Сирдарёда умумтаълим мактаблари очилишга тайёрми?

Сирдарёда умумтаълим мактаблари очилишга тайёрми?

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида жорий йил 24 август куни ўтказилган умумий ўрта таълим мактабларини очиш масаласи кенг муҳокама қилинган видеоселектор йиғилишида 7 сентябрдан яшил ҳудудларда тажриба тариқасида, 14 сентябрдан барча ҳудудларда мактабларни очиш масаласи муҳокама қилинди.

Видеоселекторда берилган топшириқлар ижроси доираси Сирдарё вилояти ҳокимлиги, барча туман ва шаҳарлар ҳокимлари, вилоят халқ таълими бошқармаси ва унинг туман, шаҳарлар бўлимлари раҳбарлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида тезкор йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда янги ўқув йилига мактабларни очилиши юзасидан ота-оналар ўртасида тезкор сўровномалар ўтказиб, умумтаълим муассасаларининг янги ўқув йилига карантин талабларига тўла риоя қилган ҳолда фаолият юритишига тайёргарликларини назорат қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда ҳар бир мактабда ўқувчилар «синф режими» тартибида ўқиши, яъни хонама-хона кўчиб юрмай, дарслар бир синфда ўқитилиши, барча маҳаллий ҳокимликлар томонидан 10 сентябрга қадар антисептик ва бошқа керакли воситалар билан таъминланиши зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, ҳар бир мактабда бино ҳажми ва ўқувчилар сонидан келиб чиқиб совун билан кўчма қўл ювиш жойлари ташкил этилиши, барча ўқитувчилар коронавирусга тест топшириши, кейинроқ ўқитувчи ва ўқувчиларнинг барчаси вирусга қарши вакцина билан эмланиши, мактабларда изоляция хоналари ташкил этилиши, ётоқхонада қоладиган ўқувчилар (ИДУМИ) озиқ-овқати жойлардаги ҳудудий санитария-эпидемология осойишталик марказлари назорати остида бўлиши шартлиги қайд этилди.

Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятнинг барча туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари, халқ таълими мутасаддилари ўз ҳудудларидаги мактабларда бўлиб, янги ўқув йилига барча карантин қоидаларига тўла риоя этилган ҳолда ўқиш жараёнини бошлашга тайёргарликлари кўздан кечирилди.

Жумладан, вилоятнинг энг олис Сардоба тумани ҳокими А.Хидиров ва секторлар, туман халқ таълими бўлими раҳбарлари, мактаб директорлари – ота-оналар, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари ва масъул раҳбарлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориб, мактабларни очилиши борасида тезкор сўровнома ўтказилмоқда.

– Тумандаги мавжуд 21 та умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 10 минг 500 нафардан ортиқ ўқувчиларнинг ота-оналари ўртасида, 2 кун ичида сўровнома ўтказишимиз лозим, – дейди туман халқ таълими бўлими мудири Рустам Тошпўлатов. – Ниҳоясига етиб бораётган ушбу сўровномани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – аҳолининг кўпроқ қатламини розилигини инобатга олиб, пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда, ота-оналар фарзандларини мактабга юбориш ёки онлайн тарзида машғулотларини давом эттириши юзасидан бир фикрга келишлари уларнинг ўзларига ҳавола этилди ва бу энг оптимал вариант, деб ўйлайман.

Жойларда сўровномалар олиб бориш билан бирга ўқиш жараёнлари ҳақида ҳам атрофлича тушунчалар бериб ўтилмоқда. 

Ушбу ўтказилаётган йиғилишларда ҳокимлик, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳам иштирок этиб, ота-оналарга экспертлар фикридан келиб чиқиб бу йилги ўқув йилини 14 сентябрь – душанба кунидан бошлаш таклиф сифатида киритилганлиги, шунингдек, бир ҳафта олдин синов тариқасида вирус тарқалмаган, хавфсиз, яъни яшил ҳудудлардаги баъзи кичик мактабларни очиш, ушбу жараёнда барча чораларни тўлиқ ва тўғри амалга оширилишини ўрганиб чиқиш ҳам режалаштирилганлиги, мактабга ўқувчиларнинг бир вақтда келмаслиги, ўқувчи мактабга кираётганида унинг тана ҳарорати ўлчаниши, барча дарслар ҳар бир синф ўқувчилари учун ўз синфхоналарида, яъни бир синф хонасида ўтилиши, танаффусда синф ҳавоси шамоллатилиши, ўқувчиларга ижтимоий масофани сақлашни тушунтириш каби қатор талаблар ишлаб чиқилиб, жойлардаги барча мактабларда ижросини таъминланиш чоралари кўрилиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам учрашувлар ўтказилди. Унда Бош вазир раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши масъуллар зиммасига юклатилган топшириқларнинг мазмун-моҳияти мактаб директорлари ва ўқитувчиларга етказилди. Умумтаълим мактабларидаги баъзи жузъий камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, ўқувчилар сонидан келиб чиқиб зарур антисептик воситалар ва тиббий маҳсулотлар билан таъминлаш юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.

Фото: ЎзА
Фото: ЎзА
Фото: ЎзА

Айни пайтда вилоятда жорий йилнинг 14 сентябрида ўқувчилар мактабларда ўқишини бошлашини тўлақонли таъминлаш мақсадида зарур чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА

Report Page