ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲУҚУҚИ КАФОЛАТИ

ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲУҚУҚИ КАФОЛАТИ

@Sirdaryo
Фото: Вилоят адлия бошқармаси

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси фаоллар залида яқинда Сенат томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда  “Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Семинарга вилоят ва туман-шаҳар «Оила»маркази раҳбарлари, маҳаллаларнинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича   мутахассислари таклиф этилдилар.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

Тадбирни вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Сафарбой Тоғаев олиб борди.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

Тадбирда вилоят адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Азизжон Мавлонов Қонунларнинг мазмун-моҳияти,  хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишни таъминлашни назарда тутиши, хотин-қизлар ва эркакларга давлат томонидан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатланиши, уларни жинси бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги ҳақида батафсил тушунтириб берди.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

-        “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга кўра тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи таҳдид ҳақида тегишли органларга ёхуд судга мурожаат этиш, бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш каби ҳуқуқларга эга, - деди маърузачи ўз сўзида. - Бунда жабрланувчи етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинади. Шу билан бирга, Қонунда хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар кўрсатиб ўтилган.

Сизнинг рекламангиз учун жой!

Мазкур органлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини унга тушунарли тилда ҳимоя механизмлари, кўрсатиладиган ёрдам ва хизматлар турлари тўғрисидаги ахборот билан таништириши шарт. Хусусан, ички ишлар органлари тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида оғзаки ёки ёзма хабар олганда бундай ҳаракатларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган якка тартибдаги чора-тадбирлар кўриши шарт.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

Шунингдек, тадбирда “Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ қонун ҳужжатларидаги жинс бўйича камситилишига йўл қўядиган нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ушбу ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизаси ўтказилиши, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсати Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси томонидан амалга оширилиши ҳақида ҳам тушунчалар берилди.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

-        Илгарилари ишга қабул қилиш, айниқса, ёш қизлар ва ҳомиладор аёлларни ишга қабул қилишда диксриминация ҳолатлари учраб турарди, - деди тадбирда сўзга чиққан  вилоят “Оила” илмий-амалий маркази раҳбари Олия Турдиева. – Ушбу ҳужжат билан бундай салбий ҳолатнинг олди олинди. Умуман, кейинги икки йил ичида мамлкатимизда аёл-қизларга бўлган эътибор икки баробар кучайди, хусусан, туман-шаҳарларда “Оила”марказлари очилганлиги, оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллиги борасида олиб борилаётган ижобий ишлар эътирофга лойиқ.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

Тадбирда шунингдек, вилоят давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати ходими Шуҳрат  Юлдашев тадбиркорлик ва ҳунармандчилик йўналишида ўзларининг имкониятларидан келиб чиқиб иш бошлашни истаган хотин-қизларга солиқ бўйича имтиёзлар ҳақида маълумот берди.

         Тадбир савол-жавобларга бой бўлди.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

-Адлия бошқармаси ташаббуси билан ўтган ушбу семинар хотин-қизлар учун муҳим аҳамиятга эга, бугун биз қонунчиликдаги янгиликлардан бохабар бўлиш билан бирга, ўзимизга керакли бўлган ҳуқуқий мавзулардаги барча саволларга жавоблар олдик, худди шундай семинарларни туман-шаҳар адлия бўлимлари билан жойларда ўтказишни келишиб олдик, - дейди вилоят “Оила” илмий-амалий маркази раҳбари Олия Турдиева.

Сирдарё вилоят
Адлия бошқармаси

Report Page