Бир гуруҳ ёшлар ва маҳалла фаоллари томонидан ҳашар йўли билан Сирдарё туманидаги ички йўллар таъмирланмоқда

Бир гуруҳ ёшлар ва маҳалла фаоллари томонидан ҳашар йўли билан Сирдарё туманидаги ички йўллар таъмирланмоқда

@Sirdaryo
Фото: Жейҳун Садиков / Telegram

Кузатувчиларимиздан бири, Сирдарё туманидан Жейҳун Садиковнинг бизга хабар беришича, жорий йилнинг 27 октябрь - Якшанба дам олиш куни, эрта тонг билан кечга қадар бир гуруҳ ёшлар ва маҳалла фаоллари томонидан ҳашар йўли билан Сирдарё тумани Малик СИУ ҳудудидаги Оқйўл маҳалласи ички йўллари таъмирланган.

Келиб тушган видеолавҳалар ва уларга ёзилган видеоизоҳларга кўра, ушбу йўл бир неча йиллар мобайнида таъмирталаб ҳолатга келиб қолганлиги сабабли, маҳаллий аҳоли вакилларининг ташаббуси билан ҳашар йўли билан ушбу йўллар таъмирланмоқда.

"Олдимизда қиш ва лойгарчиликлар мавсуми. Ҳар йили транспорт воситаларининг қатновида ноқулайликлар юзага келади. Шу сабабли бир гуруҳ ёшлар, маҳалла фаоллари ва ҳайдовчилар ҳашар йўли билан қўлдан келганча маҳалламиз йўлларини таъмирламоқдамиз" - дейди суҳбатдошимиз сирдарёлик Жейҳун Садиков.

Видеолавҳадан кўриниб турибдики, мазкур йўллар таъмирланишида маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан шағал ва тупроқлардан фойдаланилмоқда.

Маълум бўлишича мазкур таъмирталаб йўллар, давлат дастурлари асосида режага мувофиқ таъмирланиши белгиланган.

Report Page