Саховатпешаларга “Меҳр-саховат” кўкрак нишонлари топширилди

Саховатпешаларга “Меҳр-саховат” кўкрак нишонлари топширилди

@Sirdaryo
Фото: Фурқат ТОШМАТОВ / ЎзА

Гулистон шаҳар ҳокимлигида “Сардоба” сув омбори тошқинини бартараф этишда ҳамда пандемия даврида кам таъминланган, “Саховат ва кўмак” умумҳаракати доирасида ёрдамга муҳтож, вақтинча ишсиз қолган фуқароларга ёрдам кўрсатган бир гуруҳ юртдошларимиз “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Тақдирланганлар орасида сув тошқини талафотларини бартараф этиб, обод қилиш ва аҳолига қулай шароит яратишда жонбозлик, фидойилик, пандемия даврида ҳомийлик, меҳр-саховат намунасини кўрсатган ишбилармон ва тадбиркорлар, коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморларни ўз жонларини гаровга қўйиб даволаган тиббиёт ходимлари, “Сардоба” сув омбори тошқини пайтида аҳолини эвакуация қилиш учун ўз автотранспортларини фавқулодда ҳолат юз берган ҳудудга йўллаб, ҳозирда ҳам шу ҳудуд аҳолисига беминнат хизмат кўрсатаётган саховатпеша инсонлар борлиги ҳар биримиз учун фахрлидир.

Жумладан, “Саховат ва кўмак умумҳаракати доирасида Гулистон шаҳридаги “Абдулазиз Евро-строй” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шуҳрат Эргашев 400 миллион сўмлик, “Умар нерудник” МЧЖ раҳбари Азим Ходжиев 300 миллион, “Гулистон мадад қурилиш” МЧЖ раҳбари Юсуф Караев 200 миллион, “Dantes Construction” МЧЖ раҳбари Дантес Устажалилов 70 миллион сўмлик беғараз моддий ёрдам кўрсатди.

Шаҳардаги “Ширинтой ва кичкинтой Сабина” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Барчиной Усмонованинг саховати алоҳида таҳсинга лойиқ. Барчиной тошқиндан зарар кўрганларнинг 500 нафаридан ортиғига, Гулистон шаҳри ва туманидан кам таъминланган оилаларнинг 200 нафардан ортиғига озиқ-овқат, 3 мингдан ортиқ тиббиёт ходимлари ва фуқароларга тиббий ниқоб ва антисептик воситаларни бепул тарқатди.

Фото: Фурқат ТОШМАТОВ / ЎзА

Тадбирда Гулистон шаҳар ҳокими Тўлқинжон Дадабаев сўзга чиқиб, эл-юртимиз бошига тушган синовли пандемия кунларда, сув тошқинидан кўрилган талофат оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган барча-барчага ўз миннатдорчилигини билдирди. 

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА

Report Page