Сирдарёда ёш китобхонлар беллашмоқда: “Ўқилмаган китоблардан қарзимиз бор” (фото)
@SirdaryoАйни дамда юртимиз бўйлаб ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови китобхонликни кўникмага айлантирган ёшлар ўртасида ҳақиқий баҳс ва мунозара майдонига айланди.
3 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган танлов улуғ алломаларимизнингҳаёт йўлларини ўрганиш, ёшларимизни маънавиятли, заковатли қилиб тарбиялаш мақсадида ташкил этилган.
Бугун вилоят “Маънавият ва маърифат” марказида ота-оналар, устозлар, ёшлар, ОАВ ходимлари иштирокида танловнинг Сирдарё вилояти босқичи юқори савияда ўтказилди.
— Таъкидлаш керакки, бу йил вилоятимизда китобхонлар сони ошди. 61747 нафар ёшлар танловда иштирок этиш учун ариза топширди, — дейди Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши бўлим бошлиғи Жаҳонгир Шербоев.— Танловнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида саволлар муҳрланган ҳолда Республика Комиссияси вакиллари томонидан келтирилди. Нуфузли ҳакамлар ҳайъати ёш китобхонлар билимини холис баҳоламоқда.
Танлов натижаларига кўра, 10-14 ёш тоифаси бўйича мирзаободлик Нарзиев Худойбоқ, 15-19 ёш тоифасида Мамамуродов Достон, 20-30 ёш тоифасида эса Гулистон шаҳридан Қосимова Дилфуза 1-ўринни эгаллаб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
— Бизнинг таълим муассасамизда жуда кўпчилик бадиий адабиётга қизиқади, — дейди Ўзбекистон Республикаси ИИВ тасарруфидаги Сирдарё академик лицейи ўқувчиси Достон Мамамуродов. — Очиғини айтишни хоҳлайман. Биз китобларни талашиб ўқияпмиз.
Бугун китоблар жавонларда ўқилмай ётадиган, кутубхоналар китобхонга муштоқ ўтадиган кунлар эмас. Ўқилмаган китоблардан ҳали биз ёшларнинг қарзимиз кўп. Вилоятимиз нуфузини республикада ҳам муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан.
Ҳа, бугун ҳамма порлоқ келажак яратиш истаги билан ҳаракатда экан, аввало, мутолаа учун кенг майдон яратилаётгани қувонарли.
“Ёш китобхон”нинг ғолиблари ҳам минглаб тенгдошларига намуна бўлиб, уларни ўз ортидан эргаштира олаётгани буюк келажак сари ташлаётган истиқболли қадамларимизга намунадир.
Анвар Тўйчиев,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби