Пробация – озодликдан маҳрум қилишнинг муқобил варианти

Пробация – озодликдан маҳрум қилишнинг муқобил варианти

@Sirdaryo
Фото: А.Қаюмов / Telegram

Гулистон шаҳридаги “Chehra Palase” меҳмонхонаси анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан “Халқаро қамоқхона ислоҳоти” Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда республика ҳудудида “Маҳкумларни пробациялаш ва ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиётдаги самарали механизмлар” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилик Котибияти, прокуратура ва ички ишлар органлари мутасадди ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Президентимизнинг жорий йил 1 январдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасининг Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар ижро этилишини назорат қилиш бошқармаси негизида Жазони ижро этиш бош бошқармаси ва унинг таркибий бўлинмалари ҳузурида Пробация хизмати тузилди. 

Тадбир иштирокчилари Молдова Республикаси Пробация хизматининг собиқ раҳбари, Қирғизистон Республикасидаги қамоқхоналарни ислоҳ қилиш халқаро вакиллиги томонидан халқаро эксперт Владимир Якубович Попанинг иштирокида “Янги ҳаёт сари – оила бағрига қайтиш” мавзусидаги қизиқарли маъруза ва семинар-тренинг машғулотларини катта қизиқиш билан тингладилар.

Иштирокчилар Латвия, Эстония, Қирғизистон, Украина ва бошқа ҳамдўстлик ҳамда Европа давлатларида Пробация хизматининг фаолияти қай даражада йўлга қўйилганлиги, жазоларни ижро этиш соҳасидаги фаолиятни оммалаштириш, жиноят ижроия соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда мазкур давлатларда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро ва назорат этилиши қандай тартибда амалга оширилаётганлиги билан атрофллича таништирилди.

Сизнинг рекламангиз учун жой!

– Мазкур семинар-тренингни ўтказишдан кўзланган мақсад – ҳудудлардаги пробация хизмати ходимларини хорижий тажрибалар ва халқаро амалиёт билан таништиришдан иборат эди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилик (Омбусман) котибияти мудири Саидбек Азимов. – Семинарда озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм этилганларни, шу жумладан шартли равишда ҳукм этилганларни қайта тарбиялаш соҳасидаги, шунингдек улар ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга оид ишларнинг самарадорлигини ошириш масалалари атрофлича муҳокама этилди. Умид қиламизки, иштирокчиларимиз иш фаолиятида бу тренинглар ўзини ижобий самараларини беради.

– Пробация латинча сўз бўлиб – озодликдан маҳрум қилишнинг муқобил варианти деган маънони беради, –  дейди халқаро эксперт Владимир Попа. – Семинар-тренинг иштирокчиларининг фикр мулоҳазаларидан келиб чиқиб, мамлакатингизда пробация хизмати қисқа вақтда яхшигина самаралар бераётганини гувоҳи бўлдим. Тадбир давомида бўлган муҳокама, берилган машғулотлар ижроси ва савол-жавоблар давомида тингловчилар бу борада керакли тажриба тўпладилар деб ўйлайман. Бу мамлакатингизда инсон ҳуқуқларини химоя қилишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, ҳуқуқ соҳасидаги қонунларнинг янада мукаммалроқ такомиллашаётганидан далолат беради.   

– Ушбу семинар-тренинг иш фаолиятимизни мукаммал олиб бориш учун жуда фойдали маълумотларни олдик, – дейди вилоят ичики ишлар бошгқармаси пробация бўлими бошлиғи капитан Камолиддин Ҳамроқулов. – Давлатимиз раҳбарининг қарори билан Пробация хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари қисқа давр ичида ички ишлар органлари тизимида озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар самарали ижро этилишини таъминлашдаги муҳим тузилмага айланди, десам муболаға бўлмас. Жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида вилоятимизда 1 минг 978 нафар назорат остида ҳисобда турувчи шахслар мавжуд бўлиб, уларнинг хулқини назорат қилиш, жамиятга мослаштириш, иш билан таъминлаш, касбга тайёрлаш ва йўналтиришда вилоятимиздаги туман ва шаҳар Пробация гуруҳларида самарали фаолият олиб борилаётганини алоҳидла таъкидлаш жоиз.

Дарҳақиат, вилоятда Пробация хизмати орқали такроран жиноят содир этиш хавфларини аниқлаш, таъсир кўрсатишнинг профилактик чораларини кўриш ва назорат остидаги шахсларнинг ижтимоий-психологик портретларини яратишга эришилмоқда. 

Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассис томонидан батафсил жавоблар олди.

Ўқув семинар-тренинг сўнгида иштирокчиларининг барчасига сертификатлар топширилди.

А.ҚАЮМОВ
ЎзА мухбири

Report Page