Бир йил ичида тўртинчи бор гуллаётган анор...

Бир йил ичида тўртинчи бор гуллаётган анор...

@Sirdaryo
Фото: Абдужалол ҚАЮМОВ / Telegram

Бу табиат мўжизасимикан ёки иқлимдаги ўзгаришлар оқибатида ҳаётимизнинг ўтиши тезлиги даражаси ошгани шу бир туп анор орқали берилаётган белгимикан-а?

Ҳовлимда бир қанча мевали дархатлар сингари 6 туп анор ҳам бор. 

2014 йилнинг баҳори, ўрик довчаланиб, шафтоли гуллари чангланиб, эртаки олма гулга кириган, анор энди гулдан нишона кўрсатаётган пайтда, қор ёғиб, қишда кўмилмайдиган дарахтларнинг меваларини, кўмиладиган – анор, анжир, ток каби мевали дархтларни бутунлай совуқ урди.

Фото: Абдужалол ҚАЮМОВ / Telegram

Анор, анжир ва ток қуриб, чўп бўлиб қолгач, тубидан кесиб ташладим. Нима сабабдандир анжирнинг тагидан ниҳол кўкариб чиқмади, Аммо ток ва анорнинг тагидан тўлиқ питирлаб ниҳоллар кўкариб чиқди. 

Бурноғи, яъни 2018 йили ҳовлимдаги анорлар нишона бериб, 3, 4, 5 ва 6 донагача мева берди. Ўтган 2019 йили эса мамлакатимиз мевали боғларида анор йили бўлди, десак муболаға бўлмас. Мени ҳовлимдаги анорларимнинг ҳосили ҳам чакки бўлмади. Ҳовлимдаги 6 туп анорнинг, сиз суратда кўраётган 1 тупи, ўтган йили 32 кило ҳосил берди.

Фото: Абдужалол ҚАЮМОВ / Telegram

Жорий йилнинг апрель охири май ойининг бошларига келиб, айнан шу анор 5-10 дона, қолганлари 2-3 тадан гул кўрсатиб, шу тупида гулларининг 2 донаси, қолганларида битта яримтаси, чангланган экан, мева тугди. 

“Мева ҳосили бир йил ундай, бир йил бундай, деб бежиз айтишмаган эканда, бу йил анорлар жуда кам ҳосилланди”, деган фикр хаёлимдан ўтди. 

Аммо май охири, июнь ойининг бошларига келиб, фақат шу 1 туп анор иккинчи бор гуллаб, яна 3-4 дона мева кўрсатди. “Ҳаво иссиқ бўлганига гуллагандир” десам, июль охири август бошига келиб, айнан, шу 1 туп анор яна учинчи бор гуллади. “Бу йилнинг ҳисобига шу охирги гуллаши бўлса керак-да, ҳаво иссиқ, тагида сув сероб”, дея хулоса берай десам, сув ҳам қуёш ҳам ҳамма анорларга бир хилда тақсимланиб, нур сочади. 

Мана бугун августнинг сўнгги куни, эртага 1 сентябрь – мамлакатимиз Мустақиллигининг 29 йиллиги байрами билан кузнинг илк куни бошланади. 

Мўжизани қарангки, шу ҳовлимдаги 1 туп беор анор, хоҳ ишонманг, хоҳ ишонманг, шу йилнинг ҳисобига тўртинчи бор гулга кираётганини (суратда кўриниб турибди) қандай тушиниш мумкин? 

Фото: Абдужалол ҚАЮМОВ / Telegram

Айнан шу 1 туп анорни шу йилнинг ўзида тўрт бор гуллаб, ҳозирча уч бор мева тукканини қўлимдан келгунича суратга олдим. “Нега айнан шу 1 туп анор бир йилда тўртинчи маротаба гуллаяпти?” деган саволга эса жавобни балки, сизлар биларсиз? Бу табиат мўжизасимикан ёки иқлимдаги ўзгаришлар оқибатида ҳаётимизнинг ўтиши тезлиги даражаси шу 1 туп анорда кўринаётганмикан? Сиз нима дейсиз?

Абдужалол ҚАЮМОВ,

журналист, Жиззах шаҳри

Report Page