"Боёвутлик ёш тадбиркор Президентимизга видео мурожаат йўлламоқда: унга кўмак керак... яқин кунларда унинг фаолияти тугатилиши мумкин!" номи билан эълон қилинган видео мурожаат бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари

"Боёвутлик ёш тадбиркор Президентимизга видео мурожаат йўлламоқда: унга кўмак керак... яқин кунларда унинг фаолияти тугатилиши мумкин!" номи билан эълон қилинган видео мурожаат бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари

@Sirdaryo
Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Халқимиз учун муборак кунлардан бири бўлган Қурбон ҳайити куни "Sirdaryo xabarlari" Телеграм каналида, ижтимоий тармоқлар ва телеграмдаги жамоавий гуруҳларда “Боёвутлик ёш тадбиркор Президентимизга видео мурожаат йўлламоқда: унга кўмак керак... яқин кунларда унинг фаолияти тугатилиши мумкин!” номли видеомурожаат тарқалиб, кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Айнан нотўғри талқин, тумандаги баъзи бир раҳбарларга нотўғри тавсиф берилиб, тадбиркор ўзининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Бунга қадар ҳам чет эл оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилган мазкур ҳолат прокуратура томонидан ўрганиб чиқилган. Унда масъул ташкилот ва идораларнинг ёш тадбиркор Амиров Сардор Анарбой ўғли фаолиятига тўсқинлик ҳолатлари аниқланмаган.

Шу ўринда савол туғилади: аслида ҳолат қанақа эди?

Мазкур видео мурожаат муаллифи Амиров Сардор Анарбой ўғли томонидан ташкил этилган “Ёш келажак авлод баракаси” МЧЖ га 2018 йилда Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-5466-сонли Фармони асосида ташкил этилган жамғарма томонидан 225,0 млн.сўм кредит ажратилган. Ажратилган маблағ ҳисобидан тренажёр жиҳозларини олиб келиб, замонавий фитнес клуб очган.

Ҳақиқий ҳолатни ўрганиш жараёнида гувоҳ бўлдикки, “Катлавон махсус қурилиш” ХК ва “Ёш келажак авлод баракаси” МЧЖ раҳбари айнан бир шахс, яъни Амиров Сардор Анарбой ўғли бўлиб, Боёвут Деҳқон бозори ҳудудида 2 қаватли савдо дўкони у раҳбарлик қилаётган “Катлавон махсус қурилиш” ХК тасарруфидадир.

Жорий йилнинг 28 июнь куни Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда – МИБ) Боёвут тумани бўлими ходимлари томонидан Амиров Сардор Анарбой ўғлига тегишли фитнес клубда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилаётганлиги аниқланиб, далолатнома асосида тармоқдан узилган. Шу куннинг ўзида МИБ ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги 0002479-сонли баённома тузилиб, қайта ҳисоб-китоб қилиш учун туман электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилинган.

Шуни ҳам қайд этиб ўтиш керакки, С.Амиров томонидан ўрнатилган электр ҳисоблаш ускунаси туман электр тармоқлари базасидаги истеъмолчилар рўйхатида қайд этилмаган, шартнома ҳам тузилмаган. Бу ноқонуний хатти-ҳаракатларни С.Амиров амалдаги тартиб-қоида ёки электр таъминоти тармоғига уланиш нормаларини тушунмай содир этган, деб бўлмайди. Чунки С.Амиров 2018 йилнинг июнь ойининг бошида электр таъминоти тармоғига уланиш учун давлат хизматлари маркази орқали мурожаат этиб, унда уланадиган қувватнинг 120 кВт эканлигини кўрсатиб ўтган. Мурожаатга кўра 2018 йилнинг 7 июнь куни “Сирдарё ҲЭТ” АЖ томонидан истеъмолчи томонидан сўралган 120 кВт қувватга уланиш учун 08/367-сонли техник шарт берилиб, ушбу қувват учун трансформатор ускунаси ўрнатиш кўрсатиб ўтилган.

