O`ZLIDEP ДЕПУТАТИ ЁШЛАР ҲУЗУРИДА

O`ZLIDEP ДЕПУТАТИ ЁШЛАР ҲУЗУРИДА

@Sirdaryo
Фото: Ҳусан ЖАББОРОВ / Telegram

O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан Гулистон давлат университетида “Депутат ва ёшлар” мавзуида учрашув ташкил қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси, Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят Кенгаши вакиллари, “Ёшлар қаноти” фаоллари, Гулистон давлат университетининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Фото: Ҳусан ЖАББОРОВ / Telegram

Мамлакатимизда парламент қуйи палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловга старт берилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига ўтказиладиган сайловлар жорий йил янги қабул қилинган Сайлов кодекси нормалари асосида ташкил этилади. Мазкур янги Кодекс, аввало, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча амалий механизмлари, сайлов қонунчилигини тизимлаштириш ҳамда сайлов жараёни очиқлигини таъминлашнинг имконини беради.

Тобора яқинлашиб келаётган, демократик тамойиллар асосида ташкил қилинадиган ва ўтказиладиган сайловлар фуқароларнинг давлат органларини тузиш ва давлат органлари ишида бевосита ҳамда реал иштирокини таъминлаш баробарида, сайловлар фуқаро ва жамият манфаатига мос давлат органлари шаклланишига хизмат қилади. Сайлов нафақат ҳокимият тузилмаларини ташкил этади, балки у давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда ҳам муҳим жараён ҳисобланади.

Фото: Ҳусан ЖАББОРОВ / Telegram

Гулистон давлат университети ректори, профессор Мухсин Ходжиев бошқариб борган учрашувда 22 декабрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш, ёшларнинг фаол иштирокини ташкил этиш масаласига эътибор қаратилди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Комилжон Эрназаров, Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси котиби Фахриддин Абдусатторовлар “Қонунлар – фаровон ҳаёт гарови”, “Сайлов кодекси – ёшлар нигоҳида” мавзуларида маъруза қилиб, талаба ёшларнинг сайлов борасидаги ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратишди.

Парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтадиган жорий йилда аҳоли, жумладан ёшлар ва сайловчилар билан янада кўпроқ, фаол мулоқотда бўлиш, аҳолини, айниқса, чекка ҳудудлар аҳолисини қабул қилинаётган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиб бориш партиянинг энг муҳим дастурий вазифаларидан бири эканини алоҳида қайд этиш керак, - деди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Комилжон Эрназаров.

Фото: Ҳусан ЖАББОРОВ / Telegram

Учрашувда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бирга Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти, O`zLiDeP фракцияси фаолияти тўғрисида кенг маълумотлар бериб ўтилди.

Шунингдек, аҳоли ва партия тарафдорлари орасидан билимли, тажрибали инсонларни саралаш ва депутатликка заҳирага олиш, депутатликка номзодлар учун сиёсий ўқувлар ташкил қилиш, ОАВ орқали ўтказиладиган партиялараро дебатлар ҳамда бошқа ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг кучайтирилиши эътиборга молик.

Сайлов жараёнларида фаолликни янада ошириш, масъулларнинг, шу жумладан, партия туман, шаҳар кенгашларининг масъулиятини кучайтириш нечоғлик муҳимлиги ҳам қайд этилди.

Тадбир иштирокчилари орасида ёшларнинг, бу йилги сайловларда биринчи маротаба қатнашиши кутилаётган йигит-қизларнинг иштирок этаётганлиги муносабати билан уларнинг иштирокига, фаоллиги ва масъулияти борасида ҳам фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди.

Фото: Ҳусан ЖАББОРОВ / Telegram

Тадбир давомида профессор Мухсин Ходжиев иштирокчиларни хориждаги нуфузли олий таълим муассасалари билан олиб борилаётган алоқалар ва университет томонидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништириб ўтди.      

Учрашув сўнгида талабаларни қизиқтирган саволларга ташкилотчилар томонидан жавоблар берилди.

Ҳусан ЖАББОРОВ,
O`zLiDeP Cирдарё вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири

Report Page