“Олғабос”да сайёр қабул

“Олғабос”да сайёр қабул

@Sirdaryo
Фото: ДХА вилоят бошқармаси

Халқнинг муаммосини билмоқчи бўлсанг, улар билан бирга бўл, деганларидек, Сайхунобод туманидаги «Олғабос» маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Отабек Мавлонбердиевнинг сайёр қабули бўлиб ўтди.

Фото: ДХА вилоят бошқармаси

Шу маҳаллада яшовчи фуқаро Рустам Файзуллаев Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сон қарори билан тасдиқланган Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси бўйича уй-жойини расмийлаштиришга улгурмаганлигини айтиб, яна шундай акция эълон қилинадими, деган савол билан мурожаат этди ва унга ушбу масала бўйича тўлиқ тушунтириш берилди.

Фуқаро Холбой Нусратов сотиб олган ер участкаси 2005 йилда туман ҳокимлиги томонидан уй-жой қуриш учун ажратилган бўлиб, мазкур ер участкасининг қарори айнан кимга чиқарилганлигини топа олмаётгани ва бу масалага қандай ечим топиш мумкинлиги бўйича мурожаат қилди. Х.Нусратовга уй-жой қурилгандан кейин уни қонунда белгиланган тартибда расмийлаштириш бўйича тушунтириш берилди.

Фото: ДХА вилоят бошқармаси

Яна бир мурожаатчи Ҳусанхўжа Ҳатамов маҳалла ҳудудидаги қишлоқ врачлик пунктининг ёпилганлиги аҳоли учун ноқулайлик туғдираётгани ва ҳомиладор аёллар, ёш болали оналар уч-тўрт чақириб йўл босиб нарги маҳалладаги қишлоқ врачлик пунктига қатнашдан қийналишаётгани айтиб, ушбу мурожаатини тегишли мутасадди ташкилотларга етказишларини сўради.

Сизнинг рекламангиз учун жой!

Шу маҳаллада яшовчи Ўткир Қурбонов никоҳ гувоҳномаси йўқолганлигини айтиб, никоҳ тузилганлиги ҳақида такрорий гувоҳнома олишнинг тартиб-қоидалари бўйича мурожаат қилди. Ушбу ҳолат бўйича Ў.Қурбонов туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиши тушунтирилди.

Фото: ДХА вилоят бошқармаси

Сайёр қабулда маҳалла ҳудудида яшовчи 100 ортиқ фуқаролар иштирок этишди.

-Туман давлат хизматлари маркази томонидан жойларга чиқиб кўрсатилаётган сайёр хизматлар ҳақида маълумот бериб, муродавлат хизматлари маркази ходимлари шу кунларда фуқаролик ҳолатлари далолатномаси ёзиш бўлими, ермулккадастр ходимлари ҳамкорлигида туманнинг чекка ҳудудларигача уйма- уй юриб, уларнинг давлат идораларига бўлган эҳтиёжини ўрганиб чиқяпмиз, - дейди ҳужжатларни қабул қилиш ва тақдим қилиш бўлими бошлиғи Мирзабек Боватов.  

-Маҳалламизда 2200 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, - дейди «Олғабос» МФЙ раиси Убайдулла Туратов. - Маҳалла аҳолиси асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Бугунги сайёр қабулда аҳолига оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишнинг афзалликлари, рўзғорга олиб кирадиган баракаси ҳақида ўринли тавсиялар берилди. Насиб қилса, маҳалламизда оилавий тадбиркорлик ривожланиб, аҳолининг турмуш даражаси ошади, деган умиддамиз. 

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Report Page