Тўй эл олдидаги қарзми? Ёки ўттиз кишилик тўй тартибининг афзалликлари

Тўй эл олдидаги қарзми? Ёки ўттиз кишилик тўй тартибининг афзалликлари

@Sirdaryo
Фото: "Халқ Сўзи Online"

Тўй аслида нима ўзи? Уни ўтказишдан мақсад нима? Аниқки, ушбу саволга ҳаммамиз эл олдидаги қарзимизни узиш деб жавоб берамиз.

Ҳа, тўғри, тўй ота-боболаримиздан қолган азалий удум. Фарзандининг бошини қўш қилиб, оила деб аталмиш муқаддас қўрғонини бунёд этаётганда эл оғзига ош тутиш ҳар бир ота-онанинг орзуси. Шундай экан, тўйни элдан қарзни узиш дейишда ҳам жон бор. Аммо ҳамма гап уни қай тарзда узишда?

...Очиғи, шу кунлардаги тўйлар бундан беш-олти ой аввалгилари -кимузарга айланганларига қараганда кўнгилларни хотиржам қилмоқда. Яъни юртимизда айни пайтда ўттиз кишилик тўй тартиби амалда. Бу ҳолат дунё муаммосига айланган коронавирус пандемияси шароитида юзага келганлиги ҳаммага маълум, албатта.

Қувонарлиси, мазкур ихчам тўйлар ҳар жиҳатдан қулай, барчага манзур бўлганлигини кўпчилик эътироф этмоқда. Кечки дастурхон атрофида бобом шу ҳақда сўзлаб қолдилар. Яқинда ён қўшнимиз Абдумажид ака ўғлини уйлантирган эди.Бобом ихчам дастурхон тузалганини, 10 килоча гурунч дамланганини айтдилар. Бобомнинг сўзларидан тўй барчага маъқул тушганлиги билиниб турарди.Бундай кам кишилик тўй олдинги, халқ тилида данғиллама деб юритиладиганига ўрганганлар учун албатта, ғайритабиий туюлиши табиий ҳол. Аммо бир ўйлаб кўрайлик, тўй икки ёш бахтини, янги ҳаёт остонасига қадам қўяётганлигини нишонлаш учун қилинмайдими, аслида. Уни мусобақага айлантириш эса ҳеч ҳам зарур бўлмаган одат.

Аввалги тўйларимизни шунчалар катта харажат сарф қилиб ўтказар эдикки, оз вақт ўтиб ҳамён бўшлиги дилни хира қилар, маросимдан сўнг топганимизнинг деярли барчаси қарзларни тўлашга кетар эди. Тўй баҳона ўзгаларга ўз мол-давлатини мақтаниш гўёки дабдабали тўй қилса барчанинг ёнида ҳурматли, обрўли инсонга айланиш каби қўштирноқ ичидаги иллатлар яхшики, бугунги кунда ўз ниҳоясига етди. Қатъий талаб барчасига чек қўйди. Натижада авваллари кўп кишилик тўйга сарфланган харажатдан тежалгани ҳозирги кунда қанча -қанча оиланинг кейинги турмуши бир маромда, хотиржам давом этишини таъминламоқда. Яна янги оиланинг рўзғори бут бўлаётганини айтмайсизми!?

Ўзбек оиласи азалдан кўп қариндош–уруғ, дўсту биродарларга эга. Уларнинг бари таклиф қилинса, энг кам давра юз нафардан ошиқ бўлиши аниқ. Аммо ўттиз кишилик тўйга ҳаммасини ҳам чақириб бўлмайди.Хўш, мазкур тартибда ҳаммасининг кўнглини олиш учун нима қилиш керак? Бизнингча, тўй қилаётган оила ҳам, «таклиф қилинмаса уят бўладиган» киши ҳам бу ҳолатни тўғри тушуниши ва шунга ўрганиши лозим. Демоқчимизки, «Айтмасам хафа бўлади» ёки «Мени айтмабди» деган гаплардан йироқ бўлсак, икки томонга ҳам фойдали. Қолаверса, келмасангиз-да яқинингизни тўйини бир оғиз илиқ сўз билан «Қуллуқ бўлсин» қилиб қўйсангиз, унинг кўнгли ёришади. Сиз ҳам қарзингизни узган бўласиз. Энг муҳими эса, ўзингизга ҳам, яқинларингизга ҳам фойда келтирасиз.Кузатишимизча, юртдошларимиз аллақачон бундай андиша ва истиҳолалардан йироқ бўлмоқда.Тўғри тушуниб, ўттиз кишилик тўйнинг афзалликларини эътироф этган ҳолда, бу тартибнинг пандемиядан кейин ҳам амалда муқим қолишини исташмоқда.Умид қиламизки, албатта шундай бўлади ва неча йиллардан буён долзарб муаммога айланиб келаётган дабдабали, кимўзар, исрофли тўйлар тарихда қолади. Ўзбек тўйлари бор миллий анъаналарини сақлаган ҳолда давом этади ва тежалган маблағдан оилалар гуллаб-яшнайди, янада фаровон бўлади.

Гап аввалида тўй бу эл олдидаги қарзни узиш дедик. Шу маънода таъкидлаш ўринлики, ота-боболаримиз, улуғларимиз айтганларидек катта тўй қилиб эл олдидаги қарзни узиш ниятини бошқа эзгу ишлар билан ҳам амалга оширса бўлади. Дейлик, маҳалласидаги эҳтиёжманд оилага ёрдам ёки халққа хизмат қиладиган бирор бир иморат қуриб бериш билан.

Хулосада бир мисол. Ёзда ўтказилган, илк ўттиз кишилик тўйлардан бирининг соҳиблари хайрли иш қилди. Келин-куёв Гулистон шаҳридаги «Болалар шаҳарча»сига ташриф буюрди. Қуруқ қўл билан эмас, катта тўйдан тежалган маблағ ҳисобига болалар учун бир олам совға-салом билан. Шаҳарчага тўй руҳи кириб келди, тарбияланувчилар қалбига эса унутилмас қувонч шукуҳи. Негаки, хонадонларда бўлгани каби кўнгли ўксик ўғил-қизлар ҳовлисидан ҳам келин-куёв қадам ташлади...

Диёра МИСРАЛИЕВА,
Гулистон тумани | "Халқ Сўзи Online"

Report Page