Сирдарёлик талаба Бекзод Абдувоитов — Индонезияда ғолиб бўлди

Сирдарёлик талаба Бекзод Абдувоитов — Индонезияда ғолиб бўлди

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Индонезия таълим ва маданият вазирлиги томонидан “Bulan Bahasa dan Sastra 2020” (Тил ва адабиёт ойлиги 2020) номли халқаро тадбир ташкил этилди.

ЎзАнинг хабарига кўра, тадбир доирасида “Festival Handai Indonesia” (Индонезия дўстлик фестивали)нинг ҳикоя сўзлаб бериш, нотиқлиқ санъати, қўшиқ куйлаш, шеър ўқиш, актёрлик маҳорати, аския ва репортаж олиб бориш каби 7 турдаги онлайн мусобақалари ўтказилди.

Ушбу мусобақаларда 30 мамлакатдан 100 нафардан зиёд талаба, жумладан, Тошкент давлат шарқшунослик университети индонезшунос талабалари қатнашди. Университетнинг Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва туризм факультети иккинчи босқич талабаси Шаҳзод Тўлаганов репортаж олиб боришда аъло натижа кўрсатиб, биринчи ўринни эгаллади.

Нотиқлик санъати мусобақасида ушбу факультет учинчи босқич талабаси Бекзод Абдувоитов совриндорлар сафидан жой олди. Ҳозирда у университетлараро алмашинув дастури бўйича Индонезиянинг Ислом Маланг университетида онлайн тарзда таҳсил олмоқда.

28 октябрь куни фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик талабаларга Индонезия таълим ва маданият вазирлиги томонидан пул ва қимматбаҳо совғалар топширилиши белгиланди.

– Бу муваффақият ёшларимизни илҳомлантиради ва янада юксак марраларга чорлайди, – дейди Тошкент давлат шарқшунослик университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Элёр Маҳмудов. – Ш.Тўлаганов ва Б.Абдувоитов кечки ва сиртқи бўлимларда таҳсил олади. Бу мамлакатимизда қўшимча таълим шаклларини жорий этиб, ёшларга ўқиш учун кенг имконият яратилгани натижасидир. Индонезшуносларнинг ушбу ютуғи профессор-ўқитувчиларимиз, қолаверса, Индонезиядан таклиф этилган икки нафар волонтёр Алфред Боби Тангконда ва Дви Харианинг меҳнати самарасидир.

Яқинда Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Индонезиянинг Ислом Маланг университети ўртасида онлайн меморандум имзолаш маросими ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.

Бекзод Абдувоитов

Маълумот ўрнида, Бекзод Абдувоитов 2000 йил 12 октябрда Гулистон шаҳрида туғилган. 2015 йилда Тошкентдаги Успенский номли мусиқа академик лицейини ҳамда 2018 йилда Гулистон ахборот ва компюътер технологиялари коллежини тугатиб, Тошкент шарқшунослик институтининг хорижий давлатлар иқтисодиёти факультети талабалигига қабул қилинган.

Report Page