Туман электр таъминоти корхонаси раҳбари К.Абдалиев бу ҳолатга қўшимча равишда изоҳ бериб, шундай дейди:

- Талабгор С.Амировга электр таъминоти тармоғига уланиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 4-боб, 28-банди талаблари асосида техник таклиф ҳамда техник шартлари берилганлиги, 30-банди талабидан келиб чиқиб, ҳаво тармоғини қуриш ва трансформатор ўрнатиш истеъмолчиларнинг (ёки тадбиркор) маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши тўғрисида батафсил тушунтириш берилди. С.Амиров эса “Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ (“Сирдарё ҲЭТК” АЖ) томонидан 07.06.2018 йил куни берилган 08/367-сонли техник шарт, Боёвут туман электр таъминоти корхонаси (Боёвут ТЭТК) томонидан 06.06.2018 йил куни берилган 1078-сонли техник таклиф ва 25.06.2018 йил куни берилган 1128-сонли ҳуқуқий асосланган техник шартларни бажаришдан кўра, тармоққа ноқонуний уланишни маъқул кўрди.

Шунингдек, талабгор бундан ташқари биринчи видео мурожаатида “...электр таъминоти корхонаси ходимларига шартнома қилишини илтимос қилдим, лекин улар менга рад жавобини беришди. Шартнома қилмаймиз дейишди”, – деб “айблов” эълон қилди. Агар шартнома тузиш илтимос билан амалга ошириладиган бўлса, унда нега Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори қабул қилинди?

Биз талабгорга амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатлари асосида тушунтириш бериб, уланиш учун талаб этиладиган 120 кВт қувват учун ўз ҳисобидан трансформатор ўрнатиш зарурлигини, шундан сўнггина шартнома тузилишини тушунтирганмиз. Яна шуниси қизиқки, видеомурожаатида “Биз бир қийналиб, камбағалликдан чиқиб, оддий оиладан чиқиб, кредит олиб тадбиркорликни энди бошлаб, янги тадбиркор эдим, булар фақат келиб фақат оёқдан чалиб, синдиришга ҳаракат қилишяпти” деган гапларига чет эл оммавий ахборот воситалари ишониши мумкин, аммо биз қандай ишонайлик? С.Амиров раҳбарлик қилаётган “Катлавон махсус қурилиш” ХК 2010 йилдан буён фаолият олиб боради. Фитнес клуб жойлашган икки қаватли 47 та дўконни ўз ичига олган савдо мажмуасини ҳам камбағал оиладан чиқган тадбиркор қургани йўқ! Уни “Катлавон махсус қурилиш” хусусий корхонаси қурган. Корхона раҳбари эса С.Амировнинг ўзи эканлиги бизга маълум. Мажмуанинг 1-қаватидаги барча дўконлар тадбиркорлик субъектларига сотилган.

Яна шуниси қизиқки, талабгор (С.Амиров) 120 кВт қувватни савдо мажмуасининг 2-қаватида жойлашган 12 та дўконни электр таъминоти тармоғига улаш учун сўраган. Берилган техник шартда трансформатор ўрнатиш юклатилганлиги сабабли сал ўтмай, яъни, 2018 йилнинг 20 июнь куни талаб этиладиган қувватни устамонлик билан 17 кВт деб кўрсатганига нима дейиш мумкин.

Шундай бўлса-да биз мутасаддилар, 17 кВт қувватга уланиш учун трансформатор ўрнатмасадан фақатгина алоҳида ҳаво тармоғи тортишини тушунтирдик. Чунки, талабгорнинг юкламалари аҳоли учун ўрнатилган трансформатор пунктига уланиши режалаштирилган эди. Агарда юклама мурожаатда кўрсатилган қувватдан ошиб кетса, аҳоли электр энергиясиз қолиши мумкинлиги ҳам тушунтирилган.

