончаси ва 19 та ҳожатхона қуриб битказилди. Шунингдек, 5 897 квадрат метрлик тротуар ва отмоскалар бетон қопламаси билан қопланиб, 59 та тунги ёритиш мосламаси ўрнатилди.

Шу жумладан, Сардоба туманининг Ота юрт маҳалласи 2018 йил “Обод қишлоқ” дастурига киритилган бўлиб, бу ишларга жами 1,868 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бунинг эвазига 37 та уйнинг том қисми, 42 та уйнинг фасад қисми, 3 минг 839 п/м тарновлар таъмирланди ва 14 та электр шити тартибга келтирилди.

Фото: Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги

Кўп квартирали уйларнинг туташ ҳудудларини ободонлаштириш бўйича 17 та тандирхона, 9 та болалар майдончаси ва 15 та санитар узеллар қуриб битказилди. Бундан ташқари, 5 минг 598 квадрат метр тротуар ва отмоскалар бетон қопламаси билан қопланиб, мавжуд ноқонуний қурилмалар бузиб ташланди.

2018 йилда қурилган ҳожатхона ва тандирхонадаги камчиликлар бартараф этилиб, тартибга келтирилди. Автойўл ташкилоти томонидан магистрал йўлдан маҳаллага кириш учун алоҳида йўлак (тротуар) ташкил қилинди. Шу билан биргаликда, аҳолининг истаклари асосида туман ҳокимлиги томонидан қўшимча 1 та санитар узел қуриб бериш режалаштирилган. Бугунги кунда маҳалла ҳудудидаги кўп квартирали уйлар атрофида қурилиш даврида қолиб кетган чиқиндиларни тозалаш ва ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.

Амалга оширилган ишлар натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади. 

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги матбуот хизмати,

ЎзА

Report Page