КИТОБ ҲАҚИДА ХИТОБ!

КИТОБ ҲАҚИДА ХИТОБ!

@Sirdaryo
Фото: Муҳаммад Исмоил / Telegram

Китоб – инсоният кашф этган энг буюк мўъжизалардан бири!

Гутенберг жаноби олийлари, авваллари ягона нусхада яратилган бу ғайриоддий мўъжизаларни бирваракайига кўп нусхада чоп этишни йўлга қўйгандан кейин ҳам, у ўз сеҳрини, жозибасини, оҳанграбосини йўқотмади, аксинча оммавийлашди, манфаати, маърифати, маънавияти кўпроқ тегадиган бўлди, инсониятни улкан тараққиёт сари бошлади, тараққиётни жадаллаштирди, руҳият оламида, эзгулик гулшанида инқилоб ясади!

“Ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишга, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.. ” Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу даъватлари донишманд халқимизнинг кўнглидаги, қалбининг ардоғидаги сўз бўлди.

Аслида “Китоб”, араб тилидаги “мактуб” сўзидан олинган.  Ҳар бир шоир, ҳар бир ёзувчи ёки ҳар бир мутафаккир олим китоб ёзар экан, ундаги ҳар бир асар, худди ҳар биримизга битталаб ёзиб жўнатилган мактубга ўхшайди. Айтайлик, Аҳмад Яссавий ҳазратларининг ҳар бир шеъри, ўқисангиз, ҳозиргина сизга, ҳар биримизга махсус жўнатилган мактубга ўхшайди.

Ёинки, ҳазрат Алишер Навоийнинг кўнглингиз муштоқ бўлиб кутаётган муждаларига ўхшайди.

Ёинки, буюк бобомиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи ҳар биримизга атаб ёзилган маънавий нома, маърифий васиятномадир! Кенг қамровдаги оламшумул хатдир! У сиёсатдонларга сиёсатдан, адабиётчиларга адабиётдан, маънавиятчиларга маънавиятдан, тарбиячиларга одоб-аҳлоқдан, тилшуносларга тил фанидан, тарихчиларга тарихдан, оддий китобхонларга эса, бу дунёнинг барча кўринишлари, товланишлари, гўзалликлари-ю, мудҳиш ишлари ҳақида таълим берувчи, ёрқин бўёқларда тасвирлаб берувчи мактубдир.

Бу китоблар бутун бир халққа, бутун бир даврга, бутун бутун авлодларга юборилган мактубдир!

     Шахсан мен, Яссавий, Навоий, Қодирий ҳазратларининг китобларидаги сўз ўйинларидан, сўзларнинг биллурдай товланишидан, мавжланиб оққан дарё сувининг зеболаниб келишидан, юракни завқу-шавққа тўлдириб қувонтиришидан, ҳайрат нашъасига солишидан лол қоламан. Онгимга, тафаккуримга амру-фармон оламан! Ҳар бир жумладан сўнг буюклар даҳосига таъзим қиламан!

Агар, китоб ҳақидаги мавзумизга чуқурроқ ёндашиб, буни “Ўткан кунлар” тимсолида батафсилроқ тўхталадиган бўлсак, ўз туғилиб ўсган юрти, Ватани, миллати мустамлакачилар қўлида қолган, азобу-уқубатда оҳу-фарёд кўтараётган машъум лаҳзаларда бир ўзбек зиёлиси, бир ўзбек ёзувчиси айтиши, ўз муносабатини билдириши, тили билан, дили билан, дини билан эътирозини изҳор қилиши, шарт бўлган жараёнда, ҳамма гапни, ҳамма исённи, барча норозилик бандларини, қаршилик истеҳкомларини улкан маҳорат билан, ёруғ истеъдод, улкан қалб, буюк тафаккур билан ушбу китоб орқали батафсил айтиб ва бизга васиятнома сифатида мактуб қолдирганига шоҳид бўламиз!

Бугунги кунда, интернет қанчалик буюк кашфиёт эканлигини англаб бораётган одамлар, китобнинг оммавийлашуви, бир пайтлар мана шундай катта шов-шувларга сабаб бўлганини яққолроқ англамоқдалар. Аммо, яхши билиш керакки, интернетнинг ҳам, телевидениянинг ҳам, радионинг ҳам, театрнинг ҳам отаси – бобокалони китобдир!

Китоб – шундай мўъжиза эканки, у чиққан чўққига, у эгаллаган мақомга, олий рутбага ҳар қандай кашфиёт чиқаолмайди! Театр пайдо бўлди, одамлар китоб ўқимасдан, осонгина томоша қилиб қўя қоламиз дейишди. Лекин, театр берган завқ, театр берган шукуҳ, маънавий хазина китоб ўрнини босаолмади. Газета чиқди, радио чиқди. Лекин улар ҳам инсон қалбидаги маънавий чанқоқни қондиролмади.

