Сирдарё вилоятидаги агрокластерлар раҳбарларининг республика агрокластерларига мурожаати

Сирдарё вилоятидаги агрокластерлар раҳбарларининг республика агрокластерларига мурожаати

@Sirdaryo
Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Ҳурматли агрокластер раҳбарлари, тадбиркорлар!

Давлатимиз раҳбари жорий йил 13 октябрь куни Оқолтин туманида биз билан бўлиб ўтган суҳбатда: “Қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларидаги кластерлар жойларда тадбиркорликни ривожлантиришнинг локомотиви бўлиши керак”, ҳамда “кластер тизими – бу манфаатдорлик, соҳага илм-фан ва инновациянинг кириб келиши, қишлоқ хўжалигининг келажаги ва рақобатбардош бўлиши демакдир”, деб таъкидладилар.

Қишлоқда кластер тизими аграр тармоқ иқтисодиётининг “асосий ўсиш нуқтаси” сифатида белгиланди.

Бу янги йўналиш қишлоқ хўжалигига саноатни олиб кириш, хомашёни чуқур қайта ишлаб, рақобатбардош тайёр маҳсулот ва қўшилган қиймат ҳажмини кўпайтириш ҳамда янги иш ўринларини яратишда асосий куч бўлиши учун барча имкониятларни бермоқда.

Авваллари маҳсулот ишлаб чиқариш учун моддий ресурслар етишмаслиги, сув таъминотидаги узилишлар, кредит олишдаги тўсиқлар, замонавий ускуна ва техникаларни четдан олиб келишда миллий валютамизни конвертация қилиш билан боғлиқ муаммолар тадбиркорлик соҳасидаги фаолиятимизни ривожлантиришда катта қийинчиликлар туғдирганини, ўйлаймизки, ҳеч биримиз унутганимиз йўқ.

Бугун янги Ўзбекистонда халқимиз ва келажак авлод фаровонлиги йўлида аниқ режалар, улкан ишлар амалга оширилаётган бир даврда давлатимиз раҳбарининг азму шижоати, кучли ва оқилона сиёсати ҳамда тизимли ислоҳотлари биз тадбиркорлар учун янги ва жуда катта имкониятлар эшигини очиб бермоқда.

Президентимизнинг коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши кураш шароитида тадбиркорликни, жумладан, агрокластерларни қўллаб-қувватлашга оид қатор фармонлари соҳа вакилларига қаратилган юксак ғамхўрлик ва эътиборнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.

Ўз вақтида қабул қилинган ушбу ҳужжатларга биноан сув солиғи 50 фоизга қисқартирилди, табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилди, олинган кредитлар фоизларини тўлаш узайтирилди.

Энг асосийси, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 2019 йилда пахта етиштириш учун олинган кредитларни қайтариш муддати кечиктирилди. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилди.

Пахта хомашёсини етиштиришда давлат буюртмаси тўлиқ бекор қилиниб, қишлоқ хўжалигида эркин бозор тамойиллари шакллана бошлади. Биз тадбиркорлар бундан чексиз миннатдормиз, албатта.

Учрашувда Юртбошимиз қўшимча фаолият турларини янада ривожлантириш ҳисобига қишлоқ аҳолисини, айниқса, эҳтиёжманд оилалар, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлашда асосий куч бўлишимиз зарурлигини таъкидлаб ўтдилар. Бу бизнинг ҳамиша энг биринчи даражали вазифамиз бўлиши лозим.

Биз – сирдарёлик тадбиркорлар, агрокластер раҳбарлари яратиб берилаётган ушбу имконият ва шарт-шароитлардан юқори даражада фойдаланган ҳолда, сўнгги уч-тўрт йилда хомашёни қайта ишлашдан тортиб, тайёр маҳсулот яратишгача бўлган фаолият йўналишларида 

1,7 триллион сўмлик лойиҳаларни амалга ошириб, 5 мингдан ортиқ доимий янги иш ўринларини яратдик.Бу муҳим ишларни изчил давом эттириб, 2020-2021 йилларда қўшимча равишда 3,2 триллион сўмлик лойиҳаларни бажарган ҳолда, яна 12 мингдан ортиқ иш ўринларини яратиб, “темир дафтар”га кирган 4488 нафар, “аёллар дафтари”даги 2587 нафар ва “ёшлар дафтари”даги 4936 нафар ишсизларни банд қилишни олдимизга режа қилиб олганмиз.

Қадрли тадбиркорлар, агрокластер раҳбарлари!

Бугун енг шимариб, ғайрат-шижоат билан ишлайдиган замон, давлатимиз раҳбарининг ислоҳотларига “лаббай” деб жавоб берадиган вақт келди.

Қишлоқ жойларида янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этган ҳолда, халқ дастурхонига сифатли ва арзон маҳсулотларни етказиб бериш орқали, қишлоқ аҳолисининг фаровон турмуш кечириши ва ёрдамга муҳтожларнинг дардига дармон бўлиш учун ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз шарт ва зарур деб ҳисоблаймиз.

Айни вақтда биз доимий тарзда ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш учун замонавий корхоналарни ишга туширишимиз, маҳсулотларни экспорт қилишимиз, йил давомида фаолиятимиз узлуксизлигини таъминлашимиз керак.

Шундан келиб чиқиб, биз сирдарёлик тадбиркорлар, агрокластер раҳбарлари олдимизда турган долзарб вазифаларни амалга ошириш мақсадида қуйидаги масалаларга жиддий эътибор қаратишингизни сўраб, мурожаат қиламиз:

биринчидан, фаолиятимиздаги ташкилий масалаларни яна бир бор таҳлилий кўриб чиқиб, “Бугунги пандемия шароитида аҳолига қандай ёрдам бера оламиз?”, деган нуқтаи назар билан олдимизга қўйилган вазифаларни қайтадан режалаштириб олайлик.

Қишлоқ жойларида тадбиркорликни ва саноатни ривожлантириш учун барча ишбилармон ва ташаббускор кишиларга кўмакчи, елкадош ва йўл кўрсатувчи бўлишимиз лозим;

иккинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қиймат яратишга қаратилган янги лойиҳаларни ишлаб чиқиб, келгуси икки йилда “темир дафтар”, “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари”даги ишсиз аҳолининг тўлиқ бандлигини, барқарор даромад олишини, турмуш шароити яхшиланишини ва камбағалликдан чиқишини таъминлайлик;

учинчидан, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, рақамли технологияларни жорий қилиш, ресурс тежовчи замонавий усулларни кўллаш ва қишлоқ хўжалигида механизация даражасини ошириш орқали маҳсулот ишлаб чиқариш таннархини камайтириш ва ҳосилдорликни кўпайтириш ҳисобига манфаатдорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратайлик;

тўртинчидан, бугунги пандемия шароитида мамлакатимиз мавқеини жаҳон миқёсида янада кўтариш учун халқаро бозорларга юқори сифатли тайёр маҳсулотларни етказиб бериб, давлатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшайлик.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Юртбошимиз ва халқимизнинг бизга эркин тадбиркор бўлиб, катта даромад ва фойда топиш орқали бадавлат бўлиш имкониятини бергани ва юксак ишончи учун чексиз мамнунмиз.

Сизни ҳам жонажон Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида олдимизда турган улкан ва масъулиятли вазифаларни адо этишда сидқидилдан, ҳалол ва фидокорона меҳнат қилишга чақирамиз!

Шундай шарафли йўлда барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, эзгу ва олижаноб ишларингизда чексиз муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз. 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
Ахборот хизмати

Report Page