УМР ЎТАР ЭКАН БИР ЗУМДА, ҲЕЙ… (Бадиа)

УМР ЎТАР ЭКАН БИР ЗУМДА, ҲЕЙ… (Бадиа)

@Sirdaryo
Фото: Муҳаммад ИСМОИЛ / Telegram

Ўғлим, ёдингда бўлса, бир кун уйимизда чироқ ўчиб қолди. Ҳаммамиз шам ёруғида овқатландик ва узоқ вақт суҳбатлашдик. Авваллари, бу пайтда, кимдир телевизор кўрар, кимдир радио эшитар, кимдир дарс қилар, хуллас ҳамма ўзи билан ўзи овора бўларди. Суҳбатлаша туриб, ҳаммаларинг, ўз фикрларингга эга, кап-катта бўлиб қолганларингдан хурсанд бўлдим. Айтишади-ку, вақт югурикдир. Гоҳ унинг шитоб билан ўтишини англагунингча умр поёнига етиб қоларкан. Шу билан бирга, айтиш керакки, хаёт, шавқатсиз, бир бор хато қилиб, ўзингни ўнглагунингча, ҳаммаси тугаб бўлади.

        Бахтиёр кунлар тез ўтади, аммо қайғули дамлар, елкангга ортилган зил-замбил харсангдай, минг бор зўриқтиради, азоб ва изтироблар яшини юрак-юрагингни қирқиб қақшатади.

        Менинг ҳам хаётимда байрамона кунлар, мотамсаро лаҳзалар кўп бўлган. Бир ривоят бор: ”Бир ўтинчи ҳар кун тоғдан ўтин ташир экан. Бир кун ўтин орқалаб келаётиб юкнинг оғирлигидан юзтубан йиқилибди ва ўкраб:

- Эй, Худо, бу азоблардан қачон қутуламан, кел яхшиси жонимни ол! – дебди.

У ҳали ердан бошини кўтармай, тепасида фаришта Азроил пайдо бўлибди:

- Мана, мен келдим, нима гапинг бор, - деса, ўтинчи чол:

- Йўқ, йўқ, ҳеч нарса деганим йўқ. Шу ўтинни елкамга қўйиб юборолмайсизми?” – деган экан.

        Ҳақиқатан ҳам, хаёт гўзал ва ҳамманинг яшагиси келади. Ва ҳеч биримиз мана шу ўтинчидан ортиқ эмасмиз. Ҳатто Навоий бобомиз айтади:

                  Ким кўрди экан, жаҳонда аё хушлуқ
                  То бир киши айлагай, таманно хушлуқ.
                  Юз йилда бир бора эрди пайдо хушлуқ
                  Омададурур, ёнида юз нохушлуқ.

        Кимсан, Навоийдек одам, хаётда ҳуш лаҳзаларнинг нақадар оз эканлигини эътироф этаётган экан, биз умрдан хушлуқ лаҳзаларни кўпроқ талаб қилишимиз, бошимизга фақат ва фақат мушкулотлар ва ортиқча зўриқишларнигина олиб келади.

        Сенга қиладиган насиҳатларимдан бири, меҳнаткашликни ўрган. Меҳнат, бахтиёр кунларда ортиқча кибрдан сақласа, мушкул дамларда тушкунликдан асрайди. Аравангни чоҳдан аста-секин судраб олиб-чиқиб кетади. Меҳнат, буғдойни экмай туриб, ҳосилни кутишни эмас, буғдойни экиб, озиқлантириб, парваришлаб, сўнг ҳосилни ўришни ўргатади.

        Мен ҳам сени, бир кун улғайиб, ўзи одам бўлиб кетар десам, хато қиламан. Одам дарахт бўлса, фарзанд унинг меваси дейишади. Кейин, вақт келар эканки, мевасига қараб, дарахтга баҳо беришар экан. Мен ўзим деҳқон фарзанди бўлганим учун деҳқонча фикрлайман ва ҳеч қачон хаётни роҳатдан иборат деб ўйламайман. Ява оролларида бир шоликор билан танишган эдим. Маълумки шоли ер юзида энг кўп истеъмол қилинадиган озуқа. Индонезия – 17500 оролдан иборат, 500 дан ортиқ миллат ва элатлар яшовчи, оламдаги энг катта исломий давлат. Деҳқоннинг ҳикоясига қараб, Индонезиянинг жаҳоншумул тараққиётининг сабабларидан бирини англаб етдим. Ундан кундалик турмуши ҳақида сўраганимда шундай деганди:

-        Мен 6 гектарга яқин ерга шоли экканман. Ҳар кунлик режам бор. Айтайлик, бугун 30 сотих ерни бегона ўтлардан тозалашни режалаштирдим. Лекин, пешинга бориб, ялқовлик билан ухлаб қолдим, дейлик. Лекин бу менга баҳона бўлолмайди. Мен қаро кечгача ишни якунлаб қўяман. Айтайлик, шомда, бирор жойга борсам, хуфтонда келиб, режамни якунлаб қўяман. Айтайлик, шомда силлам қуриб, ҳолдан тойсам, ҳатто бурнимдан қон отилиб келса ҳам, бугунги ишни эртага қўймайман. Эмаклаб бўлса ҳам, нафас ололмай қолсам ҳам, танимда то қатра қон бор экан, бугунги ишни бугун бажараман. Мен бу ҳикояни келтириб, ҳаёт фақат меҳнатдан иборат демоқчи эмасман. Хаётдаги ҳар бир улуғ мақсадга эришиш, катта меҳнат эвазига рўй беришини, бунинг учун изчил ва тинимсиз меҳнат зарурлигини таъкидламоқчиман холос.

Сизнинг рекламангиз учун жой!

        Колумбиялик ёзувчи, Нобель мукофоти лауреати Габриэл Гарсия Маркес ”Юз йил танҳоликда” романини ёзишдан олдин, уй ҳаражатларига сарфлаш учун машинасини сотиб, пулларни хотинига топширади ва ўз ижодхонасига кириб кетади. Хонанинг эшигини тамбалаб, коса-товоқ учун туйнук қолдиради. Хонанинг эшиги бир ярим йилдан кейин очилади. Бу муддат оралиғида у ҳеч ким билан гаплашмайди, кўришмайди, ташқи муҳитдан узилади. Аксини қарангки, бир ярим йил танҳоликда ёзилган асар бир ярим йилда юздан ортиқ тилда дунёни забт этади, севимли асарга айланади.

        Ўғлим, спортда нафаснинг кучини, мақсад сари йўналтиришни ўргатишади. Сен ҳам, ҳар бир олган нафасинги аниқ мақсад сари йўналтира билсанг, албатта улкан ғалабаларга эришасан. Хаётингни ҳар бир сонияси, дақиқаси, соатлари, кунлари, хафталари, ойлари йиллари бир мақсад сари йўналтирилар экан ва катта заҳматдан, меҳнаткашликдан бўйин товламас экансан, ишончим комилки, омадли, бахтли ва буюк бўласан! Пала-партиш ишлашда барака бўлмайди. Аниқ мақсадни билмаслик, парокандаликка олиб келади. Хаёт эса ўтиб кетади. Ўз хаётини режалаб олмаган одам, мақсади йўқ кас, нима учун яшаётганини ҳам билмайди. Унга умрининг қадри йўқ. Хаётни қадрламаслик эса – жиноят. Умрни қадрламаслик – қабиҳлик.

        Биламан, сен улкан қобилият эгасисан ва албатта ўз олдингга қўйган мақсадга эришасан. Лекин бу мақсад, қайсидир олийгоҳни тугатиш, ёинки бирор қизни юрагини забт этишдангина иборат бўлмаслиги керак.

        Сени, ҳатто маҳаллий хонанда, ёйинки саккизинчи даражали киноактёр бўлишингни истамайман. Коммуникация ривожланган сари Ер шари мамлакатлари яқинлашиб бораяпти. Бугун, ўзбеклар ичида Нобель мукофотига номзоди қўйилишини истаётганлар бор. “Оскар” мукофотини мўлжаллаган актёрларимиз, Голливудда рол ўйнашни мақсад қилган истеъдодлармиз, Болливуд билан ижодий ҳамкорлик қилишни истаётган иқтидорли режиссёрларимиз бор. Бундай муваффақиятга эришиш, кечагина хомхаёл эди, бугун воқеликка айланаяпти. Эртага у юз беради. Режа ҳар хил бўлади. Кунлик режа, ойлик режа, йиллик  режа ва бир умрлик режа. Уларни тузишда, эринмаслик керак. Баъзан истак бор-у, имкон йўқ, дейишади. Халқимиз излаган имкон топади, деганда юз бора ҳақ эди. А.Ориповнинг “Имкондан ортиқроқ имконни кутма”, деган сатрлари, ҳар бир фурсатнинг ичида, сиз излаган имкон ётгани ҳақидадир. Баъзан шундай савол туғилиши мумкин. Режалаштиришга режалаштирдим-у, шундай катта юкни орқалашга тоқатим етармикан, сабрим заковатим, қобилиятим панд бериб, хаста ва мажруҳликка мубтало бўлмайман-ми, иродам синиб қолмайдими, деган хавотирлар хаёлга келиши мумкин. Хавотирланманг.

