АДОЛАТ МЕЗОНИ

АДОЛАТ МЕЗОНИ

@Sirdaryo
Фото: Google Images

Ҳуқуқий жамият барпо этишда давлат томонидан фуқароларнинг ҳуқуқларининг ишончли ҳимояланганлиги асосий меъзонлардан бири саналади.

Мамлакатимизда бу борада қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислохотлар, давлат ва жамиятнинг жиноят ҳуқуқи соҳасидаги муносабатларини тартибга солишда ижобий самара бермоқда, бунда суриштирув ёки тергов олиб борилаётган, ёхуд суд ишлари юритилаётган ишларда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмлари жорий этилмоқда, шулар жумласига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармонига кўра 2021 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш назарда тутилганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.

Қонунчиликка киритилаётган ушбу ўзғартириш жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш босқичида тортишув принципига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида жиноят ишини умумий асосларда кўришга монелик қилувчи сабабларни тезкор бартараф этиш имконини берувчи қарорлар қабул қилишни таъминлашга ёрдам беради.

Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлашнинг амалдаги тартибига кўра, ишни судда кўриш учун (иш юритишни тўхтатиб туриш) асослар мавжудлиги тўғрисидаги масалани ҳал этишда, ишни суд мажлисида кўриш учун тайёрлашда, ишни тугатиш учун асослар мавжуд бўлганда уни моҳиятан ҳал этишда, шунингдек дастлабки терговнинг ёки суриштирувнинг техник хусусиятга эга камчиликларини бартараф этиш учун ишни айблов далолатномасини ёки айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорга топширишда судья томонидан дастлабки тергов материалларини текширишдан иборатдир.

Ишни суд мажлисига тайёрлаш шаклининг, биринчи навбатда, суднинг мазкур босқичдаги текшируви предмети ва чегарасининг таҳлилига оид хулосага кўра, бу босқичнинг моҳияти ишни “оддийгина” тарзда, суд томонидан бунинг учун фактик асослар етарли эканлигини ҳақиқатда баҳоламаган ҳолда судга ўтказишдан иборатдир.

Шу тариқа, жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш босқичида судга берилган ваколатларнинг ҳажмидан қатъи назар, бу босқичнинг назорат-текширув моҳияти расмиятчилик хусусиятига эгалигича қолган эди. Суд мажлисини тайинлаш босқичи самарадорлигининг оширилиши процессуал маблағларни иқтисод қилишга кўмаклашишини, процесснинг бу босқичда кўчирилиши суд муҳокамасида иш юритишни мураккаблаштирадиган масалаларни харажатларини камайтирган ҳолда ҳал этиш имкониятини беришни эътиборга олган ҳолда, ишни суд мажлисига тайёрлаш босқичини дастлабки эшитув институтини жорий этиш йўли билан жиддий равишда ўзгартириш таклиф этилмоқда. Мазкур механизмнинг жорий этилиши жиноят судлов ишини юритишда тортишув принципини самарали амалга оширишга хизмат қилади. 

Жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида дастлабки эшитув босқичини киритилиши орқали жиноят ишини умумий асосларда кўришга монелик қилаётган сабабларни тезкор бартараф этиш имкониятини берувчи қарорлар қабул қилиш жараёнида тарафларнинг тортишуви принципга сўзсиз риоя этилишига; суд муҳокамаси чоғида фақат мақбул далиллардан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратишга; жиноят процессида шахснинг конституциявий ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлашга ва унинг олдида белгиланган вазифаларни ҳал этишга эришилади. 

Хулоса қилиб айтганда суд ишларини юритишдаги мазкур босқич судларнинг адолат ва ишонч масканига айланиши, фуқароларимизнинг суд ҳимоясида бўлишларини самарали таъминлашга хизмат қилиши йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлиши тайин.

Ш.С.Исмаилов,

Жиноят ишлари бўйича Боёвут туман судининг раиси

Report Page