Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 29 йиллиги байрами муносабати билан “Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган тадбир учун Сирдарё вилоят ҳокими Ғ.Ғ.Мирзаевнинг вилоят аҳлига байрам табр…

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 29 йиллиги байрами муносабати билан “Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган тадбир учун Сирдарё вилоят ҳокими Ғ.Ғ.Мирзаевнинг вилоят аҳлига байрам табр…

@Sirdaryo


Азиз ҳамюртлар, қадрли сирдарёликлар! 

Авваламбор Сиз азизларни ва бутун вилоятимиз аҳлини мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги байрами билан чин қалбимдан, самимий мубарокбод этаман. 

Барчангизга маълумки, бу йилги байрам тадбирлари “Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида ўтказилмоқда. Ўзбекистон аталмиш шу буюк Ватанга халқимизнинг муҳаббатини ифодаловчи бу эзгу сўз ҳар бир хонадонга, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди. 

Ўтган йигирма тўққиз йил давомида мамлакатимиз ва хусусан, Сирдарё вилоятида асрларга татигулик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, тарих билмас ўзгаришлар юз бермокда. 

Бу ўзгаришларнинг улуғворлигини ҳис этиш учун узоққа бормай, айни кунларда юртимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларидаги улкан бунёдкорлик ишларини кўриш, қалбан ҳис этишнинг ўзи етарли деб ўйлайман.

Фахр билан айтиш керакки, биз бугун жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга, иқтисодиёти барқарор ривожланаётган, эркин фуқаролик жамияти сари дадил қадам ташлаётган келажаги буюк ва қудратли мамлакатда яшамоқдамиз. 

Бугунги кунда янги Ўзбекистоннинг янги Сирдарёси барпо этилмоқда. Кейинги 4 йил ичида воҳамизда тилга олса арзигулик ютуқлар қўлг киритилди. Иқтисодиётни эркинлаштириш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 2016 йилга қараганда 2 баробарга ошиб, 10 трлн 477 млрд сўмни ташкил қилди. 2016 йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмида кичик бизнеснинг улуши 68,7 фоизни, 2019 йилда эса 73,2 фоизни ёки 7669 млрд. сўмни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 4,5 фоизга ўсди.

Вилоятимиз бўйлаб кўплаб янги корхоналар, ижтимоий объектлар, равон йўллар, аҳоли дам олиш масканлари фойдаланишга топширилмоқда. 

Шу ўринда ғаллакорларимизга алоҳида миннатдорчилик билдириб ўтишни жоиз деб биламан. Қанчалик мураккаб бўлмасин барибир сирдарёлик деҳқонлар ўз сўзларини айтишди. Вилоят ғалла режасини биринчилар қатори бажарганлиги барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. Ғайрат-шижоатли, сўзи билан иши бир, янгиланаётган Ўзбекистоннинг буюк келажагини яратишга аҳд қилган сирдарёликлар ҳамиша эзгу-ниятлар билан яшайдилар. Куч-қудрат манбаи, саодат маскани бўлган жонажон юртимиз учун хизмат қилиш ҳар бир воҳадошимизнинг мақсадидир.

Халқимизда қувонч ва ташвиш ёнма-ён юради, деган гап бор. Ҳаёт турли синов ва қийинчиликлардан иборат. Каронавирус пандемияси туфайли бутун дунё сингари мамлакатимиз халқи ҳам синовли даврни бошидан кечирмоқда. 

Шу ўринда кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, эл соғлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган шифокорларимизга алоҳида миннатдорчилик билдириб ўтаман. Бу кунлар ҳам ортда қолади. Бугун бутун мамлакат аҳли хавфли касалликка қарши курашда, албатта, ўзаро жипслиги, ҳамжиҳатлиги билан ғолиб бўлади. 

Бугунги кунда ҳар бир давлат хизматчиси авваломбор халк ичига тушиб, оддий одамлар дарди билан яшаши, уларга кўмак кўрсатиши, зарур бўлганда елкадош бўлишга, қодир бўлиши лозим.

Вилоятда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сектор раҳбарлари ва тегишли маъсуллар билан биргаликда “Темир дафтар”га киритилган оилаларга 11,7 млрд.сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, муборак Қурбон хайити арафасида 6 646 нафар оилага 5,0 млрд сўм, август ойида 7 721 нафар оилага 6,7 млрд сўм бир марталик моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Бугунги кунда “темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 17 870 нафарига 12,3 млрд сўм миқдорида ёрдамлар кўрсатилган бўлиб шундан, 766,2 млн.сўмлик озиқ-овқатга, 19,9 млн сўмлик дори-дармонга, 396 млн нақд пул кўринишида ҳамда 10 млрд.сўм коммунал ва бошқа тўловлар амалга оширилди.

Сардоба сув омборида содир бўлган сув тошқини сирдарёликларнинг иродасини яна бир бор синовдан ўтказди. 

Давлатимиз Раҳбари томонидан Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги талофот кўрган маҳаллалар тамомила янги қиёфага келтирилмоқда, тез суръатлар билан аҳоли учун ҳар томонлама қулай бўлган кўп қаватли уйлар массивлари барпо этилмоқда. 

Сардоба сув омбори тошқинидан талофат кўрган ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида ишлаб чиқилган дастур доирасида қиймати 2 триллион 174 млрд. сўмлик 323 та лойиҳалар ишлаб чиқилиб, натижада 3 та ҳудудда 10 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилади.

Вилоятимиз шаҳар-туманларида 30 та мактаб, 8 та тиббиёт, 24 та мактабгача таълим, маданият саройи муассалаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. 

Жорий йилда вилоятимизда 4 та математика, 1 та кимё биология фанига ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилди. Шу каби замонавий ижтимоий муассасаларни барпо этилиши ўз навбатида ислоҳотларнинг суръатига суръат қўшишга қодир бўлган фидойи авлодни вояга етишига замин яратади.

Бугунги кун ҳар биримиздан энг аввало шукроналикни, шахсий масъулиятни ҳар жабхада тадбиркорлик ва ташаббускорликни тақозо этмоқда. 

Пандемия туфайли вужудга келган мураккаб шароит сабабли бу йил байрамларимиз дабдабасиз, турли тантана ва бошқа кўнгилочар тадбирларсиз карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказилаётганини юртдошларимиз яхши англаб, тушуниб туришибди.

 Буларнинг барчаси юртдошларимизнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, касаллик тарқаб кетишининг олдини олишга қаратилган. 

Азиз дўстлар!

Мустақиллик байрамимизнинг яна бир қувончли жиҳати шундаки, ушбу шодиёна арафасида муҳтарам Президентимизнинг фармонлари билан барча соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, олиб борилаётган ислоҳотларни рўёбга чиқаришга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Ватанимизнинг юксак унвон ва мукофотлари билан тақдирландилар.

 Улар орасида вилоятимизнинг ҳам фидойи вакиллари борлигидан фахрланамиз.

Ушбу юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган юртдошларимизни бутун вилоятимиз аҳли номидан қизғин муборакбод этаман.

 Азиз, юртдошлар, қадрли сирдарёликлар, барчангизни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 29 йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклар эканман, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака, тинч ва осойишта ҳаёт, оилавий хотиржамлик ва ишларингизга ривож тилайман.

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.МИРЗАЕВ

Report Page