«Суюнчи»даги Назира 57 ёшда: У нега Африкада яшайди ва нима сабабдан кинони тарк этган?

«Суюнчи»даги Назира 57 ёшда: У нега Африкада яшайди ва нима сабабдан кинони тарк этган?

@Sirdaryo
Фото: «Дарё»

Ўзбек киносининг олтин фондидан муносиб жой олган «Суюнчи» фильми 38 йилдан буён экранлардан тушмай келмоқда. Томошабинлар учун ҳамон севимли ҳисобланган картина актёрларининг ҳаёти ва фаолияти доимо кўпчиликни қизиқтиради. Айниқса, фильмда Назира ролини талқин қилган Шаҳноза Шамсиева (Ҳамроева)нинг тақдири миллионлаб кино мухлисларда турли саволларни уйғотиши шубҳасиз. 1997 йилдан бери Африка қитъасидаги Замбия Республикасида истиқомат қилаётган Шаҳноза Шамсиева бугун, 28 октябрь куни 57 ёшини қаршиламоқда. «Дарё» мухбири Миролим Исажонов собиқ актриса билан интернет орқали боғланиб, суҳбат уюштирди, дейилади «Дарё» хабарида.

Фото: «Дарё»

«Дадамни бир амаллаб кўндиришган»

«Суюнчи»да роль ўйнашим тасодифан юз берган. Ўшанда 17 ёшда эдим. Укам Улуғбек Ҳамроев фильмларда роллар ўйнаб юрарди ва у паспорт ёшига етмаганлиги боис гонорарлари менинг номимга ёзиларди. Бир куни одатдагидек Улуғбекнинг пулини олиш учун «Ўзбекфильм»га бордим. Кутиш залида турсам, бир эркак киши менга қаради ва «Бу менга нега бунчалик тикилиб қолди», дея энсамни қотириб, орқага ўгирилдим. Кейин билсам, улар машҳур режиссёр Мелис Абзалов экан. Қисқа суҳбатимиз мобайнида анчадан бери Назира ролига мос келадиган актриса қидириб тополмаётгани ва мени шу ролга муносиб кўрганини таъкидлаган. Уйга бориб отамни Мелис аканинг таклифидан бохабар қилганимда қатъий рад этган. Орадан маълум вақт ўтиб, бувим ва Мелис Абзалов биргаликда бир амаллаб дадамнинг розилигини олишган».

Фото: «Дарё»

«Ана Назира, уф-уф, чой», дейишарди»

«Камера қаршисида туриб, биринчи марта гапирганим туфайли бошида бу ҳолат менга қизиқ туюлган. Лекин сира қийинчиликлар бўлмаган, иштирокимдаги кадрлар осон тасвирга туширилган. Фақат Назиранинг қошига ўсма қўядиган саҳна бир неча марта дубль қилинган. Чунки қошимни хунук чиқиб қолишни хоҳламаганман. Мелис ака «Айтганимдек ўсма қўйсанг янада кулгилироқ ва қизиқарли чиқади», дея мени кўндирган. Назира роли учун 700 сўм атрофида гонорар олганман. У пайтларда бу катта пул эди.

Фильм оммага ҳавола қилинганидан сўнг кўча-кўйда кўпчилик танирди. «Ана Назира, уф-уф, чой», дейишарди. Ҳар сафар Тошкентга борганимда ҳам юртдошларимиз орасида мени танийдиганлар топилади».

Фото: «Дарё»

«Зайнаб Садриева билан бир хонада яшаганман»

«Биласизми, эпизод роль орқали томошабинларнинг тилига тушишни тасаввур қилмаганман. Балки, у пайтларда ёш бўлганим учунми ёки машҳурликка қизиқмаганманми, билмадим... Ҳалигача ижром ҳақида илиқ фикрлар айтишса, қувонаман.

