Божхоначилар шифокорларга байрам совғалари улашди

Божхоначилар шифокорларга байрам совғалари улашди

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Энг улуғ, энг азиз айём – давлатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги байрами арафасида Сирдарё вилояти ОИТС марказида коронавирус инфекциясига қарши курашда фаол иштирок этган соҳа ходимларининг бир гуруҳига вилоят божхона бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Карантин қоидалари юмшатилган бўлсада, нафақат юртимиз, балки дунё бўйича ҳамон пандемия хавфи таҳликалигича сақланиб турибди. Коронавирус инфекциясини тарқалишининг олдини олиш, беморларни даволашда тиббиёт ходимларининг хизмати беқиёс бўлмоқда.

– Марказимизда айни пайтда 107 нафар тиббиёт ходими меҳнат қилмоқда, – дейди ОИТСга қарши курашиш Сирдарё вилояти маркази бош шифокори Валижон Шерматов. – Пандемия даврида вирус юқтириб олиш хавфи мавжудлигини била туриб, ҳеч бир ходим ўзларига юклатилган вазифасидан қочмади. Касбига содиқ, чин дилдан меҳнат қилишди. Уларнинг ҳар бирининг фидойилиги таҳсинга лойиқ.

Пандемия бошлангандан буён энг замонавий диагностика воситалари ва зарур тиббий лаборатория жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган вилоят ОИТС маркази мутахассислари томонидан “COVID-19”га 5 минг 994 тест синови ўтказилган бўлса, ОИТСни аниқлаш бўйича 65 мингта тест олинди.

– Гап совғада эмас, эътиборда, – дейди ОИТСга қарши кураш вилоят маркази катта лаборанти, 2-даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси Наима Ғафуржонова. – Бир оғиз ширин сўз, бир даста гул, бир вароқ ташаккурнома билан инсон қалбида, руҳиятида қанчалик улкан кўтаринкилик пайдо бўлади. Буни англаш, ҳис қилиш учун руҳшунос олим бўлиш шарт эмас. Бирор бир ватандошимиз шифокорларимиз томонидан кўрсатилган муолажалар сабаб соғлом бўлиб ҳаётга қайтганини эшитишнинг ўзи биз учун улкан шараф.

Тадбирда вилоят божхона бошқармаси томонидан бир гуруҳ соҳа ходимларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

ЎзА

Report Page