        Худо, сизнинг кўнглингизга қандай истакни солса, шундай имконни ҳам яратиб беради. Агар кўнглингизга буюк бўлиш туйғусини солса, демак тақдирингизда буюк бўлиш қисмати бор. Имом Аъзам ҳазратлари ўз хаётлари давомида 83 минг диний масалага ечим топиб, жавоб берган эканлар. Бутун хаётлари мобайнида Қуръони каримни етти минг марта тўлиқ хатм қилган эканлар. Рўза кунлари, ўттиз пора Қуръонни бир кунда икки мартадан тўлиқ хатм қилган, Имоми Аъзам хаётларининг сўнгги ўттиз йилини рўза тутиб ўтказган бўлсаларда, бирор марта хаста бўлиб қолганлари йўқ. У киши Пайғамбаримиздан тўрт минг хадис ривоят қилганлар.

        Худо кишига мақсадига яраша қувват ҳам ато этади. Ниятнинг пок, мақсаднинг эзгулик йўлидалиги, одамга куч-қувват бераверади. Одам ўзи сезмаган ҳолда илоҳий куч, файзу-барокатдан баҳраманд бўлаверади. Қилаётган ишининг самараси ўз-ўзидан юксалиб кетаверади. Олайлик, етти минг марта Қуръонни тўлиқ хатм қилган одамнинг бутун умри фақат намоз ўқиш билан ўтиб кетиши керак эди. Лекин, имом Аъзам ҳазратлари, 83 минг диний масалага ечим ҳам топдилар. 4 мингта хадис ривоят қилдилар. Шу билан бирга Ханафия мазҳабига асос солдилар. Бугунги кунда Ер юзидаги 700 миллион мусулмон шу одамнинг мазҳабидадир. Оллоҳ бу одамнинг ниятига қараб куч-қувват, ишига қараб шундай барака ато этганки, агар бу барака бўлмаса, шу биргина одам бажарган ишни етти мингта одам ҳам бажаролмайди.

        Ҳозир фақат меҳнат ва аниқ мақсад ҳақида сўз юритаётган эканман, ҳозирча фақат шу мавзу билан чекланаман. Албатта биргина мавзу, қизиқишларингни ҳар томонлама қамраб ололмайди. Насиб қилса бошқа мавзулар ҳақида ҳам сўз юритармиз. Зеро, уларнинг бари бир-бири билан боғлиқ. Аниқ мақсаднинг улуғлиги яна шундаки, олайлик Тожмаҳал мақбарасини қуриш ҳам бир одамнинг аниқ мақсади эди. Ёинки, Америкадаги Озодлик ҳайкалини қуришни ҳам, биргина одам, ўз олдига аниқ мақсад қилиб қўйди, унинг қурилишида эса минглаб одамлар қатнашди. Ёинки Миср эҳромлари ҳам бир кишининг аниқ мақсади, ғояси эди. Минг чақиримларга чўзилган ва асрлар оша яшаб келаётган, ақлга сиғмайдиган, афсонавий Хитой деворини қуриш ҳам битта одамнинг аниқ ғояси, ташаббуси эди. Сўнгра уни юз йиллар давомида, миллионлаб одамлар бунёд этдилар. Фикри, зеҳни, қалбининг қўъри, интилишлари, орзу-умидлари бир кучга йиғилган одам, худди қуёш нурлари бир жойга тўпланганда, олов ҳосил қилганидай, катта кучга айланишини, ҳеч қачон ёдингдан чиқарма!

        Саодатли замонларда, Пайғамбаримиздан: “Илм, гар Чинда бўлса ҳам, ўрганинглар” – деган ҳадисни эшитган бир саҳобий Хитойга йўл олади. Аниқки, у Хитой тилини билмасди. Бу ерда у узоқ йиллар яшади. У машаққатли меҳнат, аниқ мақсад йўлида исломнинг барча арконларини шу қадар сидқидилдан бажарди-ки, унинг шижоати, қатъийлигини кўриб, минглаб бутпарастлар ислом динига кириб кетдилар. Ўғлим, мен ҳам сенинг аниқ мақсад йўлида оғишмай, шиддат ва шижоат билан, ўз шахсингни, ўз оламингни яратишингни, орзуларинг рўёбга чиқишини истайман. Зеро, Ислом Ғаззолий айтган сўз, сўзгина эмас, ҳаёт қонунларидир:

        “Ҳар хил ишлар билан машғул бўлган фикр сўзи ҳар тарафга тарқалиб кетган сойга ўхшайди, унинг баъзиси ерга сингиб кетса, баъзисини қуёш қуритади, натижада экинзорга етиб борадиган сувнинг ўзи қолмайди”.

        Худо, бундай кўргуликдан барчамизни сақласин, эзгу йўлларидан асло адаштирмасин!

Муҳаммад ИСМОИЛ,
Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби директори

Report Page