Фильмни интернет орқали кўрганимда ёшлик пайтларим, ўқувчилик даврларим ёдимга тушади. Кино Тошкент вилоятидаги қишлоқларнинг бирида суратга олинган. Сёмка жараёнлари якунига қадар устоз санъаткор Зайнаб Садриева билан бир хонада яшаганман. Улар ўз набирасидек яқин олиб, ҳам ҳаётий, ҳам санъатга оид маслаҳатлар берарди. Қаттиққўл, тартиб-интизомли аёл сифатида хотирамда қолган. Тасвирга олишда қизиқарли воқеалар кўп бўлган. Яқинда Абдурайим Абдуваҳобовнинг вафоти ҳақидаги шумхабарни ўқиб, суратга олиш пайтидаги хотиралар яна кўз олдимда жонланди. Абдурайим ҳиндча қўшиқлар куйлаб, бизни роса кулдирарди. Афсуски, картинадаги актёрларнинг ҳеч қайсиси билан ҳозиргача алоқамиз йўқ. Абдурайим билан ҳам йигирма йил аввал кўришгандим».

Фото: «Дарё»

«Африкада шифокор бўлиб ишлайман»

«Суюнчи»дан кейин кўплаб фильмларга таклифлар бўлган. Лекин дадам рухсат бермаган. «Келинлар қўзғолони»даги Нигорани ҳам менга топширмоқчи бўлишганида отам кўнмаган. Ўзимда санъатга қизиқиш кучли бўлса-да, аммо уйдагиларнинг қаршилиги сабаб роса иккиланганман ва охири ўқишимни устун билдим. Ота-онам хоҳлагандек, болалар шифокори бўлдим. Тошкент педиатрия институтини тамомлагач, Тошкент шаҳридаги 1-болалар шифохонасида ишладим. Бир неча йил тиббиёт коллежида ўқувчиларга дарс бердим. Кейин, яъни 1997 йилнинг апрелида турмуш ўртоғим иккимиз Замбияга келишга қарор қилдик. Ҳозир шифохоналардан бирида педиатр бўлиб ишлайман. Бу ерда кўплаб ўзбекистонлик оилалар бор. Барчамизнинг муносабатларимиз жуда илиқ, тез-тез йиғилиб турамиз.

Замбия тез ривожланаётган республика ҳисобланади. Биз яшайдиган Ливингстон ҳам жуда чиройли ва туристик шаҳар. Бу ерда Виктория шаршараси ҳам жойлашган. Хонадонимизга Ўзбекистондан келадиган меҳмонлар «Биз Африкани бундай тасаввур қилмагандик, яйраб дам олдик», дея ҳайратланиб фикр билдиришади».

Фото: «Дарё»

Шахсий ҳаёт

«Санъаткорлар сулоласи вакилиман. Дадам Наримон Ҳамроев асли наманганлик бўлиб, машҳур актёр Раззоқ Ҳамроевнинг ўғли бўлади. Онам Муҳаббатхон ая эса бухоролик. Ҳозир 79 ёшда, кексалик гаштини суряпти. Оилада икки фарзандмиз: мен ва укам. Улуғбек бугунги кунда Россияда кинооператор сифатида фаолият юритади.

Шахсий ҳаётимга тўхталадиган бўлсам, умр йўлдошим билан касбдошмиз. Уч нафар фарзандимиз, икки нафар неварамиз бор. Тўнғич ўғлим Шерзод оиласи билан Францияда яшайди. Қизим Райҳонни ҳам узатганман, у Замбияда истиқомат қилади. Кенжам Шуҳрат эса Жанубий Африкадаги олийгоҳларнинг бирида таҳсил олади.

Ўзбекистонга охирги марта шу йилнинг бошида бориб келдим. Мен она Ватанимдан олисда бўлсам-да, ҳамиша қалбан ўзбекистонликман. Ўзбекча гапириш ва ўзбекона урф-одатларимизни ҳеч қачон унутмаганман».

Report Page