Сирдарё вилояти мактабгача таълим тизими педагогларининг 2020-2021 ўқув йилида амалга ошириладиган ишлар юзасидан асосий вазифаларни белгилаш мақсадида "Анъанавий Август анжумани" ўтказилди
@SirdaryoМактабгача таълим тизимига янги инновацияларни, илғор педагогик ва ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш, баркамол авлодни тарбиялаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва тизимни ривожлантиришга қаратилган туб ислоҳотларни самарали амалга ошириш ҳамда 2020-2021 ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Мустақилликнинг 29 йиллиги муносабати билан “Сен- қудрат манбаи, саодат маскани, Жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида Гулистон шаҳридаги “Қувонч” номли давлат мактабгача таълим ташкилотида вилоят мактабгача таълим бошқармасининг анъанавий август анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Илк ва мактабгача ёшдаги болаларни ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари ва “Илк қадам”, ”Илм йўли” Давлат ўқув дастурларини жойларда таълим-тарбия жараёнига тадбиқ этиш, мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини ривожлантириш, мажбурий бир йиллик бепул мактабга тайёрлаш тизимини ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этишнинг муқобил шаклларини йўлга қўйиш каби бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Анжуманда туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари мудирлари ва методистлари иштирок этиб, муҳокама қилинган масалалардан келиб чиқиб, янги 2020-2021 ўқув йилида мактабгача таълим тизимида амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар юзасидан бир қатор асосий вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, Анжуманда вилоят халқ таълими бошқармасининг масъул мутахассиси Г.Давронова ҳам иштирок этиб, 2020-2021 ўқув йилида 6 ёшли болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик бепул мактабга тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш юзасидан амалга ошириладиган галдаги вазифалар келишиб олинди.
Анжуман якунида ўтган ўқув йили давомида мактабгача таълим тизимини ривожлантиришда фаол иштирок этган тарбиячилар мактабгача таълим бошқармаси томонидан ташаккурнома ва совғалар билан тақдирланди.
Сирдарё вилоят мактабгача таълим бошқармаси Ахборот хизмати