O`zLiDeP БИРЙЎЛА УЧ ЭГИЗАКНИ ДУНЁГА КЕЛТИРГАН ОНАНИ ҚУТЛАДИ

O`zLiDeP БИРЙЎЛА УЧ ЭГИЗАКНИ ДУНЁГА КЕЛТИРГАН ОНАНИ ҚУТЛАДИ

@Sirdaryo
Сирдарёлик уч эгизаклар

Сирдарё вилоятининг Ховос тумани Меҳнатобод ҳудудида истиқомат қилувчи Охуновлар оиласида бир йўла 3 нафар эгизак фарзанд дунёга келди.

Бу ҳақда O`zLiDeP Гулистон шаҳар Кенгаши Аппарат раҳбари Лола Кенжаевадан хабар олинган заҳоти партия вилоят Кенгаши аёллар бўлими раҳбари Сабоҳат Бабаева, партия фаоли, тадбиркор Дилфуза Мансуровалар вилоят перенатал марказига ошиқдилар.

-Турмуш ўртоғим оддий деҳқон,-дейди эгизакларнинг онаси Юлдузхон.- Ҳомиладорликнинг бошланишидан турар жойимиздаги тиббиёт муассасасида назоратга олингандим. Фарзандларимнинг эгизак бўлишини билардим. Аммо, бирйўла уч фарзанднинг дунёга келишини хаёлимга ҳам келтирмагандим.

Перенатал маркази шифокорларининг таъкидлашларича ҳозирда чақалоқларнинг ҳам, онанинг ҳам аҳволи яхши. Болаларни парваришлашда бевосита онанинг ўзи иштирок этмоқда.

Юлдузхон унга ўз вақтида ёрдам кўрсатиб, эсон-омон қутилиб олишида кўмак берган перенатал маркази директори Маъруфат Турдиева, аккушер гинекологлар Матлюба Мирзақулова, Кумушой Султоновалардан миннатдорлигини билдирди. Айни пайтда Феруза Аҳмедова, Назокат Давлатова каби неонотолог шифокорлар ҳам она ва бола саломатлигини мунтазам назорат қилиб туришибди.

Партия фаоли Дилфуза Мансурова уч нафар чақалоқнинг ҳар бирига чақалоқлар йўргаклари, кўрпачалари, мавсумий кийимларни совға қилди.

- Мана шундай озод ва обод юртда туғилган фарзандларимга Шавкат, Миромон, Мирзиё деб исм қўйишни ният қилиб турибман- дейди Юлдузхон.

Дилором ЭСОНОВА,
O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Матбуот котиби.

Report Page