Озиқ-овқат саноатига инновацион технологияларни татбиқ этиш масаласи муҳокама этилди

Озиқ-овқат саноатига инновацион технологияларни татбиқ этиш масаласи муҳокама этилди

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Гулистон давлат университетида “Озиқ-овқат саноатига инновацион технологияларни татбиқ этишнинг долзарб масалалари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда республикамиздаги олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, олийгоҳлардаги ишлаб чиқариш технологиялари факультетларининг битирувчи босқич талабалари ва Сирдарё вилоятидаги мутасадди ишлаб чиқариш корхона ҳамда идораларининг вакиллари иштирок этди.

Анжуман иштирокчилари “Ёғ-мой соҳасида маҳсулотлар сифатини ошириш ва озиқавий хавфсизликни таъминлашда инновацион ишланмалар”, “Товарлар кимёсининг озиқ-овқат қўшилмалари ишлаб чиқаришдаги роли”, “Қишлоқ хўжалик чиқиндиларидан органик ўғит тайёрлашда қайта ишлаш технологиясини такомиллаштириш”, “Ишлаб чиқаришда инновацион технологиялар”, “Антибиотиклар ишлаб чиқариш мавзусига “Бумераш” технологиясини қўллаш”, “Озиқ-овқат саноатига инновацияларни татбиқ этишда ривожланган давлат тажрибасини қўллаш” каби мавзулардаги маърузаларни катта қизиқиш билан тинглади.

Фото: ЎзА

Куннинг иккинчи ярмида илмий-амалий анжуман қатнашчилари шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз йўналишлари бўйича амалий машғулотларда иштирок этди.

– Ушбу анжуман орқали соҳадаги янгиликлар билан яқиндан танишдик, ишлаб чиқаришда инновацион технологияларнинг амалий қўлланилишига гувоҳ бўлдик, билмаганларимизни ўргандик, билганларимизни ҳамкасбларимиз билан баҳам кўрдик, – дейди Гулистон давлат университети профессори Карим Нуриев. – Анжумандан катта тажриба олдик. Айниқса, мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, ёш олимлар ва ишлаб чиқариш соҳасига тааллуқли бўлган факультетлар талабалари, қолаверса, вилоятимиздаги бир қатор корхона, ташкилот ва ишлаб чиқариш фирмалари мутахассислари учун ушбу илмий-амалий конференция жуда ҳам фойдали бўлди.

А.ҚАЮМОВ, ЎзА

Report Page