“Тўқсонбости экинлар экиш, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш” мавзусига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди

“Тўқсонбости экинлар экиш, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш” мавзусига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди

@Sirdaryo
Фото: O`zLiDeP Cирдарё вилоят Кенгаши

O`zLiDeP Cирдарё вилоят Кенгаши ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда Сардобада кўргазмали ўқув –семинар ташкил этилди.

Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги “Фарғона” ва “Соҳибкор” фермер хўжаликларида “Тўқсонбости экинлар экиш, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш”мавзуига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари республика , вилоят, туман Кенгаши мутахассислари, 2-сектор раҳбарлари, ҳудудда фаолият олиб бораётган 70 дан зиёд фермер хўжаликлари раислари, элликка яқин корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Фото: O`zLiDeP Cирдарё вилоят Кенгаши

Мавжуд экин майдонларидан самарали ва унумли фойдаланиш  бир майдондан йил давомида бир неча маротаба ҳосил олишнинг ҳажмини ошириш имконини беради. Бунинг учун аввало ҳар бир экиннинг биологиясини билиш, экиш муддатларини аниқлаш, ҳар бир агротехник тадбирни вақтида ўтказишни таъминлаш ниҳоятда зарур. Ўз навбатида бошоқли дон экинларини экиш муддатларини тўғри белгилаш келгуси йил ҳосили тақдирини ҳал қилади. Кузги буғдой уруғини экиш ҳар бир минтақада тупроқ иқлим шароитидан келиб чиқиб мақбул муддатларда экилади. Уруғни бир текис ундириб олиш, ҳосилнинг меъёрида қишлаши ва юқори ҳосил беришига замин тайёрлайди. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги экинларини ўз вақтида ва сифатли экиш фермерларнинг олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

Фото: O`zLiDeP Cирдарё вилоят Кенгаши

Тадбирда таъкидланганидек, Сардоба туманида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 1274 гектар ер бириктирилган.Деҳқон хўжаликлари ва томорқачилар томонидан куз фаслида тўқсонбости экинлар сифатида бу ерларга пиёз, саримсоқпиёз ва турли хил экинлар ҳамда кўкатлар экилиши режалаштирилган.Ундан ташқари жорий йилнинг баҳор фаслида 484,7 гектар майдонга турли хил экинлар экиш режалаштирилиб бу майдонларга сабзи, картошка, кўкатлар ҳамда дуккакли экинлар ва бошқа турдаги экинлар экиш ташкил этилди.

Топшириққа асосан деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан 400 та хонадонда 8 гектар ерда арзон, ихчам 1,-5-2 сотихли иссиқхона қуриш ва уларда помидор, бодринг, лимон кўчатлари етиштириш орқали янги иш ўринлари яратиш белгиланди. Унга асосан шу кунгача 145 та хонадонда 2,9 гектар ерда иссиқхона ташкил этилиб бу борадаги ишлар тизимли давом этмоқда.

Фото: O`zLiDeP Cирдарё вилоят Кенгаши

Иштирокчиларга “Фарғона” фермер хўжалиги даласида 2020 йил ҳосили учун ғалла экиш учун ерни тайёрлаш,уруғни  ерга сифатли қадаш ва уни ундириб олишгача бўлган жараёнлар хусусида мутахассислар томонидан тўлиқ маълумотлар, тавсия ва кўрсатмалар берилди. Иштирокчилар ерни тозалаш, ҳайдаш, экинни сифатли,  бир текис ундириб олиш, ниҳолларни парваришлаш ва мўл ҳосил етиштиришгача бўлган мавсум оралиғидаги ишларни ўз вақтида унумли ва сифатли адо этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар олдилар.

Кўргазмали семинар ўз ишини туманнинг “Соҳибкор” фермер хўжалиги даласида давом этди.Иштирокчилар боғ қатор ораларига ўртаки экин экишнинг афзалликлари тўғрисидаги амалий машғулотларда қатнашишди. Уларга янги экилган боғ қатор ораларига  ўртаки экинлар (масалан булғор қалампири)экиш ва бу ҳосил йиғиштириб олингандан сўнг тўқсонбости экинлари – пиёз, саримсоқпиёз ва бошқа экинлар экишнинг фойдаси, ундан олинадиган даромад хусусида мутахассислар томонидан атрофлича маълумот берилди.

Фото: O`zLiDeP Cирдарё вилоят Кенгаши

Халқимизнинг тоза ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаби тобора ортиб бормоқда. Ернинг умрини ўтказмай ундан самарали ва оқилона фойдаланиш, янги ташкил этилган боғ ва токзорлар орасида 3-5 йилгача оралиқ экинлар ва тўқсонбости экинлари экиш ерлардан янада самарали фойдаланиш имконини беради. Хусусан, ҳалқимиз дастурхонининг тўкин бўлишига, уларни сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.

Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими Абдуазим Хидиров, туман прокурори Азиз Уралов, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари республика Кенгаши бош мутахассиси Умрзоқ Раҳматов, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши раиси ўринбосари Бобоқул Бойбўсинов вабошқалар мавзу юзасидан ўз фикр- мулоҳазаларини билдиришди. Ўз тавсия ва кўрсатмаларини бериб ўтишди.

Кўргазмали семинар савол-жавоблар, мунозаралар асосида самарали ва фойдали якун топди.

Дилором ЭСОНОВА,

O`zLiDeP Cирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Report Page