ШИФОХОНАДА ЎТКАЗИЛГАН САЙЁР СУД...

ШИФОХОНАДА ЎТКАЗИЛГАН САЙЁР СУД...

@Sirdaryo
Фото: ЖИБ вилоят суди

Жорий йилнинг 30 август куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида жойлашган Марказий шифохонада жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судининг раиси Ж.Ҳайдаров томонидан йўл транспорт ходисаси билан боғлиқ жиноят иши очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

Судланувчи У.М. 2019 йил 18 июль куни соат 02:20 ларда қариндоши Ш.Б.га тегишли бўлган “Матиз” русумли, давлат рақам белгиси 25 А 574 ЕА бўлган автомашинани хеч қандай ҳужжатларсиз “Йўл харакати қоидалари”нинг 4-банди “Йўл харакати қатнашчилари харакатланиш вақтида бошқа қатнашчиларнинг харакатланишларига хавф туғдирмасликлари керак”лиги, 11-банди г-қисми “Ҳайдовчи харакатланиш жараёнида пиёдалар, айниқса болалар, ногиронлар, қарияларга ва велосипедчиларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўриши керак”лиги, 12-банди 1-қисми “Транспорт воситасини маст ҳолатда, сезгирли ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл харакати хавфсизлигига тахдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бошқариш тақиқланади” деган қоидаларини менсимасдан маст ҳолатда, ЙТҲни олдини олиб қолиш техник имкониятига эга бўла туриб “Йўл харакати қоидалари”нинг 77-банди 3-қисми “харакатланишда ҳайдовчи аниқлай олиши имкониятида бўлган хавф пайдо бўлса, у транспорт воситасининг тезлигини тўла тўхтатишини таъминлайдиган даражада камайтириш чорасини кўриши керак”лиги каби қоидасини қўпол равишда бузиб, Янгиер шаҳар, Наврўзобод МФЙ худудидан кесиб ўтувчи М-34 автўйўлида автомашинасининг чап томон олд қисми билан Д.Х.ни уриб юбориб, Д.Х.га “ўрта оғир шикаст” етказиб, йўл транспорт ҳодисасини содир этган.

Сизнинг рекламангиз учун жой!

Дастлабки тергов даврида судланувчи У.М., фуқаровий даъвогар Ш.Б. ҳамда жабрланувчи Д.Х.лар ўз аризалари билан мурожаат қилишиб, жиноят ишини ярашганликлари муносабати билан тугатишни сўрашган.

Суд, фуқаровий даъвогар Ш.Б., жабрланувчи Д.Х. ҳамда судланувчи У.М.ларнинг ярашув тўғрисидаги аризаларини жиноят иши ҳужжатлари билан ўрганиб, Янгиер шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси С.Мирзахмедовнинг жиноят ишини ярашганлик муносабати билан тугатиш ҳақидаги фикрини эшитиб, айбланувчи У.М.нинг муқаддам судланмаганлигини, айбига ихтиёрий иқрорлигини ва етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлигини, фуқаровий даъвогар, жабрланувчи ва судланувчига бирон-бир тазйиқ бўлмаганлигини, ярашув судланувчи, фуқаровий даъвогар ва жабрланувчини хоҳишлари билан бўлаётганлигини ҳамда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят ЖКнинг 66-1-моддаси таъсир доирасига тушишини инобатга олиб, У.М.га нисбатан юритилган жиноят ишини ярашганлик муносабати билан тугатилди.

Фото: ЖИБ вилоят суди

Бундан ташқари, суд раиси Ж.Ҳайдаров шифокорлар ва тиббиёт ходимлари билан учрашиб, уларнинг мурожаатлари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берди.

Ж.Ҳайдаров,

Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суди раиси

Report Page