Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!

Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!

@Sirdaryo
КЕЧАМИЗ ВА БУГУНИМИЗ

Бугун ишга келаётиб, Гулистон шаҳрининг гулларга бурканган майдонлари ёнидан ўтар эканман, узоқ 90-нчи йилларни эсладим. Сирдарё Давлат педагогика институти Гулистон шаҳрига кўчиб келганига энди 5 йил бўлган. Ўша пайтларда узундан-узун автобуслар юрарди кўчаларда.

Аммо, ҳамма ёқда эски, нураб турган пастқам уйлар ва қамиш босган ҳовлиларни кўриш мумкин эди. Ҳозир Ислом Каримов номли кўчада савлат тўкиб турган Ички ишлар биноси ўрнида ҳамда олд тарафидаги майдонда ҳам пастқам уйлар жойлашган эди.

Ёдимда, Сайёра исмли курсдошим билан ўқишдан қайтаётиб, автобусга илинмай қолганмиз. У пайтларда такси анқонинг уруғи эди. Кейингисига сабримиз чидамай канал орқали ўтганмиз ва шаҳар оралаб вокзалга келгандик. Келгунимизча уйларнинг деразаларини, уларнинг қинғир-қийшиқ жойлашганини кўриб, кулавериб, ичимиз оғриб қолган эди.

Эски Гулистон (архив сурат)

99-нчи йилда Сирдарё вилоят телевидениесига ишга кирдим ва Гулистон шаҳрига кўчиб келдим. Чамаси 6-7 йиллар илгари ҳам телевидение ходимлари билан ҳозирда Божхона ҳамда Адлия бошқармаларининг муҳташам бинолари жойлашган пастқам хонадонларнинг бирида жойлашган лағмонхонага келардик. Ошхона жойлашган ҳовли ва бино санитария-гигиена талабига умуман талабга жавоб бермасди, аммо, ошпазларнинг қўли ширин ва арзон бўлгани учун, доим гавжум бўларди.

Кўчаларни ям-яшил дарахтларгина безаб турарди, уйлар ва кўча деворлари абгор аҳволда эди. Эсимда, бир гал Биринчи президентимиз ташрифидан олдин Сайхун кўчасидаги қулаб қолар даражадаги эски уйларни уй сурати солинган декорация билан ўраб қўйилган эди.

Эски Гулистон (архив сурат)

Бугун бундай кўзбўямачиликларга ҳожат йўқ. Бундан 3-4 йил илгари Гулистон шаҳрига келган киши бугун ташриф буюрса бу ердаги шиддатли ўзгаришларни кўриб, ҳайратда қолса ажабмас. Гулистонга кириб келишданоқ чиройли, замонавий автомобиллар юрадиган кўприк, замонавий ва кўркамликда пойтахт биноларидан қолишмайдиган уй-жойлар,  текис асфальтланган кўчалар.

Гулистон шаҳридаги янги 6 -мавзе

 Айниқса, кўчалардаги озодаликдан кўнглинг яйрайди. Ахир 4-5 йил илгари ҳам кўчада семичка чақиб, ифлослантириб кетаётган юртдошларимизни кўплаб учратиш мумкин эди.

Ҳозирги Гулистон номига муносиб шаҳар бўлмоқда. Яна бир гап, муҳими, бундай ўзгаришлар фақатгина вилоят марказида эмас, балки, барча туман-шаҳарларда рўй бераётганидир. Қадимий Ховос қўрғони бағрида пайдо бўлган Ховос-сити ҳақида «Ўзбекистон24» телеканали орқали кўплаб кўрсатувларни томоша қилгансиз, албатта.

Аммо, Оқолтин тумани томон йўлингиз тушса, марказий йўл чеккасида жойлашган атрофи қинғир-қийшиқ деворлар, иккиламчи қурилмалар билан ўраб олинган икки қаватли уйлар ўрнига 5 қаватли кўркам уйлар тушганини кўриб, завққа тўласиз. Қачон улгуришди экан, деган сўз беихтиёр миянгиздан ўтади.   

Яна 2-3 ойда туман тарафга йўлингиз тушса, йўлнинг чап тарафида Сардоба сув омбори тошқинида жабр кўрган аҳоли учун қурилган замонавий шаҳарчани томоша қилишингиз мумкин. Бугун бу ерда иш қайнамоқда, қурувчилар ҳамда ҳашарчилар барча ишларни сентябрь охирига қадар тугатиб, эгаларига топшириш ҳаракатидалар.

 Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасидаги ижтимоий тармоқларда баъзи постларни ўқийман ва уларнинг тагига «ҳаракатда баракат» деб ёзиб қўйгим келади.  Ҳаракат қилган инсон бугун ишиниям, жойиниям топади, оиласиниям бемалол боқади. Оддий мисол, устачилик қиладиган қўшним ўн йилда намунали уй сотиб олиб, кўчиб кетди. Квартирасини ҳам фарзандлари учун сақлаб қолди. Оддийгина уста.

Бир умр бир хонали, поллари чириб кетган квартирада 2 фарзанди билан яшаган яна бир қўшним фарзандлари ишга киргач, уйини чиройли қилиб таъмирлади, чиройли темир эшиклар ўрнатди. Яқин-ўртада қизига алоҳида квартира, ўғлига алоҳида квартира олиб қолса, ажабмас.

Фаровонлик…у ҳам бор, дўконлар хоҳлаган, чўнтагингиз кўтарадиган озиқ-овқат маҳсулотларига тўла. Илгаригидек, «Иш вақти соат 9-дан 12-гача ҳамда 14-дан 18-гача» деган ёзув йўқ, қачон эшигини тақиллатсангиз, тадбиркор хурсанд бўлиб, дўконни очиб турибди. Дорихоналар ҳам шундай.

Фақат, яхши яшашга шошманг, «сабр билан муродга етишибди» деган гап бор, ахир, халқимизда. Чет элга кетиб, бир йилда машина олибди, икки йилда уй қурибди…деган гапларга учиб, мусофирчиликнинг қаттиқ нонини тишлаётган юртдошларимизга айтмоқчи бўлганим. Бу йил қишлоқда яшайдиган катта опамнинг ўғиллари 5 га ерга тарвуз экишиб, қишлоқнинг бойига айланишди. Учинчи ўғилга уй қуриш тараддудида. Ҳовлига янги «Кобальт» кириб келди.

- Бўлмаса, 10-15 кг ли тарвузларни кўтара 2,5 минг сўмдан бердик, Аллоҳ баракасини берса, ҳеч гапмас экан, -дея қувончини яширмайди опам.- Аҳилликда гап кўп. Оила аҳил бўлса хонадон баракали, жамият аҳил бўлса, юрт баракали бўлади.

Мустақиллигимизнинг қадрига етиб, ўз юртимизда меҳнат қилишга нима етсин? Жаннатмакон юртимиздан эркин нафас олиб юришимизнинг ўзи катта бахт. Айниқса, атрофингда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари кетаётган бўлса, обод ва замонавий маконда яшасанг.

Сиз ва биз учун ягона талаб – ўз ҳуқуқ ва эркинликларимизни билиб, қонун доирасида фойдаланиб, ҳуқуқий саводхон жамият қуриш. Аллоҳ ато этган жаннатмисол масканда ҳур ва озод давлатда, эркин яшашга нима етсин?

Зебо Ҳайдарова,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи

Report Page