Сирдарё вилояти божхона бошқармаси фаолиятига доир

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси фаолиятига доир

@Sirdaryo
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрь кунидаги 2019 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар юзасидан Олий Мажлисга Мурожаатномасида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига, барча вазирлик, идора-ташкилотлар раҳбарларига мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий ривожланишини, тадбиркорлик ва инвестициялар учун қулай муҳит яратилишини таъминлаш ҳамда олдимизга белгилаб олинган мақсадларимизга етишиш учун амалга оширилиши лозим бўлган устувор йўналишлар белгиланди.

Шу жумладан, божхона органларига ҳам 2019 йил давомида божхона тартибларини кескин соддалаштириш, божхона назорати пунктлари ҳамда юкларни расмийлаштириш постларини тубдан ислоҳ қилиш, юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий талабларга жавоб берадиган, “ягона дарча” тамойили асосида фаолият кўрсатадиган божхона  комплексларини барпо этиш, бу борада ишларни тизимли ташкил этиш юзасидан топшириқлар берилди.

Бугунги кунда ушбу вазифалар ижроси юзасидан Сирдарё вилояти божхона бошқармасида тизимли равишда ишлар амалга оширилмоқда.

Соҳада юз бераётган ўзгаришларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари шулар жумласидандир. Хусусан, 2019 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган шарт-шароитлар ва қулайликлар, ташқи иқтисодий фаолиятга ва божхона чегаралари орқали товарларни олиб ўтишга доир қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини ўз вақтида етказиш ва уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан вилоят худудида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар, ишбилармонлар, экспортёрлар, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, декларантлар, олий ўқув юрти, касб-ҳунар коллежлари ва лицей талабалари, мактаб ўқувчилари, божхона постлари атрофида яшовчи аҳоли ва божхона постлари орқали харакатланадиган фуқаролар ҳамда ходимларнинг ота-оналари билан оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида 140 та учрашув, семинар, давра суҳбатлари ва йиғилишлар ўтказилди.

Ҳисобот даврида ундирилиши лозим бўлган божхона тўловлари бўйича белгиланган режа 112,4 % га бажарилиб, давлат бюджетига 61,83 млрд. сўм ўтказилди.

Ҳисобот даврида бошқарма томонидан контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш йўналишида жами 563 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 3 млрд. 596,6 млн. сўмлик товар-моддий бойликлари ушлаб қолинди.      

Жумладан:

- 40 та ҳолатда 35,4 млн. сўмлик 901,5 литр спирт ва алкоголь маҳсулотлари;

- 136 та ҳолатда 651,5 млн. сўмлик озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги махсулотлари;

- 7 та ҳолатда 11 млн. 173. минг сўмлик 10 412 кг. қора ва рангли металл маҳсулотлари;  

-  4 та ҳолатда, шундан 1 та ҳолатда 1,6 гр. “гашиш”, 2201 гр. “марихуана” ва 70 туп канопля (наша) гиёҳвандлик моддалари;  

- 6 та ҳолатда 13079 дона инсон онгига салбий таъсир  кўрсатувчи психотроп таблеткалар;  

- 3 та ҳолатда 3 дона ўқотар қуролларнинг ноқонуний айланувининг олди олинди.

Шу билан бирга, 2019 йил 12 октябрь куни Давлат божхона қўмитасида бўлиб ўтган йиғилишда ўтган давр мобайнида бошқарма фаолиятида йўл қўйилган айрим камчиликлар ҳам кескин танқид қилиниб, келгусида бу каби камчиликларни олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалри билан алоқалар гуруҳи

Report Page