Ўқитувчи касбининг машаққати ва шарафи

Ўқитувчи касбининг машаққати ва шарафи

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Эрталаб Гулистон шаҳридаги Аҳиллик маҳалласи ҳудудидаги пиёдалар йўлакчасидан табассум, билан мактаб томон шошаётган ўқувчилар эътиборимни тортди. Қайсидир ўқувчининг қўлида гулдаста, яна қайсиададир китоблар боғлами, бошқаси ялтироқ қоғозга ўралган қанақадир совға билан... Улар ўқитувчи ва мураббийлар кунига устозлари учун аталган совғаларини тезроқ етказиш учун шошади.

Гулистон шаҳридаги ўзбек ва рус тилларида сабоқ берилаётган 11-умумтаълим мактабида 2 минг 14 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Улар 132 нафар малакали педагог таълим-тарбия бермоқда.

Ушбу илм ўчоғи эътиборимизни тортгани бежизга эмас. Ўтган ўқув йилида ушбу мактабни тамомлаган 70 дан ортиқ битирувчининг 40 нафарга яқини мамлакатимиз ва хориждаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётир. Мамлакатимиздаги мактаблар рейтингида олдинги ўринларни эгаллаган. Муассасада Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус бўйича улкан ишлар амалга оширилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Мактабда ўқувчи қизларга тўгарак машғулотлари чоғида бичув-тикувни, бундан ташқари, аёллар сартарошлиги қунт билан бепул ўргатиб келиняпти.

Маҳалла хотин-қизлари учун ҳам ушбу йўналишларда пулли ўқиш курси ташкил этилиб, ушбу касб ўргатилгач, уларга махсус сертификат бериб борилмоқда.

Мактабда ёшларга таълим-тарбия беришда Севара Каримқулова, Дилбар Туюмбаева, Лилия Сейтумерова, Феруза Баҳодирова, Нигора Қаршибаева, Вероника Кан ва бошқа кўплаб иқтидорли ўқитувчилар ҳамкасбларига ҳар жабҳада ўрнак бўлиб келишмоқда.

Ушбу илим даргоҳига сафаримиз чоғида Ўзбекистон Миллий гвардияси Сирдарё вилоят қўриқлаш бошқармаси алоҳида отрядининг бир гуруҳ хизматчилари устозларини байрам билан қутлаб, мактаб ўқувчиларига “Устозга эҳтиром” мавзусида сабоқ бергани келишганига ҳам гувоҳ бўлдик.

– Ҳар бир касбнинг ўз сир-синоати, қонун-қоидалари бўлганидек, ўқитувчилик касбининг ҳам ўзига яраши оғир ва енгил томонлари бор, – дейди мактаб директори Олимжон Мирбаротов. – Бошқа соҳалар қатори бу касб ҳам тинмай изланишни, доимо ўқиб-ўрганишни, қўйингки, замон билан ҳамнафас бўлишни тақозо этади. Бежизга ўқитувчиликни шарафли ва машаққатли касб эгалари дейишмайди. Чунки машаққатли меҳнат ортидан шон-шараф келади. Муаллимга шогирдларининг мактаб остонасидан учирма бўлгач, эгаллаган касб-кори, жамиятда тутган ўрни, халқига, Ватанига кўрсатаётган хизматларига қараб баҳо берилади. Ўқитувчининг 11 йил давомида чеккан машаққатлари, шогирдининг эришган зафарлари орқали шарафлидир.

А.ҚАЮМОВ, ЎзА

Report Page