Сирдарёлик шоир Жаҳонгир Шарофбоев ижодидан: ОЙСАРА (Халқона)

Сирдарёлик шоир Жаҳонгир Шарофбоев ижодидан: ОЙСАРА (Халқона)

@Sirdaryo
Жаҳонгир ШАРОФБОЕВ

Жаҳонгир Шарофбоев 1975 йилда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган.

Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультети, Тошкент Давлат юридик институтини тугатган. "Кўзим қароғида суратинг", "Ота ҳовлим" номли шеърий китоблари чоп этилган.


ОЙСАРА (Халқона)

Ёр қишлоғи «Қуёшли»,
Қишлоғин йўли тошли.
Борсам хабар етгайми,
Кўзлари ёшли-ёшли...

Юрибман кўча дайдиб,
Отаси кўрмасайди.
Ёки кенжа укаси,
Тош отиб қолмасайди.

Ўйлаб ўй нечасини,
Пойламай кечасини.
Қўлга олсам бўларкан,
Аслида чечасини.

Қалин қилиб бетимни,
Кўзладим уй четини.
Айтиб қўйинг Ойсара,
Бойлаб қўйсин итини.

Қор ёғади, тинмасов,
Тонгга ҳам яқинмасов.
Оёғимдан сув ўтди,
Ойсаражон билмасов.

Ойсаражон, Ойсара,
Сулув қизлардан сара.
Деразангга тош отсам,
Қош чимириб бир қара.

Кўрайин жамолингни,
Билайин хаёлингни.
Кўнглингда бўлсам агар,
Ташлагин рўмолингни.

Тонг отяпти бўзариб,
Кутавердим гезариб.
Энди билдим қанчалар,
Қийналган Ошиқ Ғариб.

Хе, севгисин, деб қўйдим,
Шунча йўлдан кеб қўйдим.
Ойсарага аталган,
Олмани ҳам еб қўйдим.

Етар, бардош қолмади,
Кўзимда ёш қолмади.
Деразага отгали,
Бир майда тош қолмади.

Бўлди энди қайтаман,
Кўнглим синди, қайтаман.
Алам тўла гапларни,
Мактуб ёзиб айтаман.

Қочган экан хаёлим,
Эсиб жануб шамоли.
Учиб келди ҳавода,
Ойсаранинг рўмоли.

Энди дилда алам йўқ,
Ёзай десам қалам йўқ.
Бу оламда мендайин,
Бахти кулган одам йўқ.

Ўргилайин бахтимдан,
Қўлимдаги нақдимдан.
Совчилар йўлга чиқди,
Қайтмайсан-а аҳдингдан...

©️ Жаҳонгир Шарофбоев

Report Page