ЙИҚИЛГАННИ СУЯШ, АДАШГАНГА ТЎҒРИ ЙЎЛ КЎРСАТИШ - ВАЗИФАМИЗ 

ЙИҚИЛГАННИ СУЯШ, АДАШГАНГА ТЎҒРИ ЙЎЛ КЎРСАТИШ - ВАЗИФАМИЗ 

@Sirdaryo
Фото: Вилоят адлия бошқармаси

Сирдарё вилояти адлия бошқармасида “Жазони ўташ жойларидан озод қилинган, авф этилган шахсларни, муқим турар жойга эга бўлмаган шахсларни жамиятга ижтимоий интеграция қилишда ҳуқуқий саводхонликнинг ўрни” деб номланган тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Фахрийлар Кенгаши раиси ва аъзолари, вилоят ҳокимлиги ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъул ходимлари ҳамда жазони ўташ жойларидан озод қилинган, авф этилган фуқаролар иштирок этди.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

Тадбирда сўз олганлар бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишлар ҳақида тўхталиб, ушбу ислоҳотларнинг асосий мақсади бутун жамиятнинг куч ва имкониятларини халқимиз фаровонлиги йўлида бирлаштириш ҳамда шу орқали барча юртдошларимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиб беришдан иборат эканлигини алоҳида таъкидлашди.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

-Аслида жиноят содир этган шахсларни фақат жазолаш эмас, балки “Жаҳолатга қарши маърифат“ ғояси асосида қайта тарбиялаш, уларнинг ўз ҳалол меҳнати билан ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши, афв этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви, уларни фойдали меҳнатга жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишига кўмаклашиш учун барчамиз бирдек масъулмиз. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Фахрийлар Кенгаши томонидан амалга оширилаётган грант лойиҳаси доирасида Жазони ўташ жойларидан озод қилинган, авф этилган шахсларни, муқим турар жойга эга бўлмаган шахсларнинг моддий ва маънавий аҳволи янада мустаҳкамланиши, уларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмаларининг оширилишига ҳисса қўшиш мақсадида тадбир ташкил этилди, - дейди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг  Фахрийлар Кенгаши раиси Э.Шерматов.  

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

Маълумот ўрнида, кейинги уч йилда юртимизда 7 марта афв эълон қилиниб, 3952 нафар шахс афв этилгани – халқимизга хос бағрикенглик ва инсонпарварлик, кечиримлилик ва олижаноблик фазилатларининг яққол амалий ифодасидир. Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинганининг 28 йиллигини нишонлаш арафасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида"ги Фармони имзоланди.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

- Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 23-бандига асосан авф 65 нафар юртдошимиз сафида, содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган сирдарёликлар ҳам бор, - дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Тоғаев.

Тадбирда ҳаёт йўлларида адашиб, ҳозирги вақтда хатоларидан тўғри хулоса чиқарган фуқаролар ҳам сўзга чиқиб, жамият равнақига ҳисса қўшиш учун берилган бу имкониятдан унумли фойдаланишга қатъий қарор қилишганини алоҳида таъкидлашди.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

 Дарҳақиқат, йиқилганни суяш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш халқимизга хос одат. Бугунги тадбир ана шу жиҳатлари билан катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлди.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

Тадбир ниҳоясида жазони ўташ жойларидан озод қилинган, авф этилган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Фахрийлар Кенгаши томонидан амалга оширилаётган грант лойиҳаси доирасида қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Report Page