Натижада МИБ ходимлари томонидан юқоридаги ҳолат аниқланиб, қайта ҳисоб-китоб қилинганда рўйхатда қайд этилмаган электр ҳисоблаш ускунаси кўрсаткичларига мувофиқ (3308 кВт/с) 4 459 496,8 сўм (тўрт миллион тўрт юз эллик тўққиз минг тўрт юз тўқсон олти сўм саккиз тийин) эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Ушбу ҳолат юзасидан тўпланган хужжатлар МИБ томонидан 2019 йилнинг 11 июль куни Маъмурий ишлар бўйича Боёвут тумани судига юборилган.

Кўриб турганимиздек, ёш тадбиркорнинг фаолиятига ҳеч ким тўсқинлик қилгани йўқ, агарда С.Амиров қонунда белгиланган тартиб-қоидалар асосида электр таъминоти тармоғига уланиб, фаолият кўрсатганида эди, юқоридаги сингари ҳолатлар келиб чиқмаган бўлар эди. Ваҳоланки, Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди. Албатта, ҳамма ҳам амалдаги қонун ва қонун ҳужжатларини ёддан билмаслиги мумкин, лекин ўз тадбиркорлигига оид, амалиётда ҳар куни қўлланадиган қонун ҳужжатларини билмаслик бу ҳуқуқий онгнинг етишмаслигидан далолат беради. Мазкур ҳолатда эса бунинг онгга ҳеч қандай алоқаси йўқ, аксинча, истеъмолчи электр таъминоти тармоғига онгли равишда ноқонуний уланиб олган.

Амалий ёрдам бериш масаласига келадиган бўлсак, биз тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз, ёрдам берамиз. Лекин бир ёш тадбиркорни қўллаб-қувватлаймиз (жарималарини тўлаб бериш) деб, бошқа тадбиркор ёки фермерга “солиқ” солишга ҳеч кимнинг ваколати йўқ. Маҳаллий бюджет маблағларини эса фуқароларимизни рози қилиш, уларга қулай маиший шароит яратиш, “Обод қишлоқ” дастури асосида ижтимоий соҳа объектлари, коммунал хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, йўл ва кўчаларни обод қилишга йўналтириш мақсадга мувофиқ эмасми? Ушбу маблағларни Боёвут халқига тегишли деб қарайдиган бўлсак, уни қулай маиший шароит яратишга сарфлаганимиз яхшими ёки қонун ва унда белгиланган нормаларни четлаб ўтиб, ўз шахсий манфаатларини кўзлаган ҳолда электр таъминоти тармоғига ноқонуний уланиб, бир йил давомида сарфланган электр энергияси учун тўловни амалга оширмаган тадбиркорнинг жаримаси учун сарфлаган яхшими?

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, биз қонун устувор бўлган жамиятда, инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун саналган давлатда яшаётганимизни унутмаслигимиз керак. Бунда рамзий равишда “тўртинчи ҳокимият” деб аталаётган ОАВлари ҳар биримизга катта ёрдам беради. Бош Қомусимизнинг 67-моддасида таъкидланганидек “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар...” дейилади.

Юқоридаги фикр-мулоҳазалар Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунида ҳам давом эттирилади. Жумладан, унинг 3-моддасида “Ҳар ким оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир”, деб таъкидланади. Шу ўринда бир нарсани алоҳида қайд этиш зарурки, бунда шахс ахборотнинг тўғрилиги учун жавоб беришини унутмаслигимиз керак. Тадбиркор С.Амиров ҳам мана шу ҳуқуқидан фойдаланиб, турли ОАВларида чиқишлар қиляпти. Лекин ахборотнинг нотўғрилигига эътибор бермай, амалдаги қонун ва қонун ҳужжатларини бузяпти. Буни юқорида номлари зикр этилган туман электр таъминоти корхонаси, МИБ туман бўлими тақдим этган ҳужжатлар ҳам тасдиқлаб турибди. Шунга асосан тадбиркор С.Амировнинг ушбу хатти-ҳаракатини қонун билмаслик деб эмас, балки қонунбузарлик деб баҳоласак бўлади.

Боёвут тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page