Карантин даврида алимент пулларини тўламаслик жавобгарликдан озод қилинмайди

Карантин даврида алимент пулларини тўламаслик жавобгарликдан озод қилинмайди

@Sirdaryo
Фото: Google Images

Бош қомусимиз ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига мувофиқ, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96-моддасига мувофиқ, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддасида, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик - ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлишлиги белгиланган.

Бироқ айрим фуқаролар юқорида қайд этилган Конституция ва кодекслар талабларига риоя қилишмаётганлиги аниқланган.

Жумладан, фуқаро Л.И.дан фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 2017 йил 4 декабрдаги суд буйруғига кўра, Л.С.нинг фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун фарзанди вояга етгунига қадар ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент тўлаб бориш мажбурияти юклатилган. Аммо, фуқаро Л.И. тўланиши лозим бўлган маблағни 2020 йилнинг апрель ойидан 2020 йилнинг сентябрь ойига қадар жами 3.661.200 сўм алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келганлиги аниқланган.

Мазкур маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш Янгиер шаҳар маъмурий суди томонидан 2020 йил 16 октябрь куни кўриб чиқилиб, суднинг қарорига кўра, фуқаро Л.И. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, унга шу модда билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Демак, карантин даврида алимент пулларини тўламаслик жавобгарликдан озод қилинмайди.

С.Рустамов,
Янгиер шаҳар маъмурий судининг раиси

Report Page