Мутасаддилар эътиборига: Гулистон шаҳрида "даҳшатли маҳлуқлар" пайдо бўлган!

Мутасаддилар эътиборига: Гулистон шаҳрида "даҳшатли маҳлуқлар" пайдо бўлган!

@Sirdaryo
Фото: Google Images

Каналимиз орқали кўплаб кузатувчиларимиз томонидан муаммоли мурожаатлар келиб тушмоқда ва долзарблилиги бўйича улар бирма-бир кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилмоқда.

Ана шундай мурожаатлардан бир-нечтаси Гулистон шаҳрида қаровсиз қолдирилган "дайди итлар"нинг кўпайганлиги билан боғлиқ. Мурожаатларда таъкидланишича, бугунги кунда Гулистон давлат университети олдидаги маҳаллаларда, 1-мавзе ва "Аҳиллик" маҳалласида, "Янги деҳқон бозори" атрофида ва "Қаробчи" маҳалласи ҳудудида, ҳаттоки шаҳар марказидаги кўп-қаватли турар уй-жойлар атрофида қаровсиз қолдирилган "дайди итлар"нинг чиқинди ташлаш жойларида бемалол "сайр қилиб юриш" ҳолатлари кузатилмоқда.

Шу ўринда савол туғилади: Хўш, кўча тилида айтилганида шу каби "даҳшатли маҳлуқлар"нинг бизга қандай зарари тегиши мумкин? Агар у қутирган бўлса-чи? Қутириш қанақа касаллик ўзи?

Бу каби саволларга интернет нашрларидан кўплаб жавоблар топиш мумкин. Шундай саволлардан бирига, интернет нашрларидан бирида мутахассис томонидан қуйидагича жавоб берилган:

Қутуриш қанақа касаллик ўзи?

"Қутуриш ўта хавфли ўткир вирусли хасталиклардан бўлиб, у асаб тизимининг оғир жароҳатланиши билан характерланади. Одам ва ҳамма турдаги сут эмизувчи ҳайвонлар бу касаллик билан касалланиши мумкин. Касаллик вируси ташқи муҳитга ўта чидамли. У асосан бош ва орқа мия ҳужайраларида ва сўлакда бўлади.

Вирус касал ҳайвон тишлаганда унинг сўлаги орқали юқиб, клиник белгиларига қараб шиддатли, тинч ёки фалажлик кўринишида намоён бўлади. Шиддатли кечиш уч босқичда, яьни яширин (продрамал) қўзғалиш ва фалажлик босқичларида кечади. Итларда касаллик кўпроқ шиддатли бўлиб, бошланғич босқичи 12 соатдан 3 кунгача давом этади".

Ветеринар нима қилади?

"Мазкур ҳолатда ветеринария мутахассиси итни алоҳида изоляторда 10 кунлик ветеринария кузатувига қўяди ва кунлик клиник кўрикдан ўтказади (Ҳар бир шаҳар, туманда биттадан изолятор, ўрта ҳисобда уч-тўрттадан қафас бор). Агар шу 10 кун ичида ўлиб қолса, касалликка гумон қилиниб, белгиланган тартибда ветеринария лабораторияси вирусология бўлимида текширилади.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, бугунги кунда тиббиёт фани шунчалик ривожланганлигига қарамасдан, қутуриш касаллиги билан касалланган инсон ёки ҳайвонга даво чоралари топилгани йўқ, аммо касалликнинг олдини олиш мумкин. Яъни, қутурган ҳайвон тишлаган одамни сақлаб қолиш мумкин. Бунинг учун бемор дарҳол тиббиёт муассасасига мурожаат қилиши, тегишли профилактик воситалардан фойдаланиши керак".

Шу ўринда биз ҳам, мутасаддиларга бир-нечта савол билан мурожаат қиламиз:

Муаммо мавжуд (бизда етарлича фактлар бор) - унинг ечими қандай?

Гулистон шаҳридаги қаровсиз қолдирилган "дайди итлар"ни, кўча тилида айтилганида "даҳшатли маҳлуқлар"ни ким назорат қилади?

Юқорида айтилган маҳаллалардаги қаровсиз қолдирилган "дайди итлар"нинг кўпайишига асосий сабаблар ўрганилганми?

"Қутуриш" деб номланган "даҳшатли касаллик"нинг қандай олди олинади?

Ўйлаймизки, мутасаддилар мазкур муаммоли вазиятга жиддий эътибор қаратишади. Ушбу мурожаатимизга ҳам улар томонидан "раддия" ёки "муносабат" билдирилишига умид қиламиз...

Report Page