Инвестиция дастурига киритилган ижтимоий соҳа объектларида қурилиш-тиклаш ишлари қай аҳволда?

Инвестиция дастурига киритилган ижтимоий соҳа объектларида қурилиш-тиклаш ишлари қай аҳволда?

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Бугун Сирдарё вилояти ҳам республикамизнинг улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётган қурилиш майдонларидан бирига айланди.

Қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётган объектларнинг асосий қисми саноат, маиший ва хусусий сектор соҳаларига тўғри келади. Ўзбекистон Республикасининг жорий йилга мўлжалланган Инвестиция дастурига киритилган ижтимоий соҳа объектларида бажарилган қурилиш-тиклаш ишлари вилоятда қандай аҳволдалиги билан қизиқиб, ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниясида бўлдик.

– Компаниямиз буюртмасига асосан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида вилоят бўйича жами 48 та ижтимоий соҳа объектида 237 миллиард 800 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ва тиклаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган, – дейди вилоят ҳокимлиги ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси директори вазифасини бажарувчи Шерали Абдуллаев. – Шулардан 10 та соғлиқни сақлаш объектларида 65 миллиард 500 миллион сўм яъни 27 фоизлик, 30 та умумтаълим мактабларида 78 миллиард 600 миллион сўм яъни 33 фоизлик ва 8 та бошқа объектларда 93 миллиард 200 миллион сўм яъни 39 фоизлик қурилиш ишлари бажарилиши кўзда тутилган.

Инвестиция дастурига киритилган объектларда вилоят бўйича жорий йилнинг 15 август ҳолатига 152 миллиард 600 миллион сўмлик янги қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу йиллик режанинг 64 фоизини ташкил этади. Дастур бўйича бажарилган ишларга аванс маблағлари билан биргаликда жами 157 миллиард 600 миллион сўм молиялаштирилди. Бу эса йиллик бажарилиши зарур бўлган ишларнинг қийматига нисбатан 66 фоизини ташкил этади.

Дарвоқе, дастурга киритилган 10 та соғлиқни сақлаш муассасаларидан энг катта объектлар – вилоят тери-таносил касалликлари диспансери ҳамда Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ комплекси реконструrция қилиниб фойдаланишга топширилганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Бундан ташқари, Оқолтин туманидаги “Кўркам диёр”, Сардоба туманидаги “Бўстон”, Сайхунобод туманидаги “Иттифоқ” ва Ховос туманидаги “Афросиёб” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги оилавий поликлиника бинолари реконструкция қилиниб, мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига тўёна сифатида, бу объектларга Давлат қабул қилиш далолатномалари расмийлаштирилмоқда.

Сизнинг рекламангиз учун жой!

Айни чоққа келиб, вилоятдаги 21 та умумтаълим мактаблари ҳам реконструкция ва мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. 3 та реконструкция қилинаётган ва 1 та капитал таъмирланаётган умумтаълим мактаби, 8 та Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамда Мирзаобод тумани Тошкент шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудидаги ёнғинга қарши кураш бўлими – ДЕПО биноси қурилишида ҳам Давлат қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилмоқда.

– Гулистон шаҳридаги Олим Хўжаев номидаги мусиқали драма театр биносида ҳамда шаҳарни кесиб ўтувчи “Дўстлик” канали ўнг қирғоғида хиёбон ва дам олиш масканлар тўлалигича реконструкция қилиниб, таъмирланди ва бу объектлардаги қурилиш ишлари якунланди, – дейди Шерали Абдуллаев. – Булардан ташқари, вилоят мудофаа ишлари бошқармасининг маъмурий биносида олиб борилаётган қурилиш ишларини мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги байрамига якунлашни режалаштирганмиз. Бу ерда сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Вилоятнинг 5 та шаҳар ва туманларида – прокуратура, департамент ва мажбурий ижро бюроси учун комплекс бинолари қурилиши амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда ушбу объектларда қурилиш ташкилотлари томонидан жами 3 миллиард 365 миллион сўм яъни 10 фоизлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган.

Вилоятнинг Боёвут, Сардоба, Ховос туманларида ва Ширин шаҳрида Давлат хизматлари агентлиги биносини қуриш ишлари йиллик дастурга киритилган бўлиб, ҳозирги кунда лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Бош пудратчи ташкилотлар танланиб, молиялаштириш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 20 февралдаги “Обод қишлоқ” дастурини 2019 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда 10 та мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилиш лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, давлат экспертизаси хулосаси олинди. Айни кунда, бош пудратчи корхоналари танланиб, молиялаштиришни очиш ишлари олиб борилаётгани, ёз фасли ниҳояланиб бораётган пайтда назаримизда бироз кечга қолаётгандек...

“Обод маҳалла” Давлат дастурига жорий йил учун вилоят бўйича киритилган жами 30 та объектнинг 15 тасига молиялаштириш очилиб, бош пудратчи корхоналарга 15 фоизлик аванс маблағи ўтказиб берилгани ҳам кишини бироз ўйга толдиради. Ушбу объектларда пудратчи корхоналар томонидан шу йилнинг 15 август ҳолатига 4 миллиард 850 миллион сўм ёки 50 фоизлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилибди.

Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси буюртмачилигида жорий йилнинг биринчи ярмида Сирдарё вилоятининг Қозоғистон Республикаси билан чегарадош ҳудудлари бўйлаб 8 километр узунликда рокад йўллар қуриб, фойдаланишга топширилди ва бу йўл қурилиш ишларига 2 миллиард 800 миллион сўм бюджет маблағи молиялаштирилган.

– Вилоят марказидаги Юрт байроғи майдонида баландлиги 65 метр бўлган Давлат байроғи барпо этилиб, тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, – дейди вилоят ҳокимлиги ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси директори вазифасини бажарувчи Шерали Абдуллаев. – Лойиҳа қиймати 1 миллиард 500 миллион сўмлик бўлган, ушбу объект “Бетон саноат конструкция” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қисқа фурсатларда қуриб битказилди.

Вилоят ҳокимлиги билан келишилган ҳолда компаниямиз томонидан барча бош пудратчи ташкилотлар билан биргаликда жорий йил Инвестиция ва бошқа дастурларга киритилган 31 та объектларни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллиги байрамига фойдаланишга топширилишини таъминлаш бўйича тармоқ жадвали ишлаб чиқилган. Тасдиқланган чора-тадбирларнинг бажарилиши тўлалигича таъминланади.

А.ҚАЮМОВ, ЎзА

Report Page