Фото: Муҳаммад Исмоил / Telegram

Телевидения оммавийлашиб кетди. Лекин одамлар мужда излаб яна китобга қайтишди. Кино чиқди. Ҳамма ўзини кинога урди. Лекин, англаб етишдики, олайлик биргина “Ўткан кунлар” романи юз сериалли кино қилинса ҳам, ушбу китоб яратган оламни яратаолмас экан. Худди, арава отдан олдинга ўтиб кетаолмаганидай, кино ҳам китобдан олдинга ўтиб кетаолмас экан. Интернет чиқди, ҳамма ўзини интернетга урди, худди янги урф чиққанда ҳамма ўзини шу урфга ургандек. Ва амин бўлишдики, интернет оддий ахборот қуроли, тараққиётнинг илғор меваси ва китоб орқали яратилган кашфиётларнинг биригина экан, холос. Ва, одамлар янада чуқурроқ англашдики, театр ҳам, кино ҳам, интернет ҳам китобнинг рақобатчилари эмас, улар бари китоб туққан фарзанд, китобнинг болалари, набиралари, эваралари, чеваралари экан, холос. Улар бари, шу китоб деган буюк бободан тарқалган уруғ аймоқлар, қавму-қариндошлар, томири туташган туғишганлар экан, холос. Китоб – деган улкан хазинадан чиққан жавоҳирлар, дуру гавҳарлар, олтин-у кумушлар экан, холос.

Яхши китобни ўқиш, севгилигингизнинг юзига қараб ўтиришдай мароқли, одамнинг юраги ҳузурланади, онгига қувват кириб, тафаккури озиқ олади, дунёқараши ўсади!

Айниқса бу китоб сиз севган, сиз орзуқиб кутган, сиз йиллар давомида интиқлик билан юзланган ва сизнинг келгуси ҳаётингизда улкан ўзгаришлар ясайдиган, бир умр ҳамроҳингизга, сирдошингизга, дардкашингизга айланиб қоладиган китоб бўлса, бу китоб сизнинг бу ҳаётда топган энг катта бахтингиз, омадингиз, саодатингиздир! Агар мен бу дунёдан китоб ўқимай кетганимда, гунг, кар ва кўр бўлиб кетган бўлар эдим. Ҳар бир ҳаётни севувчи инсон, китоб билан ўз умрини, ҳаётини, келажагини китоблардаги маънавий жавоҳирлар, дуру-гавҳарлар билан безатиши, зийнатлаши керак, деб биламан.

Китобсиз кечган умр, бўм-бўш, қуруқ ва беъманодир! Бизни қуриб ётган дарахтлар, ёнаётган уйлар, аёвсиз қирғинлар, жаҳолат оловидаги урушлар, қонхўрликлар қанчалик ваҳимага солса, онгимизнинг маърифатсизлиги, қалбимизнинг маънавиятсизлиги, китоб ўқимаган кунларимизнинг кўплиги шунча ваҳимага солиши керак!

Бизнинг уйимизда биллур қандиллар, шойи гиламлар, гижинглаган машиналар йўқлиги хавотирга солмаслиги керак, уйимизда китоб жавонининг йўқлиги, буюкларимизнинг китоби йўқлиги, ўзимиз улардан баҳра олмаётганимиз, болаларимиз китоб ўқимаётганлиги ваҳимага солиши керак.

Ҳаётимиз қисқа ва жуда тез ўтаётганлигидан ташвишга тушмаслигимиз керак, беъмани ўтаётганидан, ҳаёт мазмунини, яшашдан мақсадимиз нима эканлигини билмай ўтаётганимиздан азобланишимиз, ўртанишимиз керак ва мудҳиш чиғириқдан чиқиш йўлларини ахтаришимиз керак.

Ҳаётга нега келганимиз, яшашнинг олий мақсади нима, одам бу ёруғ дунёга келса нима қилса бахтли, саодатли ва юксак эҳтиромга лойиқ бўлаолишининг ҳаммасига энг тўғри жавоб Китобда бор! Буларни барини тўрт тарафга олазарак қараб эмас, Китобга қараб топиш мумкин!

Буюкларимизнинг китоб ҳақида айтганларини бир бир хаёлдан ўтқазсак айни мақсадга мувофиқ бўлади:     «Илм - саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида   йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули дамларда мададкор, одамлар орасида зебу зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир».

        Шайх Намиддин Кубро.

Фото: Муҳаммад Исмоил / Telegram

Билимдонлар сўзи бордир бу бобда :

«Билимдон гўрда-ю, илми китобда!»

Агар ёлғиз эсанг, ҳамдам китобдир,

Билим субҳидаги нур ҳам китобдур.

Абдураҳмон Жомий.

 “ Китоблар замон тўлкинларида сузувчи ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан-авлодларга авайлаб элтувчи тафаккур кемаларидир.”

Фрэнсис Бэкон

“Одамлар ўқишдан тўхташлари билан фикрлашдан ҳам тўхтайдилар.”

Дэни Дидро

“Китоблар - ақл фарзандларидир.”

Жонатан Свифт

 Аслида ҳам бугунги  ҳар бир кунимиз, ҳар соатимиз, замонамизнинг ҳар бир дақиқаси яратилиши лозим бўлган буюк китобдир! Бизнинг вазифамиз ўша буюк Китобни яратмоқ ва замондошларимизга, келаётган авлодларга, асрларга йўлламоқдир! Токи, келажак авлодлар ҳам биз яратган Китобларни, қалб қўримиз, жон томиримизда оққан қон билан битган мактубларни мароқ билан ўқисинлар баҳра олсинлар!

Муҳаммад ИСМОИЛ,
Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби директори.

Report Page