Давлат хизматчилари ўртасида коррупция ҳолатларини олдини олиш борасидаги ишлар

Давлат хизматчилари ўртасида коррупция ҳолатларини олдини олиш борасидаги ишлар

@Sirdaryo
Фото: ДХРА вилоят филиали

Тарихдан маълумки, дунёда давлатчилик тараққий этиши билан бир вақтда унга параллел равишда коррупция иллати ҳам ривожланиб келган. Дунё ўзгариб бориши билан коррупциянинг миқёси ҳам ўзгаргани барчамизга маълум. Бугунги кунда давлатни ичидан емирувчи, миллат ва жамият тақдирига салбий таъсир этувчи коррупция иллати энг кенг тарқалган ва барча давлатлар учун бирдек хавф ҳисобланмоқда. 

Коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, унга қарши курашишнинг самарали йўлларини топиш мақсадида кўплаб тадқиқотлар ўтказилган, турли рейтинглар тузилган. 

Шу каби Сирдарё вилоятида коррупцияга қарши курашиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги юзасидан давлат хизматчиларининг фикрини ўрганиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ва эътибор қаратилиши зарур бўлган йўналишларни белгилаб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Сирдарё вилояти филиали томонидан ижтимоий сўров ўтказилди.

Сўровда 1070 нафар давлат хизматчилари иштирок этиб, улардан 868 нафари (81,1%) эркаклар ва 202 нафари (18,9%) аёлларни ташкил қилди.

Иштирокчиларнинг ёши бўйича таҳлили қуйидаги диаграммада келтирилган:

Фото: ДХРА вилоят филиали

“Сирдарё вилоятида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган асосий чора-тадбирлардан хабардормисиз?”, деган саволга сўров қатнашчиларининг 78,32 фоизи (838 нафари) хабардор эканлигини, 10,84 фоизи (116 нафари) қисман хабари борлигини ва яна 10,84 фоизи (116 нафари) бу борада ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини маълум қилган.

“Мамлакатимизда коррупцияга қарши олиб борилаётган сиёсат бизнинг вилоятимиз оммавий ахборот воситаларида етарли даражада ёритилаяптими?” саволига 44 фоиз респондентлар етарли даражада ёритилаётганлигини, 29 фоизи ёритишда барча жабҳалар қамраб олинмаётганлигини, 20,8 фоизи етарли даражада ёритилмаётганлигини қайд этган, 5,9 фоизи бу борада жавоб беришга қийналган бўлса, 0,3 фоизи жавоб беришни истамаган.

“Сизнингча коррупциянинг сабаблари нимада?” саволига сўров иштирокчилари томонидан бир нечта жавоб вариантлари белгиланган. Респондентларнинг 69,5 фоизи бюджет ташкилотлари ходимлари ойлик иш ҳақи миқдорининг камлигини, 41 фоизи аҳоли ҳуқуқий маданияти даражасининг пастлигини, 30 фоизи мансабдор шахсларнинг якка қарор қабул қилиш имконияти мавжудлигини, 28,5 фоизи амалдорларнинг хатти-ҳаракатлари, уларнинг даромадлари ва харажатлари бўйича қатъий назоратнинг йўқлигини, 19,6 фоизи жамоатчилик назоратининг йўқлигини, 17,5 фоизи коррупция ҳолатлари бўйича қонун олдида жавобгарлик чораларининг етарли даражада қатъий эмаслигини ҳамда 11,3 фоизи суд-ҳуқуқ тизимининг мукаммал эмаслигини коррупциянинг асосий сабаблари деб ҳисобламоқда.

Фото: ДХРА вилоят филиали

“Кундалик ҳаётингизда коррупция ҳолатларига дуч келганмисиз?”, деган саволга сўров иштирокчиларининг 36,4 фоизи дуч келганлигини, 61,5 фоизи дуч келмаганлигини маълум қилган, 2,1 фоизи ушбу саволга жавоб беришни истамаган. Коррупция ҳолатларига дуч келганларнинг 37,2 фоизини 30 ёшгача бўлган давлат хизматчилари ташкил этмоқда.

“Коррупция ҳолатлари бўйича ахборот беришга тайёрмисиз?” саволига респондентларнинг 23,1 фоизи фақат анонимлик сақланиб қолинган тақдирдагина тайёр эканлигини, 32,2 фоизи тайёр эмаслигини, 41,4 фоизи коррупцияни йўқотиш учун ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлаган, 3,3 фоизи бу бўйича ўз фикрини билдирмаган.

“Агар коррупция ҳолати ҳақида хабар топсангиз, бу ҳақида қаерга хабар берасиз?” саволига сўров иштирокчиларининг 51,9 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига, 9,8 фоизи давлат органлари ва ташкилотларига, 6,2 фоизи оммавий ахборот воситаларига хабар беришини, 9,5 фоизи ҳеч қаерга хабар бермаслигини, 20,3 фоизи қаерга хабар беришини билмаслигини маълум қилган, 2,3 фоизи бу борада жавоб бермаган.

“Нима деб ўйлайсиз, охирги 3-4 йилда Сирдарё вилояти ҳудудида коррупция даражаси ўзгардими?” саволига респондентларнинг 35,1 фоизи коррупция даражаси пасайди деб ҳисобламоқда. 20,6 фоизи коррупция даражаси ўзгармаганлигини, 15,3 фоизи эса коррупция даражаси ошганлигини қайд этган. 25,6 фоизи бу борада жавоб беришга қийналган, 3,4 фоизи жавоб беришни истамаган.

Сўров якуни билан коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш учун кўрилиши зарур бўлган асосий чора-тадбирлар аниқланди. Хусусан:

Фото: ДХРА вилоят филиали

Сўров натижалари бўйича Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Сирдарё вилояти филиали томонидан таҳлилий маълумот ва таклифлар тайёрланиб, зарур чора-тадбирларни амалга ошириш учун тегишли давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этилди.

Агентлик филиали томонидан давлат фуқаролик хизматчиларида коррупцияга қарши туриш маданиятини ва унга тоқатсиз муносабатни шакллантириш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда.

Гулмира БУРАНОВА,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Сирдарё вилояти филиали инспектори

Report Page