Реконструкция қилинган Сирдарё вилоят мусиқали драма театри фойдаланишга топширилди. “Якшанба-театр куни” деб белгиланди

Реконструкция қилинган Сирдарё вилоят мусиқали драма театри фойдаланишга топширилди. “Якшанба-театр куни” деб белгиланди

@Sirdaryo
Фото: “Халқ сўзи Online” / Аҳмадали Шерназаров

Гулистондаги муҳташам, меъморий жиҳатдан ўзига хос маданият маскани - Сирдарё вилояти мусиқали драма театри биноси реконструкциядан сўнг тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Эътироф этиш лозимки, у таъмирлаш ва жиҳозлашдан сўнг мамлакатимиздаги тенги йўқ санъат кошоналаридан бирига айланди. 

Театрнинг катта зали 550 ўринли, иккита кичиги эса 80 томошабинга мўлжалланган бўлиб,уларда қўғирчоқ спектакллар ва бошқа турли тадбирларни ўтказиш мумкин.

-Ўриндиқлардан то совутиш-иситиш тизимигача – барча жиҳозларнинг замонавий ва қулай бўлишига алоҳида эътибор қаратилди,-дейди театр директори Равшан Ражабов. - Шу билан бирга саҳна элементларини яратиш ҳам театр санъатининг айни пайтдаги энг илғор ва сўнгги намуналари асосида бўлишига эришилди. 

Сизнинг рекламангиз учун жой!

Тантанада Сирдарё вилояти ҳокими Ғофиржон Мирзаев сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” ғоясини амалга оширишда театр санъати алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Айниқса, унда бой тарихимиз ва машҳур аждодларимиз ҳақидаги асарлар намойишини кўпайтириш ёшларимизнинг Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатини янада оширишга хизмат қилиши  айтилди.

Ушбу ўлмас санъат турининг ана шу ва бошқа кўплаб жиҳатларини эътироф  этган ҳолда иштирокчиларга вилоятда ҳар ҳафтанинг якшанбаси “Театр куни” деб белгиланганини маълум қилди.

Янги қиёфадаги театр биносининг очилиш тадбирида вилоят, туман-шаҳар давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари , нуронийлар, ёшлар, маҳаллалар аҳли вакиллари иштирок этдилар. 

Тантана доирасида Чингиз Айтматов асари асосида, сирдарёлик режиссёр Н.Ғойибназарова саҳналаштирган “Момо ер” спектакли намойиш этилди.

Аҳмадали Шерназаров,
“Халқ сўзи Online”

Report Page